Мирзиёев БМТ Бош котиби билан учрашди
Бишкекда Шавкат Мирзиёев ва Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
© Foto: president.uzЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкекда ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.
Суҳбат аввалида Гутерриш Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Мирзиёев Гутерришнинг икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги шахсий ҳиссасини юқори баҳолади ҳамда БМТ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
БМТ билан ҳамкорлик
Томонлар фаол сиёсий мулоқот, ўзаро ташрифлар ва Ўзбекистоннинг БМТнинг сайланадиган органларидаги иштироки кенгайиб бораётганини қайд этди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинган.
Гутерриш Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги ютуқларини олқишлади. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди.
Мулоқотда халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва БМТнинг бўлажак қўшма тадбирлари режаси муҳокама қилинди.





