Ошаётган пенсия ёши, узаётган иш стажи, ўзгараётган ҳисоб-китоблар: пенсия тизимида қандай янгиликлар кутилмоқда?
Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Пенсия ёши ва энг кам иш стажидан тортиб, ўзини ўзи банд қилганлар тўловигача бўлган тартиб ўзгариши мумкин. Vaqt.uz барча ўзгаришларни батафсил изоҳлайди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон пенсия тизимини ислоҳ қилиш арафасида, бу борада бир қатор таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Уларда пенсия ҳисоблаш даврини узайтириш, юқори иш ҳақини кўпроқ инобатга олиш, энг кам иш стажини ошириш, пенсия ёшини босқичма-босқич кўтариш ва ўзини ўзи банд қилганларни тизимга кенгроқ жалб қилиш назарда тутилган. Бу ўзгаришлар нима учун керак ва фуқаролар учун нимани англатади?
Нега пенсия тизимини ўзгартириш зарур?
Бугун Ўзбекистонда 4,3 млн нафар пенсионер бор. Бир йилда ўртача 316 минг кишига пенсия тайинланади. Ўртача ойлик пенсия 1,6 млн сўмни ташкил этади. Сўнгги 10 йилда пенсия миқдори 3,3 баравар ошган.
Бироқ пенсионерлар сонининг кўпайиши билан тизимнинг молиявий юки ҳам ортиб бормоқда. 2025-йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 56,1 трлн сўм, харажатлари эса 77,2 трлн сўм бўлган. Орадаги 21,1 трлн сўмлик дефицит давлат бюджети трансфертлари ҳисобидан қопланган.
Пенсия жамғармасига давлат трансфертлари 2022-йилдаги 11,1 трлн сўмдан 2025-йилда 20,2 трлн сўмга етган. Прогнозларга кўра, 2040 йилга бориб бу кўрсаткич 91 трлн сўмга чиқиши мумкин.
Пенсия ҳисоблашда 5 йил эмас, 20 йил инобатга олинади
Амалда пенсия фуқаронинг сўнгги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги энг яхши 5 йилидаги иш ҳақи асосида ҳисобланади.
Таклиф этилаётган тартибда бу давр бирданига эмас, босқичма-босқич узайтирилади. Ҳар йили бир йилдан қўшиб борилиб, пенсия ҳисобланадиган давр 5 йилдан 20 йилгача етказилади.
Бу ўзгариш фуқаронинг пенсиясини меҳнат фаолиятининг қисқа бир давридаги иш ҳақига эмас, узоқроқ даврдаги даромадларига боғлаш имконини беради.
Шу билан бирга, пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси ҳам оширилади. Ҳозир бу миқдор 6 млн сўм, яъни базавий миқдорнинг 12 баравари. Таклифда уни 13 бараварга — 6,6 млн сўмга етказиш кўзда тутилган.
Ҳозир иш ҳақи 6 млн сўм ва ундан юқори бўлган фуқароларга бир хил — 3,3 млн сўм пенсия тўланиши қайд этилган. Янги тартиб эса юқори даромаднинг пенсия миқдорида кўпроқ акс этишига имкон беради.
Ҳисоб-китобларга кўра, бу ўзгаришлар натижасида ҳар йили янги тайинланадиган пенсияларнинг 8 фоизига таъсир қилади. Тахминан 25–30 минг нафар фуқаронинг пенсияси 277 минг сўмгача ошиши мумкин. Бунинг учун ҳар йили қўшимча 110 млрд сўм маблағ талаб этилади.
Ўзини ўзи банд қилганлар ҳам пенсия тизимига жалб этилади
Яна бир муҳим қисми — бугун пенсия тизимидан тўлиқ фойдалана олмаётган ўзини ўзи банд қилган ва норасмий меҳнат қилаётган аҳолини қамраб олиш. Ўзбекистонда 15,7 млн нафар иқтисодий фаол аҳоли бор. Шундан 8,6 млн нафари расмий банд, 1,4 млн киши хорижда ишлайди, 4,9 млн киши эса норасмий банд.
Ўзини ўзи банд қилганлар сони 2,9 млн нафарни ташкил этади. Уларнинг 2025 йилда 860 минг нафари, яъни 30 фоизи, ихтиёрий ижтимоий солиқ тўлаган.
Ҳозир ўзини ўзи банд қилган шахс йиллик 412 минг сўм ижтимоий солиқ тўласа, унга бир йиллик иш стажи ҳисобланади. Таклифда эса бу тўловни мажбурий қилиш ва уни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш кўзда тутилмоқда.
Тўлов миқдори 2033 йилга бориб 3 базавий ҳисоблаш миқдори — 1,2 млн сўмгача оширилиши режалаштирилган. Тўловнинг 10 фоизи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ўтказилади.
Шунингдек, расмий ишламайдиган оила аъзолари учун ҳам ихтиёрий ижтимоий солиқ тўлаш имконияти берилиши таклиф қилинмоқда. Бунда жами 7 йилгача тўлов қилиш, ойига 152 минг сўм ёки энг кам иш ҳақининг 12 фоизи — 271 минг сўм миқдорида тўлов қилиш вариантлари кўрсатилган.
Пенсия учун энг кам стаж 7 йилдан 15 йилга чиқади
Ҳозир пенсия тайинлаш учун камида 7 йил иш стажи талаб қилинади.
Таклиф этилаётган ислоҳотда бу кўрсаткич 8 йил давомида ҳар йили бир йилдан оширилиб, 15 йилга етказилади.
Бу ерда асосий мақсад — аҳолини расмий ишлашга ва меҳнат стажини шакллантиришга рағбатлантириш.
Ҳисоб-китобларга кўра, иш стажи 15 йилдан кам бўлган фуқароларни расмий ишлашга жалб қилиш натижасида 2031 йилда 16 минг, 2032 йилда 29 минг, 2034 йилда 38 минг нафар фуқарони қамраб олиш мумкин.
Пенсия ёши ҳам оширилади
Ислоҳотнинг энг кўп муҳокама қилиниши мумкин бўлган қисми — пенсия ёшини ўзгартириш. Тақдимотда бу таклиф аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги ортиб бораётгани билан изоҳланган. Эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 1993 йилда 65 ёш бўлган бўлса, 2025 йилда 73 ёш, 2040 йилда 75 ёш бўлиши прогноз қилинмоқда. Аёлларда бу кўрсаткич мос равишда 70, 77 ва 81 ёшни ташкил этади.
Шу билан бирга, пенсия олиш даври ҳам узаймоқда. Эркакларда бу давр 1993 йилдаги 5 йилдан 2025 йилда 13 йилга, 2040 йилда 15 йилга етиши кутилмоқда. Аёлларда эса 15 йилдан 22 йилга, кейинчалик 26 йилга ошиши прогноз қилинган.
Шу сабабли пенсия ва нафақа ёшини бирданига эмас, ҳар йили 3 ойдан босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, эркаклар учун амалдаги 60 ёшлик пенсия ёши 2038 йилга бориб 63 ёшга, аёллар учун 55 ёшлик пенсия ёши 2058 йилга бориб 63 ёшга етказилиши мумкин.
Нафақа ёши ҳам эркакларда 65 ёшдан 68 ёшга, аёлларда 60 ёшдан 68 ёшга оширилиши таклиф қилинмоқда.
Пенсияга кечроқ чиқса, тўлов ҳам юқорироқ бўлади
Янги ёндашувда фуқаронинг пенсияга чиқишни кечиктириши ҳам рағбатлантирилади.
Агар пенсияга чиқиш 6 ойга кечиктирилса, пенсия ҳисобида инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси 7,1 млн сўм, 12 ойга кечиктирилса, 7,6 млн сўм бўлиши кўзда тутилган.
Умуман, таклифлар амалга оширилса, пенсия миқдори 8–15 фоизга ошиши кутилмоқда.
Пенсия жамғармасининг вазифаси ҳам ўзгаради
Ислоҳот фақат пенсия олиш шартларига эмас, тизимнинг ўзи қандай молиялаштирилишига ҳам дахл қилади. 2025 йилда Пенсия жамғармаси зиммасига тушган, ижтимоий солиқ билан бевосита боғлиқ бўлмаган харажатлар 21 трлн сўмни ташкил этган. Улар орасида бола парвариши, ҳарбий хизмат, олий таълим даври, устама ва қўшимчалар ҳамда минимал истеъмол харажатлари билан боғлиқ тўловлар бор.
Таклифга кўра, бундай харажатларнинг бир қисми Пенсия жамғармасидан республика бюджетига ўтказилади. Натижада Пенсия жамғармаси асосан пенсия тўловларини молиялаштиришга ихтисослашади.
Вазирлик тақдимотида Германия, Япония, Швеция ва Россияда ҳам айрим ижтимоий харажатларни бюджет ҳисобидан қоплаш тажрибаси борлиги келтирилган.
2027 йилдан Пенсия жамғармаси бюджети баланслаштирилиши кўзда тутилмоқда.
Ислоҳотнинг асосий саволи — адолат ва барқарорлик ўртасидаги мувозанат
Таклифларнинг барчасини бир нуқтада бирлаштириш мумкин: давлат пенсия тизимида кўпроқ расмий ишлаш, кўпроқ стаж тўплаш ва пенсияни меҳнат фаолиятига яқинроқ боғлашни рағбатлантирмоқчи.
Бир томонда, юқори иш ҳақи олган фуқаролар учун ҳисоблаш чегараси оширилиб, пенсияси кўпайиши мумкин. Ўзини ўзи банд қилганларга эса иш стажини шакллантириш имконияти кенгайади.
Бошқа томонда эса энг кам стажнинг 15 йилгача оширилиши ва пенсия ёшининг 63 ёшгача кўтарилиши фуқаролардан меҳнат бозорида узоқроқ қолишни талаб қилади.
Шунинг учун пенсия ислоҳотининг моҳияти фақат «пенсия ёши ошадими?» деган савол билан чекланмайди. Асосий масала — тизим келгуси йилларда миллионлаб пенсионерларни қандай молиялаштиради ва фуқаронинг бутун меҳнат фаолияти унинг келажакдаги пенсиясида қай даражада акс этади.
Teglar






