Logo

Solfy ва Миллий банк можароси: инвестор Ўзбекистонга қарши 100 млн долларлик даъво киритди

Bugun 12:252 daqiqa

Даъво Миллий банк билан фоизсиз муддатли тўлов карталари лойиҳаси атрофида юзага келган можаро билан боғлиқ. 100 млн доллар ҳозирча Ўзбекистон тўлаши белгиланган товон эмас, балки инвестор талаб қилаётган компенсация миқдори ҳисобланади.

Solfy ва Миллий банк можароси: инвестор Ўзбекистонга қарши 100 млн долларлик даъво киритди © sun'iy intelekt

Россиянинг «Сбербанк»ида собиқ биринчи раис ўринбосари бўлган Максим Полетаев ва Solfy Rus Ўзбекистонга қарши Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказга — ICSID’га ариза киритди. Бу ҳақда Global Arbitration Review хабар берди.

Даъвогарлар Ўзбекистондан 100 млн доллар компенсация талаб қилмоқда. Иш Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида 2013 йилда имзоланган инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимга асосланган. Ҳужжат 2014 йил 14 январдан кучга кирган.

Россия ICSID ҳақидаги Вашингтон конвенциясини имзолаган, бироқ ратификация қилмаган. Шу сабабли даъво марказнинг Қўшимча механизми қоидалари асосида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Полетаевнинг халқаро юридик маслаҳатчиси Amsterdam & Partners Ўзбекистон инвесторлар билан адолатли муносабатда бўлиш, уларнинг мулкини ноқонуний олиб қўймаслик, камситмаслик ва маблағларни эркин ўтказиш бўйича мажбуриятларини бузганини даъво қилмоқда.

Бироқ бу айбловлар ҳозирча фақат даъвогар томоннинг позицияси ҳисобланади. Арбитраж Ўзбекистоннинг битимни бузганини тасдиқлагани ёки мамлакат зиммасига 100 млн доллар тўлаш мажбуриятини юклагани йўқ.

Solfy Ўзбекистон бозорига 2020 йилда кирган. Компания 2021 йилда Миллий банк билан фоизсиз муддатли тўлов карталарини чиқариш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган. Лойиҳа доирасида банк молиялаштиришни, Solfy эса технология, маркетинг ва савдо ҳамкорларини жалб қилишни таъминлаши керак эди.

Карталар 2022 йилдан чиқарила бошланган. Дастлаб томонлар бир неча йил ичида 1 млндан ортиқ карта чиқариш ҳамда мамлакатдаги йирик чакана савдо корхоналарининг ярмидан кўпини ҳамкорлик тармоғига улашни режалаштирган эди.

Кейинчалик томонларнинг муносабатлари ёмонлашиб, низо Ўзбекистон судларига кўчган. Маҳаллий судлар Solfy CA’дан Миллий банк фойдасига 21,32 млрд сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган. Шундан 19 млрд сўмдан ортиғи асосий қарз ҳиссасига тўғри келади.

Миллий банк кейинчалик ушбу қарорларни Англияда ҳам ижро эттириш жараёнини бошлади. Банкнинг британиялик юристлари ундириладиган маблағни қарийб 1,32 млн фунт стерлингга баҳолаган.

Можаро фонида 27 март куни Solfy’нинг Ўзбекистондаги раҳбари Ўктам Хасанов ҳибсга олинган. Унга қарийб 17 млрд сўмни ўзлаштириш ёки растрата қилиш билан боғлиқ айблов қўйилган.

Инвестор вакиллари Хасановнинг ҳибсга олинишини тижорий низода Solfy’га босим ўтказиш воситаси деб ҳисобламоқда. Улар арбитраждан Хасановни озод қилишга қаратилган вақтинчалик чораларни ҳам сўрамоқчи.

Миллий банк эса босим ҳақидаги айбловларни рад этган. Банк бу тижорий ва ҳуқуқий низо эканини, Ўзбекистон судларининг қарорлари якуний кучга кирганини билдирган. Шунингдек, Хасанов бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Миллий банкдан ташқари яна тўққиз нафар шахс мурожаат қилганини маълум қилган.

Teglar

Mavzuga oid

Solfy ва Миллий банк можароси: инвестор Ўзбекистонга қарши 100 млн долларлик даъво киритди | Vaqt.uz