Logo

Ўзбек маҳсулотлари Costco орқали АҚШ бозорига чиқиши мумкин

Bugun 19:552 daqiqa

Costco вакиллари ўзбек майизининг сифатини юқори баҳолади. Томонлар қуруқ ва янги мевалардан тортиб, текстиль ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларигача етказиб бериш имкониятларини муҳокама қилди.

Ўзбек маҳсулотлари Costco орқали АҚШ бозорига чиқиши мумкин © The Mirror

Ўзбекистон маҳсулотларини АҚШнинг йирик савдо тармоқларидан бири — Costco орқали Америка бозорига олиб чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон бош консули Ахрор Бурхонов Costco Wholesale компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва ҳунармандчилик соҳаларидаги экспорт салоҳияти тақдим этилди.

Учрашув давомида АҚШ бозорига олиб киришга рухсат этилган олий навли ўзбек майизи ва қуритилган ўрик намуналари Costco вакилларига кўрсатилди. Компания вакиллари ўзбек майизининг сифати ва ташқи кўринишини юқори баҳолаб, уни савдо тармоғида сотувга чиқариш учун зарур чораларни кўришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар, шунингдек, писта, грек ёнғоғи, бодом, голубика, гилос, узум, анор ҳамда бошқа янги ва қуритилган меваларни АҚШга етказиб бериш истиқболларини муҳокама қилди.

Текстиль ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳам кўриб чиқилди

Учрашувда ўзбекистонлик экспортчиларни АҚШдаги қадоқлаш ва маркировкалаш корхоналари билан боғлаш масаласи ҳам кўтарилди. Шунингдек, келгуси йил февраль ойида ўтказиладиган маҳсулотлар тақдимотида Ўзбекистон компанияларининг иштирокини таъминлаш бўйича кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, ўзбек текстили, миллий кулолчилик буюмлари, идиш-товоқ ва қўл меҳнати асосида тайёрланган декоратив маҳсулотларни Costco орқали сотиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Costco вакиллари рақобатбардош маҳсулотлар аниқланган тақдирда, уларни компаниянинг глобал харид жамоаларига тақдим этишдан манфаатдор эканини билдирди.

Қайд этилишича, учрашув давомида эришилган келишувлар ўзбек маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги иштирокини кенгайтириш ва экспорт йўналишларини диверсификация қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Costco — АҚШда ташкил этилган Costco Wholesale Corporation компаниясининг савдо тармоғи бўлиб, асосан омбор-дўконлар орқали маҳсулотларни катта ҳажмда сотади. Компания 14 та мамлакатда фаолият юритади.

Teglar

Mavzuga oid