Ўзбекистон Ҳиндистон компанияларига 3,4 миллиард долларлик энергетика лойиҳаларини таклиф қилди
Лойиҳалар гидроаккумуляция ва иссиқлик электр станциялари, шунингдек, юқори кучланишли электр тармоқларини қуришни ўз ичига олади.
© o'zbekiston 24Ўзбекистон Ҳиндистон компанияларини умумий қиймати $3,4 млрд бўлган бешта истиқболли энергетика лойиҳасида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда энергетика вазири Шерзод Хўжаев Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда пудратчи сифатида фаолият юритаётган ҳинд компанияларининг лойиҳалар портфели $2 млрддан ортиқни ташкил этади. Энди уларни нафақат лойиҳаларни амалга оширишга, балки инвестор сифатида ҳам жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Таклиф этилган лойиҳалар энергетиканинг турли йўналишларини қамраб олади. Улар орасида юқори кучланишли электр узатиш линиялари, гидроэлектр станциялари ва иссиқлик электр станцияларини қуриш бор. Ҳозирда мазкур лойиҳалар бўйича изланиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида гидроаккумуляция электр станциялари, Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станцияси қуриш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Тошкент ва Наманган вилоятларини Қамчиқ довони орқали боғлайдиган юқори кучланишли магистрал тармоқ, шунингдек, Навоий вилоятидан Тошкент вилоятигача юқори кучланишли электр узатиш линиясини қуриш кўзда тутилмоқда.
Маҳаллийлаштиришга эътибор қаратилади
Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллийлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилади. Шерзод Хўжаевнинг таъкидлашича, ишчи кучининг асосий қисмини ўзбекистонлик мутахассислар ташкил этиши керак.
Шунингдек, лойиҳалаш ишларининг камида 50%и маҳаллий компаниялар томонидан бажарилиши, маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улуши эса 70%ни ташкил этиши белгиланган.
“Уларда ноу-хау бор, бизда эса бундай мегалойиҳаларни бошқариш бўйича жамоалар ҳали тўлиқ шаклланмаган. Шу сабабли уларнинг асосий ёрдами айнан шу йўналишларда бўлади”, — деди Хўжаев.





