Ўзбекистон ТИВ Латвиянинг виза чекловлари бўйича изоҳ берди
Аввалроқ Латвия ўзбекистонликларга виза беришни вақтинча тўхтатиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Латвия Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча чеклаш таклифига муносабат билдирди.
ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг айтишича, таклиф ҳақидаги хабарлар тарқалиши билан Ўзбекистон ТИВи дипломатик чораларни бошлаган. Ригадаги элчихона Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари ҳамда Президент администрацияси вакиллари билан музокаралар ўтказган.
Шунингдек, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан мулоқот қилган. Ўзбекистон томони таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири бўйича ўз позициясини билдирган.
«Кўрилган [дипломатик] чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини илгари сурди», — деди ТИВ матбуот котиби. У Ўзбекистон Латвия билан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва миграция соҳаларидаги муносабатларни юксак қадрлашини таъкидлади.
Ватандошларга мурожаат
ТИВ хорижда бўлган ёки чет элга чиқишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини борган мамлакатларининг қонунларига қатъий риоя қилишга чақирди. Вазирлик миллий урф-одат ва анъаналарни ҳурмат қилиш ҳамда ўз хатти-ҳаракатларига масъулият билан ёндашиш зарурлигини таъкидлади.
«Айрим шахслар содир этадиган ҳуқуқбузарликлар нафақат уларнинг ўзларига, балки хорижда қонуний асосда ўқиётган, ишлаётган, саёҳат қилаётган ёки яшаётган бошқа ватандошларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди Файзиев.
Эслатиб ўтамиз, Латвия ички ишлар вазири Янис Домбрава 29 сентябрь куни Ўзбекистон фуқароларига виза беришни муайян муддатга тўхтатиб туришни таклиф қилганди. У бунга Латвияга келган айрим Ўзбекистон фуқаролари томонидан, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар содир этилганини сабаб қилиб келтирган.
Вазирнинг таклифи Латвияга жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шахсларнинг кириб келиш эҳтимолини камайтиришга қаратилган. Бироқ мазкур масала ҳукумат йиғилиши кун тартибига киритилмаган.
Маълумот учун, 4-сентабр куни Латвиянинг Елгава шаҳридаги болалар майдончасида вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий характердаги ҳаракатларда гумонланган 1987 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган эди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 6-сентабр куни суд қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.





