Logo

Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқи асосида ишлайдиган рақамли технологиялар маркази ташкил этилади

Bugun 18:342 daqiqa

Сенат Enterprise Uzbekistan халқаро рақамли технологиялар маркази тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу — инглиз ҳуқуқи амал қиладиган, 2100 йилгача солиқ таътиллари жорий этилган ва бизнес учун махсус тартибга эга ҳудуд.

Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқи асосида ишлайдиган рақамли технологиялар маркази ташкил этилади

Олий Мажлис Сенати томонидан «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонун маъқулланди. Бу ҳақда Сенатнинг 18-ялпи мажлиси муҳокамалари давомида маълум қилинди.

Сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссияси манфаатдор органлар вакиллари иштирокида қайта ишлаб чиққан мазкур ҳужжат IT-park ҳудудида «Enterprise Uzbekistan» халқаро марказини яратишни кўзда тутади.

«Конституциявий қонун билан республикамиз ИТ-парк ҳудудида инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида фаолият юритувчи «Enterprise Uzbekistan» рақамли технологиялар халқаро марказининг ҳуқуқий пойдевори яратиб берилади», — дейилади расмий хабарда.

Имтиёзлар ва IT-гигантларининг жалб қилиниши

Қонунга мувофиқ, марказда мослашувчан солиқ ва божхона режими, шунингдек, айрим фаолият турлари бўйича солиқлардан озод қилиш ҳамда асбоб-ускуналар ва технологияларни олиб киришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Марказ иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш учун ягона дарча яратилиши ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланмоқда.

Мазкур ҳужжат хорижий инвесторларнинг мулкий ва интеллектуал ҳуқуқларини халқаро стандартлар даражасида кафолатлайди.

«Бунинг натижасида эса Apple, Google, Microsoft, Amazon каби дунёнинг энг йирик трансмиллий IT-гигантларини тўғридан-тўғри юртимизга кириб келишига ҳуқуқий асос яратади», — дея таъкидланади муҳокама жараёнида.

Бундан ташқари, марказни ташкил этиш, унинг чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарув ва асосий мансабдор шахсларни тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда қарорларига асосан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида 2030 йилга қадар Ўзбекистонда рақамли хизматлар экспортини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, иқтисодиётда 300 мингдан ортиқ юқори даромадли янги иш ўринлари яратилиши маълум қилинди. Сенаторларнинг фикрича, қонун ИТ соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини оширишга ва рақамли секторга хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқи асосида ишлайдиган рақамли технологиялар маркази ташкил этилади | Vaqt.uz