Ўзбекистонда янги университетлар очилмайди: вазир сабабини айтди
Олий таълим вазирининиг фикрича, мавжуд университетлар қуввати етарли.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов Ўзбекистонда ҳозирча янги университетлар очишга эҳтиёж йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Вазирнинг айтишича, мавжуд ОТМлар қуввати меҳнат бозори эҳтиёжини қоплаш учун етарли.
«Университетлар сонини номига ошириб боравериш керак эмас. Ҳозир 56,7 баллдан юқори натижа олганларнинг барчаси олий таълимга киряпти. Бу — 256 мингдан ортиқ ёш дегани. 56,7 баллдан паст натижа олганларни ҳам мавжуд университетларимиз қуввати қабул қилиб, ўқита олади. Бугун янги университет очишга эҳтиёж йўқ деб ҳисоблайман. Чунки у сифатсиз таълим берадиган университетга айланиб қолиши мумкин», — деди вазир.
Шариповнинг фикрича, янги ОТМ очиш ўрнига касбий таълимга кўпроқ эътибор бериш зарур.
Касбий таълимга эътибор
Вазир ўрта бўғин мутахассисларига талаб юқорилигини айтди. Шу сабаб бу йил 100 та техникумни халқаро даражага олиб чиқиш режалаштирилган.
«Уларни битирган ёшлар нафақат Ўзбекистонда, балки 70 дан ортиқ давлатда дипломи асосида ишлаши мумкин», — деди Шарипов.
Унинг сўзларига кўра, айрим касбларда маош олий маълумотли мутахассисларникидан ҳам юқори. Жумладан, ҳайдовчи ва пайвандчиларга халқаро бозорда камида 1500 доллар таклиф қилинмоқда.
Вазирнинг айтишича, касбий таълимни тугатган ёшлар кейинчалик суҳбат асосида олий таълимга кириб, иккинчи курсдан ўқишни давом эттириши мумкин.





