Logo

Ўзбекистонликлар ҳамон ёқилғи ва коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда

Kecha 20:103 daqiqa

Октябр ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан ошди. Нархлар ошишидан энг кўп маиший хизматлар соҳасида фаолият юритувчилар хавотир билдирган.

Ўзбекистонликлар ҳамон ёқилғи ва коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда © Ijtimoiy tarmoqlar

2026-йил октябр ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари 9,1 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,4 фоиз бандга кўтарилди. Тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари эса 0,7 фоиз бандга камайиб, 8,5 фоиз даражасида шаклланди. Бу ҳақда Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган анъанавий сўровномаси натижаларида келтириб ўтилган.

Маълумотларга кўра, сўровларда 3 500 нафар аҳоли ва 1 675 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этган.

Асосий омиллар сақланмоқда

Марказий банк шарҳига кўра, аҳоли фикрича, нархлар ўсишига таъсир қилувчи асосий омиллар орасида ёқилғи-энергия ресурслари ҳамда коммунал хизматлар нархларининг ошишига оид хавотирлар етакчилик қилмоқда. Бироқ бу омилларни қайд этган респондентлар улуши ўтган ойларга нисбатан сезиларли даражада камайган.

Шу билан бирга, монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши ҳамда асосий озиқ-овқатларнинг қимматлашиши ҳам инфляция таъсир кўрсатадиган асосий омиллар қаторидан жой олган.

1

manba: markaziy bank

Транспорт харажатларининг ошиши ва валюта курсининг ўзгаришидан хавотир билдирганлар сони ўтган ойга нисбатан кўпайган.

Тадбиркорлар ҳам ёқилғи-энергия ресурслари нархининг ошишини инфляцион кутилмаларга энг кўп таъсир кўрсатувчи омил сифатида қайд этган. Шунингдек, хомашё ва коммунал хизматлар қимматлашиши ҳам инфляцияга таъсир қилувчи қўшимча омиллар сифатида кўрсатилган.

Бироқ мазкур омилларни кўрсатган респондентлар улуши аввалги ойларга нисбатан сезиларли камайган.

2

manba: markaziy bank

Соҳалар ва ҳудудлар кесимидаги фарқлар

Аҳоли гуруҳлари орасида энг юқори инфляцион кутилмалар маиший хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан билдирилган бўлса, энг паст кўрсаткич талабалар ҳиссасига тўғри келган.

3

manba: markaziy bank

Тадбиркорлар кесимида эса энг юқори кутилмалар ҳунармандчилик ва ташиш хизматлари соҳаларида қайд этилган. Илм-фан ва таълим хизматларида энг паст даража кузатилган.

4

manba: markaziy bank

Ҳудудий жиҳатдан қаралганда, инфляцион кутилмаларнинг энг юқори кўрсаткичлари аҳоли ва тадбиркорлар орасида Тошкент шаҳрида, энг паст кўрсаткичлар эса Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган.

5

manba: markaziy bank

Даромад ва инфлация боғлиқлиги

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳолининг даромад даражаси инфляцион кутилмаларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Октябр ойида ўтказилган сўров натижалари юқори даромадли аҳоли қатлами орасида инфлация бўйича хавотирлар нисбатан юқорироқ эканини кўрсатди.

Хусусан, ойлик даромади 30 млн сўмдан юқори бўлган респондентларда инфляцион кутилмалар 13,6 фоизни ташкил этган бўлиб, бу умумий ўртача кўрсаткичдан юқори ҳисобланади. Шунингдек, 20–30 млн сўм даромадга эга аҳоли гуруҳида мазкур кўрсаткич 12,9 фоизга етган.

Пастроқ даромадли аҳоли қатламларида эса инфляцион кутилмалар нисбатан барқарор шаклланган. Масалан, ойлик даромади 2–4 млн сўм бўлган аҳоли орасида бу кўрсаткич 8,8 фоизни, 2 млн сўмгача даромадга эга аҳолида эса 9,4 фоизни, даромадга эга эмаслар орасида 7,6 фоизни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ октябрда аҳоли энг кўп гўшт, сут ва ёқилғи қимматлаганини сезгани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid