Профилактика инспекторлари ортиқча вазифалардан халос этилиб, мақоми қонун билан белгиланади
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги айрим ваколатлар патрул-пост ва қўриқлаш хизматларига, жамоат тартибини сақлашдаги баъзи ваколатлар эса йўл-патрул хизматига ўтказилади.
© Foto: Daryo.uzЎзбекистонда профилактика инспекторларига хос бўлмаган 50 га яқин қўшимча вазифа бекор қилинади ва уларнинг касбий фаолиятига аралашиш, тааллуқли бўлмаган топшириқлар бериш тақиқланади. Бу ҳақда 2026 йил 29 июн куни Президент Шавкат Мирзиёевга профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тақдимот қилинган лойиҳаларда маълум қилинди.
Ишлаб чиқилган «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасига кўра, инспекторларнинг вазифалари, ҳуқуқлари, касбий кафолатлари ва ижтимоий ҳимояси аниқ белгилаб берилмоқда. Лойиҳага асосан, профилактика инспекторининг устувор мақсади аҳоли ишончига эришиш ва жиноятчиликни жиловлашдан иборат бўлади. Шунингдек, уларга айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо қўллаш ваколати кенгайтирилиб, 18 та модда бўйича маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаш имконияти яратилади.
Криминоген вазиятни баҳолашда фақат статистик кўрсаткичларни таққослаш амалиётидан воз кечилиб, асосий мезон сифатида аҳоли ишончи, ҳуқуқбузарликларнинг қайта содир этилиши ва хавф гуруҳидаги шахслар билан ишлаш натижадорлиги олинади. Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари фаолияти «аҳолига хизмат кўрсатувчи тизим» тамойили асосида баҳоланади.
Бунинг учун профилактика инспекторлари, йўл-патрул, патрул-пост ва қўриқлаш хизматлари вазифалари ягона тизимга бирлаштирилади. Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги айрим ваколатлар патрул-пост ва қўриқлаш хизматларига, жамоат тартибини сақлашдаги баъзи ваколатлар эса йўл-патрул хизматига ўтказилиши кўзда тутилмоқда.
Инспекторларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш доирасида ҳокимликларга уларни хизмат хонаси ва уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юклатилади. Фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиб, узоқ йил хизмат қилган ходимларга пенсия таъминоти бўйича қўшимча кафолатлар берилади. Маълумот учун, бугунги кунда мамлакатдаги 9 мингга яқин маҳаллада 10 мингдан ортиқ профилактика инспектори хизмат қилмоқда.
Жамоат хавфсизлиги тизимида кадрлар тайёрлаш трансформация қилинади
Соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш мақсадида Жамоат хавфсизлиги университетини трансформация қилиш, кундузги таълим квотасини 600 нафаргача, масофавий таълимни эса 300 нафаргача ошириш таклиф этилди. Университетда янги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти» йўналиши ташкил қилиниб, хавф-хатар таҳлили, дрон ва робототехника, профайлинг, конфликтология, очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда рақамли таҳлил каби янги инновацион фанлар ўқитилади.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги академияси «таълим – тадқиқот – амалиёт» занжири асосида қайта ташкил этилади. Курсантлар янги дуал таълим матрицаси орқали «ўқиш – амалиёт – фаолият» тамойили бўйича тайёрланиб, кадрлар тайёрлашнинг таълим кластери доирасида умумий ўрта таълимдан бошлаб академиягача бўлган узлуксиз тизим йўлга қўйилади. Шунингдек, касбий таълим доирасида
Наманган ва Самарқанд техникумларида ўрта-махсус маълумотга эга офицер ва сафдорлар тайёрланади.
Тақдимот якунида давлат раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, инспекторларни ортиқча вазифалардан халос этиш, уларнинг мақоми ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, тизимни рақамлаштириш ҳамда кадрлар тайёрлашни замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.





