Logo

«Пул ҳам, уй ҳам, соч ҳам кетди» — «Real Sanjik» судидан репортаж

Bugun 21:024 daqiqa

Aвтоблогер ва тадбиркор Санжар Каримовга оид жиноят иши Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида якуний босқичга яқинлашди. 14-август куни судда тарафлар музокараси бошланди. Ҳимоя томонининг бир неча адвокати кетма-кет нутқ сўзлаб, Каримовга қўйилган учта — таҳдид, фирибгарлик ҳамда гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадида сақлаш билан боғлиқ айбловлар юзасидан эътирозларини билдирди. Адвокатлар тинтувлар қонунийлигидан тортиб, далилларнинг мақбуллиги ва жиноят таркибининг исботланган-исботланмаганигача бўлган масалаларни кўтарди.

Дастлаб музокара нутқини адвокат Абдураимов бошлади. Унинг нутқи асосан ишнинг учинчи эпизоди — гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ айблов атрофида қурилди. Ҳимоячининг айтишича, биринчи инстанция ҳукмида гиёҳвандлик воситасининг аниқ номи ва миқдори кўрсатилмаган. У буни далилларни баҳолашда жиддий камчилик, деб ҳисоблайди. Адвокат, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларининг тури, миқдори ва хусусиятларини аниқлаш учун тегишли экспертиза зарурлигини таъкидлади.

Абдураимовнинг фикрича, тинтув жараёнида ҳам бир қатор процессуал талаблар бузилган. Хусусан, тинтувда қатнашган айрим шахсларнинг воқеадаги роли, улар нималарни кўргани ва нималарга имзо қўйгани масаласида саволлар борлигини билдирди. Адвокатнинг асосий талаби — қонун бузилган ҳолда олинган далилларни номақбул деб топиш ва уларга асосланган айбловни бекор қилиш. У, шунингдек, Каримовга нисбатан ЖКнинг 112, 168 ва 273-моддалари бўйича айб етарли даражада исботланмаганини айтиб, учала эпизод бўйича ҳам оқлов сўради.

Адвокат Фозилов ҳам ЖКнинг 273-моддаси бўйича айбловга алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, Каримов гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилганини тан олмаган, қолаверса, уни бошқа бировга сотиш ёки ўтказиш мақсади бўлганини кўрсатувчи аниқ далиллар ишда мавжуд эмас. Ҳимоячи телефонлар, ёзишмалар ва бошқа маълумотлар текширилганини, бироқ Каримовнинг гиёҳвандлик воситасини кимга, қачон ёки қандай тарзда ўтказмоқчи бўлгани ҳақида далил топилмаганини билдирди.

Фозиловнинг фикрича, тинтув натижалари ҳам номақбул далил сифатида баҳоланиши керак. У 112-модда бўйича ҳам, 168-модда бўйича ҳам жиноят таркиби мавжуд эмаслигини айтиб, ишни тугатишни сўради.

Адвокат Ашуров эса ЖКнинг 112-моддаси бўйича айбловга кенгроқ тўхталди. Ҳимоячи биринчи инстанция судида Каримов ва жабрланувчи ўртасидаги суҳбатлар тўғри баҳоланмаганини таъкидлади. Унинг фикрича, кескин ва ҳақоратли иборалар автоматик равишда қотиллик ёки зўравонлик билан реал таҳдид қилиш дегани эмас. Ашуров суддан ушбу суҳбат бўйича лингвистик экспертиза ўтказиш зарурати ҳақидаги ҳимоя илтимосномаларига эътибор қаратишни сўради. Адвокатнинг таъкидлашича, таҳдиднинг реал эканини кўрсатувчи объектив ҳаракатлар — жабрланувчини излаш, таъқиб қилиш, қурол кўрсатиш ёки ҳужумга тайёргарлик каби ҳолатлар аниқланмаган. Шу сабабли у 112-модда бўйича айблов ҳам исботланмаган, деб ҳисоблайди.

Ҳимоя томонининг яна бир асосий эътирози 168-модда — фирибгарлик билан боғлиқ эпизодга тааллуқли бўлди. Адвокатлар Каримовнинг уйга эгалик қилиш учун жабрланувчиларни алдашдан олдиндан манфаатдор бўлгани исботланмаганини айтди. Уларнинг версиясига кўра, Каримов катта миқдорда пул берган ва уй гаров сифатида унинг қўлида турган. Пул қайтарилса, уй ҳам қайтарилиши керак бўлган. Шу боис ҳимоя бу муносабатларни жиноят эмас, фуқаролик-ҳуқуқий низо сифатида баҳолаш кераклигини илгари сурди.

Кейинги адвокат ҳам фирибгарлик таркиби учун муҳим бўлган саволлар — айнан қандай алдов содир этилгани, Каримовнинг олдиндан жиноят қасди бўлган-бўлмагани ва унинг ҳаракатлари билан мулкнинг ўтиши ўртасида сабабий боғлиқлик борлиги исботланганми, деган масалалар очиқ қолганини таъкидлади. Музокараларнинг энг катта қисми тинтувларга боғлиқ бўлди. Ҳимоячиларнинг айтишича, айрим объектларда тинтув ўтказиш учун асослар етарлича кўрсатилмаган. Хусусан, айрим хонадон ва нотурар жойларда ўтказилган тинтувлар бўйича қарорлар, иштирокчилар таркиби ва процессуал ваколатлар юзасидан саволлар мавжуд.

Адвокатлардан бири тинтув ўтказилган манзил бўйича қарорда кўрсатилган хонадон билан амалда тинтув ўтказилган жой ўртасида тафовут борлигини айтди. Унинг фикрича, бу ҳолат тинтув натижасида олинган далилларнинг мақбуллигига бевосита таъсир қилади. Ҳимоя, шунингдек, тинтувда иштирок этган айрим ходимлар гиёҳвандлик воситаси айнан қаердан топилганини кўрмаганини билдирганини таъкидлади. Шу сабабли, далилларнинг топилиши, қайд этилиши ва экспертизага юборилиш жараёнида процессуал узилишлар бўлганини илгари сурди. Судланучининг адвокатлари ишда харидорлар, воситачилар, ёзишмалар, нарх келишувлари, назорат хариди, сотишга тайёрланган алоҳида дозалар ёки гиёҳвандлик воситаларини сотишга тайёргарликни кўрсатувчи бошқа объектив далиллар мавжуд эмаслигини айтди. Шу нуқтадан келиб чиқиб, ҳимоя Каримовнинг ҳаракатлари 273-модданинг иккинчи қисми билан эмас, бошқа ҳуқуқий норма билан баҳоланиши кераклиги ҳақидаги муқобил позицияни ҳам билдирди.

Музокаранинг якуний қисмида адвокатлар экспертиза масаласига ҳам қайтди. Ҳимоя фикрича, экспертиза топилган модданинг хусусиятларини аниқлаши мумкин, бироқ тинтувнинг қонуний ўтказилган-ўтказилмагани, объектга қонуний кирилганми, процессуал ваколатга эга шахслар қатнашганми ёки далилларни сақлаш занжири бузилганми — буларни экспертиза ҳал қилмайди. Шу сабабли, агар тинтув жараёнининг ўзи жиддий қонунбузарликлар билан ўтказилган деб топилса, ундан кейинги экспертиза хулосаси ҳам айблов учун асос бўла олмайди, деган позиция билдирилди.

Музокаралар якунида ҳимоя томони Тошкент шаҳар судининг биринчи инстанцияси томонидан чиқарилган ҳукмни бекор қилиш, тинтувлар натижасида олинган далилларни номақбул деб топиш ҳамда Санжар Каримовга қўйилган айбловлар бўйича жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

Судда 17-августгача танаффус эълон қилинди.

 

Оператор ва монтажчи: Мироқил Хайруллаев

Teglar

Baxtiyor To‘xtayev

Baxtiyor To‘xtayevMaqolalar soni: 38

Barchasi

Mavzuga oid