Logo

Қаҳрамон Қуронбоев янги лавозимга тайинланди

Bugun 16:141 daqiqa

Маҳаллалар уюшмасининг собиқ раиси Вазирлар Маҳкамасига ишга ўтди.

Қаҳрамон Қуронбоев янги лавозимга тайинланди © gov.uz

Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси собиқ раиси Қаҳрамон Қўчқорович Қуронбоев Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Жорий йилнинг 5 сентябр куни Қуронбоев Маҳаллалари уюшмаси раиси лавозимидан озод этилганди.

Маълумот учун, Қаҳрамон Қўчқорович Қуронбоев 1970 йил 20 февралда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. 1992 йилда Тошкент давлат университетини, 2004 йилда эса Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Сиёсатшунослик фанлари доктори ҳисобланади. У ўз меҳнат фаолияти давомида асосан ёшлар сиёсати, маънавият ва давлат бошқаруви тизимида юқори лавозимларда ишлаган. Хусусан, 1997–2008 йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари бўлган. Кейинчалик Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Давлат бошқаруви академиясида маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор, шунингдек, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари (2013–2015) вазифаларида меҳнат қилган.

Шу билан бирга, Қуронбоев Вазирлар Маҳкамаси шўъба мудири, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси (2017–2019) сифатида фаолият юритган.

Маҳаллалар уюшмасига ўтгунига қадар, яъни 2019 йилдан 2024 йилгача у Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, шунингдек, Президент Администрациясининг Ёшлар сиёсати департаменти раҳбари лавозимларида ишлаган.

Teglar

Mavzuga oid