Logo

Қашқадарё йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиши айтилди

Bugun 13:225 daqiqa

Давлат раҳбари вилоятдаги учрашувда туман ҳокимлари ва банклар «билимга – рағбат, меҳнатга – имконият, ташаббусга – мадад» берадиган муҳит яратса, Қашқадарё бир-икки йилда энг илғор ҳудудлар қаторига чиқиши мумкинлигини таъкидлади. Вилоятда 2026-йил тугагунигача камбағаллик ва ишсизликни бартараф қилиш учун аниқ ҳисоб-китоблар борлиги урғуланди. Қайси лойиҳаларга қанча пул берилгани, қайси ҳудудда камбағал оила ҳам, ишсиз аҳоли ҳам қолмагани айтилди.

Қашқадарё йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиши айтилди © president.uz

Қашқадарё вилояти 2026-йилнинг якунига қадар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби маълум қилди.

Унинг ёзишича, давлат раҳбари бу натижага эришиш учун аниқ ҳисоб-китоблар мавжудлигини қайд этган.

«Кеча вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида бўлган ўзгаришларни кўриб, тадбиркор, инвестор, ёшларнинг кўзларидаги шижоатни кўриб, жуда катта куч олдим», — деган президент.

Қашқадарёда йилнинг тўққиз ойида саноат 8,4 фоиз, хизматлар 16,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,9 фоизга ўсгани айтилди. Шу билан бирга, давлат раҳбари ҳозирги натижалар билан вилоятнинг мавжуд салоҳияти ўртасида ҳали катта фарқ борлигини кўрсатиб ўтди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари бўйича вилоят республикада еттинчи, хизматлар бўйича тўққизинчи, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ҳажми бўйича ўн биринчи ўринда. Президент туман ҳокимлари ва банклар «билимга – рағбат, меҳнатга – имконият, ташаббусга – мадад» берадиган муҳит яратса, Қашқадарё бир-икки йилда энг илғор ҳудудлар қаторига чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

Президент матбуот котибига кўра, саноатда янги босқичга ўтиш учун вилоятда етарли ресурс бор. Газ, электр ва ерости бойликларини даромадли иш ўринлари ҳамда юқори қўшилган қийматга айлантириш вазифаси қўйилди.

Қайд этилишича, GTL заводида қиймати 300 миллион доллар бўлган учта йирик лойиҳа тайёр. Заводдан олинадиган 430 минг тонна нафта асосида янги полимерлар ва нефт-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 1,5 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш мумкин. Деҳқонобод калий заводи қувватини 365 минг тоннадан 600 минг тоннага етказиш имконияти, кичик тоннажли кимё йўналишида эса 830 миллион долларлик 30 дан ортиқ лойиҳавий таклиф бор.

Вилоятга тайинланган лойиҳа менежери ва бошқа масъулларга 20 миллиард долларлик лойиҳалар ва 50 минг иш ўрнини қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди.

Қашқадарё саноатида йирик корхоналар атрофида кооперация занжирларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Йил якунигача Ғузор, Шўртан, Муборак, Деҳқонобод ва Нишонда олтита саноат кластери ташкил этиш, Шўртан, Муборак, Яккабоғ ва Косонда «Қашқадарё» эркин иқтисодий зонаси филиалларини очиш вазифаси қўйилди. Инфратузилма учун дастлаб 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, Хитойнинг «FM World» корхонасида йиғилаётган замонавий трактор ва қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш, мазкур корхонада агродронлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаш белгиланди.

Президент ўтган ҳафта энергетика соҳасидаги йирик инвесторларнинг ташаббусларини бирма-бир эшитганини қайд этди. «Masdar» компанияси келаси йил Қашқадарёда 300 мегаваттли қуёш электр станцияси ва 75 мегаваттли энергия сақлаш қувватини ишга туширади. Ушбу лойиҳа қиймати 250 миллион доллар.

Қарши туманида хитойлик ҳамкор иштирокида чиқиндидан электр энергияси олиш бўйича 45 мегаваттли лойиҳа якунланмоқда. Электр тармоқларини мустаҳкамлаш учун Нишон ва Кўкдалада иккита йирик подстанция қурилишига 70 миллион доллар жалб қилинади. Уларни келаси йил ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Толимаржон – Сўғдиёна йўналишидаги 245 километр янги электр тармоғига 150 миллион доллар ажратилган. Мутасаддиларга ушбу лойиҳани келаси йил якунлаш топширилди.

Қашқадарё қишлоқ хўжалигининг ўзидан қўшимча 200 минг кишини даромадли қилиш имконияти бор. Шу мақсадда Жаҳон банки билан Миср тажрибаси асосида саккизта тумандаги 100 минг гектар яйловга дронлар ёрдамида қурғоқчилик ва шўрга чидамли чорва озуқаси экиш бошланади.

Бу ишлар Нишон, Ғузор, Муборак, Кўкдала, Косон, Миришкор, Қамаши ва Деҳқонободда олиб борилади. Мазкур туманларда 10 минг бошдан йирик ва 50 минг бошдан майда шохли чорва комплексларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Импорт қилинган чорвани аҳолига сотишда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланади.

Ғузор туманида 10 минг гектар ер фойдаланишга киритилади. Ернинг ярмида пахта, қолган қисмида озуқа экинлари етиштирилади. Ерлар деҳқонларга берилиб, кластер тизими йўлга қўйилади.

Ерларни хўжалик айланмасига киритиш учун бир ҳафтада имтиёзлар пакетини ишлаб чиқиш топширилди.
Космик маълумотлар асосида Қашқадарёда фойдаланишга киритиш мумкин бўлган яна 30 минг гектар ер аниқлангани айтилди. Унинг энг катта қисми Муборак, Косон ва Кўкдалага тўғри келади. Нишон, Қамаши, Қарши, Миришкор, Ғузор, Яккабоғ, Китоб, Чироқчи ва Шаҳрисабзда ҳам қўшимча майдонлар ўзлаштирилади. Бу ишга Мисрдан ўн нафар доимий маслаҳатчи жалб этилади.

Президент вилоятда экин майдонларига сув етказиш мураккаб ва қимматга тушаётганига эътибор қаратди.
Келаси йил 265 километр канал бетонлаштирилади, 20 та насос янгиланади. Бу ишларга 550 миллиард сўм ажратилади. 2027-йилда фермерлар билан бирга 75 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилади.

Бу йил Косон, Нишон, Қамаши ва Миришкорда сиғими 50 минг куб метрдан бўлган тўртта кичик сув ҳовузи қурилди. Мазкур тажриба кенгайтирилиб, 1 июнгача Косон, Нишон, Миришкор, Қамаши ва Яккабоғнинг ҳар бирида яна иккитадан шундай ҳовуз барпо қилинади.

Давлат раҳбари Қашқадарё учун энг долзарб масалалардан бири аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш эканини таъкидлади. Жорий йил ажратилган 1 триллион сўм ҳисобидан 747 километр сув ва канализация тармоғи ҳамда 43 та иншоот қурилишини икки ойда якунлаш топширилди. Натижада 200 минг аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлади.

Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳри, Қамаши, Ғузор ва Қарши туманига тармоқ тортиш лойиҳасини бошлаш учун 100 миллиард сўм ажратилди. Яна 210 миллион доллар жалб этиб, лойиҳани сифатли амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали 350 минг аҳоли тоза сув билан таъминланади.

Нишон, Касби, Миришкор, Муборак ва Қарши туманидаги яна 700 минг аҳолининг сув таъминотини яхшилаш мақсадида Толимаржон – Муборак сув тизимини реконструкция қилиш лойиҳаси бошланмоқда. Унинг техник-иқтисодий асосларини 1 апрелгача якунлаш ва лойиҳага 150 миллион доллар жалб этиш режалаштирилган.

Қашқадарёда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади. Осиё тараққиёт банки билан А-380 автомобил йўлининг вилоятдан ўтувчи 100 километр қисмини реконструкция қилиш бошланади. Лойиҳа қиймати 350 миллион доллар.

Қарши шаҳрининг айланма йўли 5,5 километрга узайтирилиб, мазкур магистралга уланади. Масъулларга техник-иқтисодий асосларни шу йил якунлаб, январдан қурилишга киришиш топширилди.

«Қарши – Помуқ» ва «Ғузор – Бейнау» йўлларидаги темирйўл кесишмаларида поезд ўтаётган вақтда катта тирбандлик юзага келмоқда. Бу жойларда қиймати 250 миллиард сўм бўлган иккита замонавий йўл ўтказгич қурилади.

Йиғилишда Қамаши туманидаги Чим маҳалласи замонавий маҳалла қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб бергани айтилди. У ерда 640 ўринли мактаб, 240 ўринли боғча қурилган, оилавий поликлиника жиҳозланган. Янги маҳалла биноси, ёшлар маркази, спорт мажмуаси ва истироҳат боғи барпо этилган.

Энг муҳими, маҳаллада камбағал оила ҳам, ишсиз аҳоли ҳам қолмагани таъкидланди. Президент келгуси йил Мустақиллик байрамигача ушбу тажриба асосида ҳар бир туманда иккитадан замонавий маҳалла марказини ташкил этиш вазифасини қўйди.

Миришкор туманида ҳам Чим тажрибаси қўлланади. Бу ерда 20 гектарда лимончилик иссиқхоналари, яна 30 гектарда интенсив балиқчилик хўжалиги ва 50 гектарда бодом боғи ташкил этилади.

Баҳорда ижарага берилган ерларнинг 8 минг гектарида интенсив боғлар, 3 минг гектарида иссиқхоналар барпо этилади. Қолган 11 минг гектарда кооперация асосида юқори даромадли экинлар етиштирилади. Мутасаддиларга ҳар бир туманда бу ишларни бошлаш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда тадбиркор ва ёзувчилар тақдирлангани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid