Тил байрами кунида тарихий қарор: ўзбек алифбосини такомиллаштириш қонуни имзоланди
Алифбо масаласи кеча ёки бугун пайдо бўлган баҳс эмас. Қарийб ҳар сафар бу мавзу кўтарилганда жамият яна иккига бўлинар, таклифлар муҳокама қилинар, аммо якуний қарор ортга суриларди.

2023-йил 11-декабрда жадидлар меросига бағишланган халқаро конференцияда ҳам бу масала очиқ кўтарилган эди. Ўшанда алифбо борасидаги узоқ йиллик баҳсларга нуқта қўйиш вақти келгани айтилганди.
Орадан уч йилга яқин вақт ўтиб, бу масала ҳуқуқий ечимини топди. Президент Шавкат Мирзиёев лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонунни имзолади.
Эътиборли томони, гап бутунлай янги алифбо ҳақида кетаётгани йўқ. Мавжуд алифбо амалиётда тўпланган тажриба ва бугунги эҳтиёжлар асосида такомиллаштирилди.
Яна бир муҳим жиҳат бор. Ўзгариш одамларга қўшимча ташвиш ва бирданига катта харажат олиб келмаслиги кераклиги ҳам ҳисобга олинган. Шу сабабли амалдаги ҳужжат, дарслик ва бошқа материалларни зудлик билан алмаштириш талаб қилинмайди. Улар ўз муддатини ўтайди ва навбатдаги янгиланишда такомиллаштирилган алифбога мослаштирилади.
Шу тариқа, йиллар давомида баҳс қилиниб келган масала яна кейинги авлод зиммасига қолдирилмади. У бўйича аниқ қарор қабул қилинди.





