Logo

Қирғизистонда «Telegram», «Pinduoduo» ва яна 9 та йирик сервис блокланиши мумкин

Bugun 21:232 daqiqa

Давлат солиқ хизмати мажбурий солиқ рўйхатидан ўтмаган 11 та йирик хорижий компанияни блоклаш билан огоҳлантирди.

Қирғизистонда «Telegram», «Pinduoduo» ва яна 9 та йирик сервис блокланиши мумкин © SI asosida yaratilgan

Қирғизистон Давлат солиқ хизмати «Pinduoduo», «Telegram», «Microsoft» ва яна саккизта йирик хорижий IT ҳамда савдо сервисларини мамлакат ҳудудида блоклаш билан огоҳлантирди. Бунга ушбу компанияларнинг электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий шахс сифатида мажбурий солиқ рўйхатидан ўтиш талабларини эътиборсиз қолдираётгани сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда 18 август куни «Economist.kg» нашри хабар берди.

Солиқ хизмати ва тижорат банкларининг қўшма таҳлиллари натижасида Қирғизистонда катта миқдордаги пул айланмаларига эга бўлган, бироқ ҳалигача ҳисобга турмаган 11 та йирик ташкилот аниқланган. Мазкур қора рўйхатдан «Alibaba Group» («1688»), «VK», «Valve», «Sony Interactive Entertainment», «Epic Games», «Electronic Arts», «Twitch» ва «Dropbox» каби таниқли платформалар ҳам жой олган.

Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар бошқа 73 та хорижий компания солиқ рўйхатидан муваффақиятли ўтиб, қонуний асосда ишламоқда.

Миллиардлаб транзакциялар ва эҳтимолий чекловлар

Статистик маълумотларга кўра, фақатгина 2024–2025 йиллар давомида Қирғизистон фуқаролари томонидан мазкур 11 та компания ҳисобига жами 13,2 миллиард сомдан зиёд (қарийб 15,9 миллионта транзакция) маблағ ўтказилган.

Энг кўп пул ўтказмалари қуйидаги сервислар ҳиссасига тўғри келмоқда:

• «Pinduoduo» — 8,89 млрд сом;

• «Alibaba» — 2,83 млрд сом;

• «Microsoft» — 1,01 млрд сом.

Қирғизистон Давлат солиқ хизмати ушбу ташкилотларга қонунчилик талабларини тушунтириб бир неча бор расмий хатлар йўллаган.

Шунингдек, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги орқали дипломатик каналлар ёрдамида ҳам мурожаатлар қилинган, бироқ компаниялар томонидан ҳеч қандай жавоб қайтарилмаган.

«Агар қонунчилик талаблари бундан кейин ҳам эътиборсиз қолдирилса, идора мазкур компанияларнинг электрон сервисларига Қирғизистон ҳудудида киришни чеклаш ташаббуси билан чиқади», — дея огоҳлантирган Давлат солиқ хизмати.

Teglar

Mavzuga oid