Logo

Қирғизистондаги президентлик сайловлари учун харажатлар сметаси тасдиқланди

Bugun 15:123 daqiqa

Пулларнинг катта қисми 2026-йилга мўлжалланган. Сметада участка сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаш учун ҳам маблағ ажратилган.

Қирғизистондаги президентлик сайловлари учун харажатлар сметаси тасдиқланди © Reuters

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси президентлик сайловларини тайёрлаш ва ўтказиш учун 1,2 миллиард сом (162 млрд 34 млн 174 минг сўм) миқдорида харажатлар сметасини шакллантирди. Шундан 646 миллион 560 минг сом (87 млрд 290 млн сўм) 2026-йилга, 553 миллион 440 минг сом (74,7 млрд сўм) эса 2027-йилга мўлжалланган.

Мазкур маблағ таркибига Конституциявий қонуннинг 56-моддасига мувофиқ, такрорий овоз беришни ўтказиш учун 240 миллион сом (32,41 млрд сўм) ҳам киритилган. Шунингдек, мамлакат ташқарисида бўлган Қирғизистон фуқароларининг Ташқи ишлар вазирлиги тақдимномасига асосан ташкил этиладиган сайлов участкаларида овоз беришини таъминлаш учун 53 миллион 200 минг сом (7,18 млрд сўм) кўзда тутилган.

2653 та сайлов участкаси фаолияти таъминланади

Харажатлар сметасида 2 653 та участка сайлов комиссиясини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш учун маблағ ажратилган.

Уларнинг 100 таси мамлакат ташқарисида яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган Қирғизистон фуқаролари учун хорижда ташкил этиладиган сайлов участкаларидир. Бундан ташқари, масофадан овоз бериш учун яна 40 та қўшимча сайлов участкаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Сметада участка сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаш учун ҳам маблағ ажратилган. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида уларга ойига 3 мингдан 8 минг сомгача (513 минг сўм) ҳақ тўланади.

Участка сайлов комиссияларининг жами 26 минг 819 нафар аъзоси бўлади. Уларнинг 5 066 нафари автоматик тарзда ўқийдиган қурилмалар операторлари, яна 5 066 нафари эса сайловчиларни идентификация қилиш операторларидир.

Ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари сони 674 нафарни ташкил этади.

Бундан ташқари, 1 609 нафар жалб қилинган оператор, 600 нафар техник ёрдам гуруҳи мутахассиси ҳамда сайловни тайёрлаш ва ўтказишда иштирок этадиган бошқа мутахассисларга ҳам ҳақ тўлаш кўзда тутилган. Жалб қилинадиган мутахассислар сони сайловчилар сони ва бажариладиган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.

Сайлов харажатларига нималар киради?

Сайловни тайёрлаш ва ўтказиш харажатлари ташкилий, ахборот, техник ҳамда моддий-техник таъминотни ўз ичига олади.

Хусусан, сайлов жараёни иштирокчиларини ўқитиш, алоқа воситалари билан таъминлаш, ахборот материалларини тайёрлаш ва чоп этиш, зарур товарлар, ускуналар ва материалларни харид қилиш учун маблағ ажратилади.

Шунингдек, сайлов ускуналарини ҳудудларга етказиб бериш ва сайловдан сўнг қайтариб олиб келиш, сайлов ҳужжатлари, ускуналар ва тарқатма материалларни Марказий сайлов комиссиясидан ҳудудий ва участка сайлов комиссияларигача етказиш харажатлари ҳам сметага киритилган.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро делегациялар иштирокидаги расмий тадбирларни ташкил этиш, хориждаги сайлов участкалари фаолиятини таъминлаш ҳамда сайловни тегишли даражада ўтказиш учун зарур бўлган бошқа тадбирлар харажатлари ҳам ҳисобга олинган.

Харидларнинг катта қисми марказлашган тартибда амалга оширилади

Сайлов комиссияларини моддий-техник жиҳатдан таъминлашнинг катта қисми марказлашган тартибда амалга оширилади.

Зарур товарлар, ускуналар, ҳужжатлар ва материаллар белгиланган тартибда харид қилиниб, эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ҳудудий ва участка сайлов комиссиялари ўртасида тақсимланади.

Таъкидланишича, бундай ёндашув сайлов комиссияларини жиҳозлаш бўйича ягона талабларни таъминлаш, жойларда бир хил маҳсулотларни такроран харид қилишнинг олдини олиш, харажатларни режалаштириш ва назорат қилиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, республика бюджети маблағларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш имконини беради.

Шу билан бирга, харажатлар сметасида 56 та ҳудудий ва 2 653 та участка сайлов комиссиясининг фаолиятини таъминлаш, уларнинг ишини ташкил этиш, комиссия аъзоларига ҳақ тўлаш ва зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши билан боғлиқ харажатлар ҳам назарда тутилган.

Смета сайловни тайёрлаш ва ўтказиш учун зарур бўлган ходимлар сони, шунингдек, ташкилий, ахборот, техник ва моддий-техник таъминот эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилган.

Teglar

Mavzuga oid