Қозоғистон бандлик даражаси бўйича дунёда 29-ўринни эгаллади
Қўшни давлатда иш билан банд аҳоли улуши юқори бўлгани сабабли мамлакат дунёнинг етакчилари қаторидан жой олди. Ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси бўйича эса Қозоғистон дунёнинг энг яхши 10 та мамлакати қаторига кирди.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, Қозоғистон 187 та давлат орасида бандлик даражаси бўйича 29-ўринни эгаллаган. Ёшлар ишсизлиги энг паст бўлган 63 та мамлакат ва иқтисодиёт орасида эса 2-ўринни қайд этган.
Бандлик даражаси юқори бўлгани туфайли Қозоғистон халқаро рейтингда кўплаб давлатларни ортда қолдирди ва Янги Зеландиядан кейинги ўринни эгаллади. Рейтингда 1-ўринни Қувайт эгаллаган. У ерда аҳолининг 87 фоизи иш билан банд. Рейтингнинг охирида эса Сан-Томе ва Принсипи давлати жойлашган бўлиб, у ерда бандлик даражаси атиги 21 фоизни ташкил этади.

Шуни таъкидлаш керакки, Қозоғистон меҳнат бозори кўрсаткичлари кўпинча халқаро таҳлилчилар томонидан юқори баҳоланади. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилда Қозоғистон Марказий Осиё ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари орасида бандлик даражаси бўйича етакчи бўлган. Қозоғистоннинг бу кўрсаткичи 67 фоизни ташкил этди — бу Беларусдан (61 фоиз) олти фоиз пункт юқори. Россия ва Озарбайжон 60 фоиз билан ундан кейин келмоқда, минтақанинг қолган қисмида бандлик даражаси 55 фоиздан ошмайди. Ўзбекистон 55 фоиз билан 114-ўринда бўлса, Қирғизистон айни шу фоиз билан 111-ўринда турибди. Туркманистон ва Тожикистонда эса мос равишда атиги 40 фоиз ва 36 фоизни ташкил қилади.
Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоблайдиган Бандлик индекси (Employment Index) иқтисодий фаолиятда иштирок этаётган, яъни маҳсулот ва хизматлар яратишда ишлаётган аҳолининг улушини кўрсатади. Бу кўрсаткич мамлакат иқтисодиёти қанча иш ўрни ярата олаётганини баҳолашга ёрдам беради ва айрим ҳолларда оддий ишсизлик даражасидан ҳам тўлиқроқ тасаввур беради.

Бироқ, бандлик даражасининг юқори бўлиши ҳар доим ҳам иш ўринлари сифатли ёки меҳнат шароитлари яхши дегани эмас. Меҳнат бозорини тўлиқ баҳолаш учун бошқа кўрсаткичларни ҳам ҳисобга олиш керак. Шундай муҳим кўрсаткичлардан бири — ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси. Бу мамлакат иқтисодиёти ва жамиятининг келажакдаги ривожланиш имкониятларини кўрсатади.
«Trading Economics» маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткич бўйича Қозоғистон 63 та мамлакат орасида 2-ўринни эгаллаган. Бу борада у Швейцария, Япония, Таиланд, Германия ва Жанубий Корея каби давлатлар қаторидан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзидан бехабар ишга жойлаштирилган фуқаролар ҳақидаги мурожаатлар ортидан бандлик статистикаси ва шахсий маълумотлар хавфсизлигига оид саволлар кўпаяётгани сабабли Ўзбекистонда «ишли» ишсизлар ҳақида мақола чоп этгандик.





