Қозоғистон тенгеси кутилмаган «хавфсиз паноҳгоҳ»га айланди
Ўзбек сўми ҳам «ҳозирги ноаниқ бозор шароитида капитални сақлаш учун жозибадор валюта» деб баҳоланган, бироқ Қозоғистон валютаси курси ҳозирча анча юқори эканини ҳам қайд этилган.

Яқин Шарқда уруш бошланиши ва Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши ортидан «Brent» маркали нефт нархи тахминан 75 доллардан чўққисида қарийб 120 долларгача кўтарилиб, кейин яна 100 доллардан пастга тушди. Бозорлардаги вазият ҳам ҳозирча жуда беқарор бўлиб қолмоқда. Шу шароитда «Deutsche Bank» 20-март куни тенгени капитални сақлаш учун жозибадор валюта деб атади.
Эрондаги уруш Қозоғистон миллий валютасига қандай таъсир қилмоқда ва келгусида тенге курси қандай бўлади?
«Тинч паноҳгоҳ»
«Deutsche Bank» 20-март куни тайёрлаган таҳлилий ёзувида Эрондаги уруш туфайли бозорлардаги беқарорлик шароитида Ўзбекистон ва Қозоғистонни «кутилмаган хавфсиз паноҳгоҳлар»дан бири деб атади. Банк таҳлилчилари ўзбек сўми ва қозоқ тенгесини «ҳозирги ноаниқ бозор шароитида капитални сақлаш учун жозибадор валюталар» деб баҳолаган, бироқ Қозоғистон валютаси курси ҳозирча анча юқори баҳоланганини ҳам қайд этган.
«Тенге ҳам, сўм ҳам хорижий инвесторларга нисбатан кам боғлиқлик ва Қозоғистон ҳамда Ўзбекистоннинг катта валюта захиралари туфайли бозордаги кескин ўзгаришлар ва кайфиятлар таъсирига камроқ дуч келади. Уларнинг курси мувозанатли жорий ҳисоб ва юқори фоиз ставкалари (6 фоиздан юқори) билан қўллаб-қувватланмоқда», – дея таъкидлайди «Deutsche Bank».
Шу билан бирга, банк таҳлилчиларига кўра, тенге ривожланаётган бозорлар валюталари орасида энг яхши динамикани намоён этган. Яқин Шарқдан нефт ва газ таъминотидаги узилишлар ҳамда нефт нархининг ўсиши Қозоғистоннинг жорий ҳисобига дарҳол ижобий таъсир кўрсатмоқда, деб қўшимча қилади «Deutsche Bank».
Тенге курсига нима таъсир қилади?
Яқин Шарқда уруш бошланганидан бери Қозоғистон валютаси «KASE» биржасида долларга нисбатан қарийб 498 тенгедан 481,9 тенгегача мустаҳкамланди (27 февралдан 20 мартгача).
Тарихан тенге курси нефт нархларига кучли боғлиқ – 2025-йилда нефт ва нефт маҳсулотлари сотуви Қозоғистон экспорт даромадларининг қарийб ярмини таъминлаган.
Иқтисодчи ва «Finmentor» «Telegram»-канали муаллифи Арман Батаев бу таъсир механизмини шундай тушунтиради:
«Нефт қиммат бўлганда, Қозоғистон экспортдан кўпроқ доллар тушуми олади ва унинг бир қисми ички бозорда сотилиб, тенгени қўллаб-қувватлайди».
Бироқ унинг таъкидлашича, ҳозир курсга бошқа омиллар ҳам тобора кучлироқ таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, бюджет қоидаси муҳим рол ўйнайди – у нефт учун 41,4 долларлик «кесиш нархи»га асосланади. Агар нефт нархи бу кўрсаткичдан юқори бўлса, ортиқча даромадлар Миллий жамғармага йўналтирилади.
Шунингдек, Қозоғистон Миллий банки ҳар ой валюта бозорида фаол иштирок этади – у бюджетга трансфертлар учун Миллий жамғарма маблағларидан доллар сотади. Регулятор шу билан бирга олтин қазиб олувчилардан олтин харид қилади ва бу операцияларни «ойна» тарзида қайтариб, валюта бозорида доллар сотади. Масалан, феврал ойида Миллий жамғарма ҳисобидан 400 млн доллар (умумий савдоларнинг 6 фоизи) сотилган, шунингдек, олтин харидлари бўйича 350 млрд тенге эквивалентида валюта операциялари амалга оширилган.
Бундан ташқари, экспортчилар учун валюта тушумларининг бир қисмини мажбурий сотиш талаби мавжуд – ўтган ойда бу манба орқали 284 млн доллар тушган.
Март ойидаги операциялар (яъни Эрондаги урушдан кейинги давр) бўйича маълумотни Қозоғистон Миллий банки апрел ойида эълон қилади. Аввалроқ регулятор қисқа муддатда тенге курси бозор иштирокчилари кутилмалари, квартал солиқ тўловлари ва геосиёсий вазиятга боғлиқ бўлишини маълум қилган эди.
Ҳозир курсда нима бўляпти?
Қиммат нефт миллий валютанинг мустаҳкамланишига олиб келмоқда, бироқ Эрон билан боғлиқ уруш туфайли бозорлардаги ноаниқлик «асабийлик»ни кучайтирмоқда. «KASE»да Қозоғистон валютаси курсининг Эрондаги можаро бошланганидан бери 503,9 тенгедан 476,6 тенгегача ўзгаргани кузатилди, яъни фарқ 5 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Молиявий таҳлилчи Андрей Чеботарев сўзларига кўра, нефт нархининг кескин ўзгариши, Миллий жамғарма трансфертлари ва экспортчилар валюта тушумларини сотиши тенге курсининг янада тебранишини кучайтириши мумкин.
«DAMU Capital Management» бош директори Мурат Кастаев эса тенгени қўллаб-қувватлаш ҳозирча вақтинчалик омил эканини таъкидлайди. Қисқа муддатда нефтдан тушаётган даромад курсни мустаҳкамлайди, аммо можаро узоқ давом этса, таъсир тескари бўлиши мумкин: юқори нефт нархи жаҳон иқтисодиётини секинлаштиради ва инфляцияни оширади. Бу эса нефтга бўлган талабни камайтириб, Қозоғистон экспорти ва бюджет тушумларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Унинг фикрича, нефт нархлари жуда тез пасайиши мумкин (масалан, уруш тугаса ва Ҳўрмуз бўғози очилса), бироқ иқтисодий ўсишни тиклаш учун ойлар талаб қилинади.
Ҳозирда, Аббос Ароқчининг таъкидлашича, Эрон Ислом Республикаси бўғоз орқали Хитой, Россия, Ҳиндистон, Ироқ ва Покистон кемаларига ўтишга рухсат берган.
Кастаев шунингдек, тенгенинг ҳаддан ташқари мустаҳкамланиши билан боғлиқ хавфларга ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, валюта курсининг сезиларли ошиши Қозоғистон экспортчиларининг рақобатбардошлигини пасайтиради ва импортни рағбатлантириб, савдо балансига салбий таъсир кўрсатади.
Миллий банк нимага тайёр?
Қозоғистон Миллий банки раиси Тимур Сулейменов 6-март куни бўлиб ўтган брифингда валюта бозорида кескин ўзгаришлар юзага келса, регулятор «жавоб чораларини қўллашини» билдирди.
«Кескин спекулятив ҳаракатларни тўхтатамиз, интервенциялардан фойдаланамиз», – деди у.
Мурат Кастаевнинг фикрича, Миллий банк аралашуви чекланган бўлиши керак, бироқ у норасмий ориентирларга эга бўлиши мумкин.
«Расмий коридорлар эълон қилинмаган бўлса-да, бизнинг баҳолашимизга кўра, регулятор доллар курси 450 тенгеден пастга тушишига ёки 550 тенгеден юқорига чиқишига йўл қўймайди», – деди таҳлилчи.
Кастаев алоҳида равишда базавий ставкага ҳам тўхталди, ҳозирда у 18 фоизни ташкил қилади. Унинг фикрича, нефть омили келгуси қарорларга билвосита таъсир кўрсатиши мумкин. Агар юқори нефт нархлари жаҳон инфляциясини тезлаштирса ва бу Қозоғистонда импорт нархлари орқали сезилса, ички инфляция ошса, жорий йилнинг 2–3-чоракларида ставка оширилиши мумкин.
Қозоғистонда инфляция юқори даражада сақланмоқда, 2025-йил якунлари бўйича 12,3 фоиз. Феврал ойида эса йиллик ҳисобда бироз пасайиб, 11,7 фоизни ташкил этди.
Келгуси ставка бўйича йиғилиш 24 апрелда ўтказилади. Регуляторнинг аввалги баёнотларига кўра, у 2026-йилнинг иккинчи ярмидан олдин ставкани пасайтириш масаласини кўриб чиқишни режалаштирмаяпти.
Инфляцияга таъсир қилувчи муҳим омиллардан бири тенгенинг рублга нисбатан курси ҳисобланади. «Deutsche Bank» қайд этишича, Қозоғистон валютаси Россия рублига нисбатан ҳам мустаҳкамланган. Россия Қозоғистон импортининг тахминан 30 фоизини таъминлагани учун, тенгенинг кучайиши қисқа муддатда инфляцияни пасайтирувчи омилга айланиши ва Эрондаги урушнинг инфляцияга таъсирини мувозанатлаши мумкин.
Прогнозлар: кенг коридор ва юқори ноаниқлик
Яқин ойлар учун таҳлилчилар баҳолари сезиларли даражада фарқ қилади, бироқ барчаси юқори ноаниқлик сақланиб қолаётганини таъкидламоқда.
Арман Батаев фикрича, Яқин Шарқдаги можаро қандай ривожланишига қараб, тенге курси 470–510 тенге атрофида бўлиши мумкин.
Андрей Чеботарев эса яқин 3–6 ой ичида курс 480–520 тенге оралиғида бўлишини, кунлик ўзгаришлар эса юқори бўлишини прогноз қилмоқда.
Мурат Кастаевнинг баҳолашича, агар нефт нархи яна ошиб (баррели 105 доллардан юқорига чиқса), курс 450–460 тенгегача тушиши мумкин. Агар нефт нархи Эрондаги можародан олдинги даражага қайтса, курс яна 520–540 тенге диапазонига қайтиши эҳтимолдан холи эмас.





