«Қирғизнефтегаз»даги талон-торож: Қамчибек Ташиев оиласининг махфий схемалари ошкор бўлгач, жиноят иши қўзғатилди

Bugun 14:474 daqiqa

Қирғизистон солиқ хизмати Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев оиласи қандай қилиб «Қирғизнефтегаз» давлат компанияси орқали даромад олганини очиб берди. Шундан сўнг Қирғизистон ички ишлар вазирлиги компанияда талон-торож ҳолатлари аниқланганини маълум қилди.

«Қирғизнефтегаз»даги талон-торож: Қамчибек Ташиев оиласининг махфий схемалари ошкор бўлгач, жиноят иши қўзғатилди

Солиқ хизмати илк бор сўнгги беш йил давомида нефт соҳасида Ташиевнинг қариндошлари фойдаланган схемалар тафсилотларини ошкор қилди. Тергов марказида ўз нефтни қайта ишлаш заводига эга бўлган «Қирғизнефтегаз» давлат компанияси турибди.

Солиқчилар версиясига кўра, нефт заводга тўғридан тўғри эмас, балки 13 та воситачи компания орқали етказилган. Терговда айтилишича, уларнинг 11 таси Қамчибек Ташиевга боғлиқ бўлган. Ушбу фирмалар хомашёни сотиб олиб, кейин уни яна ўша заводга қайта сотган.

Натижада, солиқ хизмати ҳисоб-китобларига кўра, давлат 3 миллиард сомдан ортиқ (тахминан 34 миллион доллар) зарар кўрган бўлиши мумкин. Шунингдек, тайёр маҳсулот ҳам ушбу гуруҳга алоқадор компанияларга арзонлаштирилган нархларда сотилгани таъкидланмоқда.

Терговда «Салык Сервис» давлат муассасаси мутахассиси Анарбек Катагановнинг сўзлари келтирилган. Унинг айтишича, компаниялар орасида Ташиевнинг жиянига тегишли «Moko Group» алоҳида ажралиб турган.

Унинг маълум қилишича, мазкур корхона ёнилғи-мойлаш материалларини жуда катта ҳажмларда харид қилган, ҳатто машҳур «Red Petroleum» тармоғидан ҳам кўпроқ. «Moko Group» таъсисчилари қаторида Қамчибек Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Ташиев кўрсатилган. Шу билан бирга, Адлия вазирлиги архив маълумотларига кўра, 2020-йил 6-ноябрга қадар компания таъсисчиларидан бири сифатида Қамчибек Ташиевнинг ўзи ҳам қайд этилган.

Қирғизистон ИИВ реакцияси

«Қирғизнефтегаз»даги талон-торож бўйича солиқ хизмати текширувига Қирғизистон ИИВ ҳам муносабат билдирди. Идора жиноят иши қўзғатилгани ва бир нечта шахслар қўлга олинганини маълум қилди.

17-март куни бир неча киши милицияга чақирилган. ОАВ маълумотларига кўра, улар орасида Қамчибек Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас ҳам борлиги айтилган, аммо кейинчалик ИИВ бу маълумотни рад этиб, Тай-Мурас Ташиев сўроқ қилинмаганини билдирди.

Идора маълумотига кўра, жиноят иши «Қирғизнефтегаз»да ёнилғи-мойлаш материалларини ноқонуний сотиш ва тарқатиш схемаларига оид бўлиб, унда корхона ходимлари ва уларга боғлиқ компаниялар иштирок этган. Таъкидланишича, бу ҳаракатлар ноқонуний фойда олиш ва солиқ тўлашдан қочиш учун шароит яратган.

Кейинроқ ИИВ бир нечта шахс қамоққа олинганини маълум қилди ва уларнинг фақат бош ҳарфларини келтирди:

— Н.Н. (1983 й.т.) — «Қирғизнефтегаз» бошқаруви собиқ раиси;

— А.Р. (1980 й.т.) — бошқарув раиси собиқ ўринбосари;

— А.Н. (1988 й.т.) — боғлиқ компаниялардан бири директори;

— М.Б. (1990 й.т.) — боғлиқ компания собиқ директори.

Журналистлар аниқлашича, М.Б. — Байгази Матисаков бўлиб, у Қамчибек Ташиевнинг жияни (опаси Канигулнинг ўғли) ҳисобланади. ИИВ рўйхатида Ташиевлар оиласининг бевосита вакиллари кўрсатилмаган.

Хорижда бўлиб турган Камчыбек Ташиевнинг ўзи, лавозимдан кетганидан сўнг кадрлар «тозалаши» юзасидан ҳам, солиқ хизмати хулосаларига нисбатан ҳам изоҳ бермаган.

Унинг ўғли Тай-Мурас эса баёнот берди. У ижтимоий тармоқларда компанияси имтиёзли ҳолатга эга экани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини ёзган. Унинг таъкидлашича, нефтни қайта ишлаш заводи маҳсулотларини харид қилиш имконияти бошқа компанияларда ҳам бўлган.

Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг «Сводка АКИпресс» таҳририятига маълум қилишича, Қамчибек Ташиев 18-март куни Ички ишлар вазирлигининг Тергов бўлимида сўроқ қилинган. У ккита жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида тергов-тезкор тадбирга таклиф этилган. Ташиев терговчилар олдига адвокати билан бирга келган. Тахминан беш соат давом этган сўроқдан сўнг Қамчибек Ташиевдан тергов ҳаракатларини ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан расмий изоҳ берилмаган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси 17-феврал куни Қирғизистондан учиб кетган эди. У мамлакатга қачон қайтиб келгани номаълум. Терговнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган.

Президент администрацияси Ташиевлар оиласини «Қирғизнефтегаз»даги талон-торожликларда айблади

ИИВ ҳозирча гумонланувчиларнинг фақат бош ҳарфларини эълон қилиб, солиқ хизмати умумий хулосаларини такрорлаб келаётган бир пайтда, президент администрацияси Қамчибек Ташиев оиласини коррупция схемаларида тўғридан-тўғри айблади.

18-март кечқурун президент администрацияси ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков 2021-йилдан бери «Қирғизнефтегаз» Қамчибек Ташиев таъсири остида бўлганини ва бу катта молиявий йўқотишларга олиб келганини маълум қилди.

«Коррупцион схема яратилган: Ташиевлар оиласига алоқадор хусусий воситачи компаниялар орқали нефтни қайта ишлаш расман ўтказилган, амалда эса буни давлат заводи бажарган. Асосий даромад давлатга эмас, хусусий шахсларга кетган», – деган у.

Ҳозир мамлакатда эҳтимолий талон-торож билан боғлиқ бу иш қандай якун топиши муҳокама қилинмоқда. Таҳлилчи Тологон Келдибаев фикрича, ҳукумат қонун доирасида қатъий ҳаракат қилиши керак:

«Бу масалани сиёсийлаштирмаслик лозим. Агар фактлар тасдиқланса, кейин натижасини кўрамиз», – деди у.

Байрамда кўриниш берган Ташиев

Бугун, 20-март куни Қамчибек Ташиев Манас шаҳридаги масжидда бўлиб ўтган ҳайит намозига ташриф буюрди. Буни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоёзувлар тасдиқламоқда. Ташиев билан бирга тадбирда Ўш шаҳрининг собиқ мэри Женишбек Токторбаев ҳам иштирок этган. Матбуот билан суҳбатда махсус хизматнинг собиқ раҳбари қирғизистонликларга барқарорлик, ҳар бир оилага эса эзгулик ва тинчлик тилаган. Ташиев, шунингдек, муқаддас ой давомида уни танқид қилганларга ҳам мурожаат қилган.

«Агар мабодо хатога йўл қўйиб, кимнидир хафа қилган бўлсам, узр сўрайман. Муқаддас Рамазон ойи давомида турли миш-мишлар тарқатган ва мағзава ағдарган ҳар бир кишини Аллоҳ йўлида кечирдим. Умид қиламанки, кейинги сафар улар бундай йўлдан боришмайди, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишмайди. Яратган уларнинг қалбига иймон берсин. Барчага байрам муборак бўлсин», – деган Ташиев.

Президент Садир Жапаров эса Бишкек шаҳридаги 30 мингдан ортиқ одам йиғилган Эски майдонда ҳайит намозини адо этган. Майдон атрофида милиция ходимлари ва шифокорлар навбатчилик қилган. Жамоат тартиби кучайтирилган режимда таъминланган.

Teglar

Mavzuga oid

«Қирғизнефтегаз»даги талон-торож: Қамчибек Ташиев оиласининг махфий схемалари ошкор бўлгач, жиноят иши қўзғатилди | Vaqt.uz