Қозоғистон учар таксиларни ишга туширишни режалаштирмоқда

Kecha 20:351 daqiqa

Қозоғистон 2−3 йил ичида учувчисиз аэротаксиларни йўлга қўйиш орқали шаҳарлар ўртасида тез ва замонавий транспорт тизимини жорий этишни мақсад қилмоқда.

Қозоғистон учар таксиларни ишга туширишни режалаштирмоқда

Қозоғистонда учар таксиларни жорий этиш бўйича лойиҳа 2−3 йил ичида амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Қанат Бўзумбаев парламент палаталарининг қўшма мажлисида маълум қилди.

Унга кўра, мазкур ташаббус мамлакатда янги “паст баландликлар иқтисодиёти”ни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Лойиҳа доирасида асосий эътибор Олмаотадан 47 км масофада жойлашган Олатау шаҳрига қаратилади. Ушбу ҳудуд Хитойнинг Шенчженига муқобил тарзда учар такси ва дронларни узоқ масофаларда ҳамда 120 метрдан юқори баландликда синовдан ўтказиш мумкин бўлган марказга айланиши мумкин.

Синов парвозларини жорий йилнинг ўзида бошлаш режалаштирилган. Бунинг учун АҚШнинг Joby Aero ва Хитойнинг AutoFlight компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Айни пайтда музокаралар олиб борилмоқда ва тегишли келишувлар имзоланган.

Режага кўра, Олатау, Қўнаев ва Олмаота шаҳарлари ўртасида квадропортлар қурилиб, улар турли сайёҳлик йўналишлари билан боғланади. Бу эса транспорт тизимини сезиларли даражада тезлаштириши кутилмоқда.

Расмийларга кўра, учар таксилар соатига 300−350 км тезликда ҳаракатланади ва шаҳарлар ўртасидаги парвоз вақти 10−15 дақиқани ташкил этади. Шу орқали йиллик 8 млн нафаргача сайёҳни жалб қилиш имконияти пайдо бўлиши айтилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid