Қозоғистонда бозорлар сони камаймоқда
Бозорларнинг бир қисми экологик ҳудудлар ва шаҳарсозлик талаблари сабабли фаолиятини тўхтатган.
© inform.kzҚозоғистонда 2025-йил якунига кўра савдо бозорлари сони 38 тага камайди. Бу ҳақда Қозоғистон савдо ва интеграция вазирлиги маълум қилди.
Қисқариш бир нечта омиллар билан изоҳланмоқда. Масалан, савдо инфратузилмасининг трансформацияси – айрим бозорлар модернизациядан сўнг савдо уйлари, савдо марказлари ва бошқа замонавий форматларга
айлантирилиб, қайта рўйхатдан ўтган. Модернизация сиёсати давлат томонидан эски форматдаги бозорларни янгилаш ва тартибга солиш жараёни давом этмоқда.
Айрим бозорлар эса табиатни муҳофаза қилиш ҳудудларида жойлашгани, белгиланган «қизил чизиқлар»дан ташқарида бўлгани сабабли фаолиятини тўхтатган.
Вазирликка кўра, мамлакатда савдо соҳаси анъанавий бозорлардан замонавий, тартибга солинган савдо форматларига ўтиш босқичида. Бу жараён шаҳарсозлик, санитария ва иқтисодий самарадорлик талабларига мослашишга қаратилган.
Қозоғистонда бозорларни модернизация қилиш сиёсати изчил давом этмоқда. Вазирлик маълумотларига кўра, давлат бозор эгаларига замонавий талабларга мослашишда ёрдам беришни ҳам давом эттирмоқда.
Модернизация муддатлари
Аввал бошда барча бозорларни янгилаш учун муддат 2025-йил охири этиб белгиланган эди. Лекин кейин муддат 2026-йил 31-декабргача узайтирилди. Бу қарор инфратузилмани тўлиқ янгилаш ва хавфсизлик стандартларини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Ҳозир 19 та бозорда модернизация ҳали бошланмаган (сабаблар: ҳужжатлар тайёр эмас, молия етишмаслиги, ёки ислоҳотга тайёр эмаслик), 33 та бозор тўлиқ янгиланган, 39 та бозорда ишлар давом этмоқда, 9 та бозор ёпилган ёки формати ўзгарган, 6 таси бошқа савдо форматига ўтган ва 3 таси табиатни муҳофаза қилиш ҳудудлари сабабли ёпилган.
Вазирлик 2029-йилгача замонавий йирик форматли бозорлар улушини 70 фоизга етказишни мақсад қилган.
Қозоғистонда 2025-йил охирида – 626 та бозор ишлаган, йил бошида уларнинг сони 588 та эди. Энг кўп бозорлар Туркистон вилоятида (103 та) рўйхатга олинган. Секторда асосий тенденция – анъанавий бозорлардан замонавий, тартибга солинган савдо инфратузилмасига ўтиш.





