Туркманистонда «Starlink» антенналари мусодара қилинмоқда

Bugun 11:253 daqiqa

Паст тезлик ва блокировкалар аҳолини сунъий йўлдош интернетига ўтишга мажбур қилмоқда.

Туркманистонда «Starlink» антенналари мусодара қилинмоқда

Туркманистонда апрел ойининг ўрталаридан бошлаб «Starlink» сунъий йўлдош интернет антенналари аниқланиб, демонтаж қилинмоқда. Бу ҳақда «Turkmen news» хабар берди.

Рейдлар ва мусодара

Қайд этилишича, мамлакатда алоқа тизимининг оғир ҳолати, интернет тезлигининг пастлиги ва тарифларнинг қимматлиги сабабли аҳоли «Starlink» хизматига ўтишга мажбур бўлган. Феврал ойининг ўрталаридан бошлаб Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан жорий этилган тармоқ «сустлаштирилиши» эса ушбу хизматга талабни янада оширган.

Ахшабад ва Аннау шаҳарларида Миллий хавфсизлик вазирлиги, полиция, прокуратура ва алоқа вазирлиги ходимлари иштирокида қўшма рейдлар ўтказилмоқда. Текширувлар тураржой бинолари, офислар ва савдо объектларини қамраб олган бўлиб, асосий эътибор бинолар томларига қаратилмоқда.

Топилган «Starlink» ускуналари мусодара қилинмоқда. Ҳозирча уларнинг эгаларига нисбатан қандай жазо қўлланилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Маҳаллий интернет ва «Starlink» ўртасидаги катта фарқ

Гарчи «Starlink» расман Туркманистонда хизмат кўрсатмаса-да, юқори тезлик ва барқарор интернет учун тўлов қилишга тайёр фойдаланувчилар орасида у машҳур бўлиб келмоқда.

Туркманистонда контрабанда йўли билан олиб кирилган «Starlink» терминалларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун бир марталик харажат тахминан 1–1,5 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бироқ бир неча ойдан кейин, маҳаллий юқори тезликдаги тарифлар билан солиштирганда, иқтисодий тежамкорлик пайдо бўлади.

«Starlink» абонентлари ойига 100 доллар тўлаб, 200 Мб/с дан юқори барқарор интернет тезлигига эга бўлишади.

«Turkmentelecom» аҳоли учун энг юқори тариф сифатида фақат 6 Мб/с тезликни таклиф қилади. Туркманистонда «Starlink» билан солиштириладиган даражадаги тариф (2250 манат ёки 112 доллар атрофида) фақат 8 Мб/с тезликни беради.

Энг юқори тезлик – 100 Мб/с – эса 6 280 доллар эвазига таклиф этилади ва бу ҳам фақат юридик шахслар учун мавжуд. Чет эл компаниялари учун максимал тариф ойига 35 702 долларгача етади.

Бироқ асосий муаммо тезликда эмас, балки сифатда. Turkmenistan провайдерлари интернети кенг кўламли блокировкалар, тез-тез узилишлар ва февралдан бошлаб «сустлаштириш» сиёсати билан тавсифланади.

Бу жараён Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан маҳаллий «Ykjam Aragatnashyk firewall» асосида амалга оширилган. Ҳозирда пакет йўқотишлари 70 фоизгача етиб, оддий хабар юбориш ҳам бир неча дақиқа вақт олиши мумкин, бу эса онлайн ишлашни деярли имконсиз қилади.

Узилишлар

Туркманистонда Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан яна бир бор кенг кўламли блокировкалар қўлланилди. Улар деярли ҳар куни кузатилмоқда. 19-апрел куни мамлакатда бир неча соат давомида энг йирик қидирув тизими «Google» ва шу билан бирга, «Gmail» почта хизмати ҳам ишламади. «Google Workspace» таркибидаги бошқа хизматлар, жумладан ҳужжатлар билан ишлаш воситалари эса ноябр ойидан бери блокланган.

Бу ҳолатлар Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан амалга оширилаётган чекловлар тизимли эмас, балки ноаниқ ва фаолиятга зарар етказувчи характерга эга эканини кўрсатмоқда. Туркманистонда интернетнинг оғир аҳволи аҳолини «Starlink» хизматидан фойдаланишга мажбур қилмоқда. Аксарият фойдаланувчилар учун асосий мақсад трафикни яшириш эмас, балки интернетнинг умуман ишлаши ҳисобланади.

Шу билан бирга, аҳоли фикрича, Киберхавфсизлик бошқармасидаги коррупцион ҳолатлар ва нотўғри бошқарув мамлакатда интернетдан нормал фойдаланишни янада қийинлаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid