Logo

Рақамли валютадан ЖСТгача: молия тизимида нималар ўзгаради?

Bugun 20:255 daqiqa

Ўзбекистон молия тизимида кутилayotgan ўзгаришлар, рақамли валюта, халқаро молия маркази ва янги инвестиция режалари «Silk Road Finance & Technology Forum»да муҳокама қилинди. Vaqt.uz халқаро экспертлар ва соҳа вакиллари билан суҳбатлашди ҳамда у ерда айтилган энг муҳим режа ва янгиликлар ҳақида репортаж тайёрлади.

Тошкентда 24–26 август кунлари «Silk Road Finance & Technology Forum» бўлиб ўтди. Уч кун давом этган форумда молия ва технология соҳасидаги мутахассислар, банклар, финтех компаниялар вакиллари ҳамда халқаро экспертлар бир майдонда жамланди.

Форумда трансчегаравий тўловлар, сунъий интеллект, рақамли активлар, киберхавфсизлик, очиқ молия ва соҳадаги кадрлар тайёрлаш каби масалалар муҳокама қилинди. Vaqt.uz тадбирнинг иккинчи кунида қатнашиб, у ерда билдирилган фикр ва таклифларни жамлади.

Пул чегараларни қандай кесиб ўтади?

Форум дастурининг катта қисми трансчегаравий тўловлар ва Марказий Осиёни глобал молиявий коридорларга улаш масаласига бағишланди.

Реал вақт режимидаги тўловлар, миллий тизимларнинг ўзаро мувофиқлиги, токенизация ва рақамли активлар бу жараённинг асосий инструментлари сифатида кўрилди. Муҳокамаларда Марказий Осиё мамлакатлари ўз ички тўлов тизимларини глобал савдо ва пул ўтказмалари тармоқлари билан қандай боғлаши мумкинлигига эътибор қаратилди.

Бу ерда ишонч алоҳида мавзу сифатида чиқди. Савдо тобора трансчегаравий ва рақамли шаклга ўтаётган шароитда хавфсиз тўлов тармоқлари, фирибгарликка қарши маълумот алмашинуви ва умумий стандартлар иқтисодий интеграциянинг асосий шартларидан бирига айланмоқда.

Форумда «Visa», «Mastercard», «Nium», «Paynet», «HUMO» ва бошқа компаниялар вакилларининг иштирок этиши ҳам минтақа энди фақат миллий тўлов инфратузилмаси доирасида эмас, балки глобал молиявий тармоқлар билан боғлиқ ҳолда фикрлаётганини кўрсатди.

Стейблкоин, токенизация ва янги пул

Иккинчи муҳим йўналиш — молиянинг ўзи қандай ўзгараётгани ҳақида бўлди.

Форум кун тартибига кўра, пул эндиликда фақат анъанавий банк ҳисобварағи ёки нақд шакл билан чекланмайди. Хусусий стейблкоинлар, марказий банкларнинг рақамли валюталари ва токенизация қилинган активлар молиявий тизимнинг янги элементларига айланмоқда.

Асосий савол эса технологиянинг ўзи эмас, балки давлатлар ва регуляторлар қандай танлов қилишидадир. Нимани чиқариш керак? Қайси рақамли активларга рухсат бериш мумкин? Қайси технологиялар асосида миллий молия инфратузилмасини қуриш зарур?

Бу саволлар Марказий Осиё учун айниқса муҳим. Чунки минтақа бир вақтнинг ўзида янги технологияларни жорий этиш, молиявий барқарорликни сақлаш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш вазифасига дуч келмоқда.

Форумда Покистон, Камбоджа, Озарбайжон, Хитой ва бошқа мамлакатлар регуляторлари ҳамда «Circle», «TON Foundation», «Fireblocks» каби рақамли активлар бозори иштирокчилари қатнашгани бу мавзуларнинг глобал миқёсда муҳокама қилинаётганини кўрсатди.

Ёш аҳоли — демографик дивидендми ёки муаммо?

Форум дастурида технологиялардан ташқари инсон капиталига ҳам катта ўрин берилди.

Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 27 экани ва 2030 йилгача 5 минг нафар тайёрланган финтех мутахассисини шакллантириш вазифаси белгилангани қайд этилди. Бироқ форумда ёш аҳоли автоматик равишда иқтисодий устунликка айланмаслиги ҳақидаги савол ҳам ўртага ташланди.

Муҳандислар бўлмаса, экотизим бўлмайди. Малакали мутахассислар бўлмаса, янги технологияларни тартибга солиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш қийин.

Шу боис муҳокамалар университет таълими, амалий кўникмалар, соҳавий сертификатлар ва мутахассисларни мамлакат ҳамда минтақа ичида сақлаб қолиш масаласига қаратилди.

Бу ерда асосий муаммо дипломнинг ўзи эмас, балки у бозор талаб қилаётган кўникмаларга қай даражада мос келиши экани бўлиб чиқди. Форумда «Skills Passports» — кўникмалар паспорти каби янги ёндашувлар ҳам муҳокамага қўйилди.

Шу тариқа, уч кунлик «Silk Road Finance & Technology Forum» Ўзбекистон молия тизими олдида турган энг муҳим вазифаларни бир майдонга жамлади. Макроиқтисодий барқарорликдан тортиб рақамли валюта, халқаро тўловлар, инвестиция ва исломий молиягача бўлган режалар эълон қилинди. Энди асосий масала — форумда билдирилган ғоя ва ваъдаларнинг қай даражада амалий натижага айланишида.

Форумдан энг муҳим хабарлар:

Ўзбекистон олдидаги уч мақсад: 5 фоизлик инфляция, ЖСТ ва инвестицион рейтинг

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ташқи давлат қарзи ЯИМнинг тахминан 27 фоизини ташкил этаётгани ҳамда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш режалаштирилаётганини айтди.

Марказий банк финтех хаби, венчур фонд ва рақамли валюта бўйича режаларни эълон қилди

Марказий банк раиси Тимур Ишметов Ўзбекистонда финтех учун инновацион хаб ва венчур фонд ташкил этилгани, рақамли валюта бўйича экспериментларга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.

Тошкент халқаро молия марказида криптовалюта ва исталган валютада битимлар ўтказиш мумкин бўлади

«Silk Road Finance & Technology Forum»да Тошкент халқаро молия марказида инглиз ҳуқуқи, мустақил регулятор, криптовалюта ва эркин валюта операцияларини жорий этиш режалари маълум қилинди.

Сўм курси, инфляция ва капитал эркинлиги: Марказий банк режаларини очиқлади

Марказий банк келгуси йил инфляцияни 5 фоизга туширишни мақсад қилмоқда. Айни пайтда регулятор сўмнинг бозорга мослашувчан курсини сақлаб қолиш, капитал ҳаракатини босқичма-босқич эркинлаштириш ва банк тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиришни режалаштирмоқда.

Ишметов: Икки йилда банк тизимини Basel III ва IFRS стандартларига тўлиқ мослаштирамиз

Марказий банк раиси Ўзбекистон молия тизимида кредитлар ўсиши ва долларлашув каби хатарлар учун янги тартибга солиш механизмлари жорий этилаётганини маълум қилди. Хусусан, банк тизимини халқаро стандартларга мослаштиришга яна икки йил ажратилган.

Жаҳон нефть ва озиқ-овқат нархлари ҳозирча Ўзбекистонга таъсир қилмади — Марказий банк

Марказий банк ташқи бозорлардаги ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва инфляциясига билвосита таъсирини баҳоламоқда. Регулятор инфляциянинг пасайиши давом этадиган ҳолатга ҳам, нархлар ошиши хавфи кучаядиган вазиятга ҳам тайёр эканини билдирди.

«Давлат бюджетидан умуман пул ажратилмаган»: Ипак йўли форуми кимнинг ҳисобидан ўтди?

75 дан ортиқ давлат вакиллари йиғилган «Silk Road Finance & Technology Forum»га давлат бюджетидан пул ажратилмади. Тадбир кимлар ҳисобидан ўтказилгани ва ундан нималар кутилаётгани ҳақида Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев Vaqt.uz’га изоҳ берди.

Ўзбекистон ва Хитой тўлов тизимларини интеграция қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда

Иккита миллий тўлов компанияси Хитойнинг WeChat ва Alipay каби тўлов тизимлари билан интеграция қилиниши мумкин.

Исломий молия микромолиядан сукук бозоригача ривожлантирилади — Марказий банк раиси

Айни пайтда 12 та микромолия ташкилоти муробаҳа, ижара, салам, музораба ва мушорака каби исломий молия шартномалари асосида хизмат кўрсатмоқда. Улардан бири эса аёл тадбиркорларни музораба, яъни фойдани тақсимлаш тамойили асосида молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашга тўлиқ ихтисослашган.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 193

Barchasi

Mavzuga oid