Logo

Россия ҳукумати пул изламоқда: Путин бойларни кўпроқ солиққа тортмоқчи

Kecha 22:105 daqiqa

Россияда бюджет тақчиллиги кучайиши ва ҳарбий харажатлар ортиши фонида ҳукумат бой фуқаролар, сармоядорлар ва йирик компаниялар учун янги солиқларни жорий қилишни таклиф этмоқда.

Россия ҳукумати пул изламоқда: Путин бойларни кўпроқ солиққа тортмоқчи

Владимир Путин бошчилигидаги Россия ҳукумати мамлакат бюджетига қўшимча даромад жалб қилиш мақсадида солиқ юкини оширишни режалаштирмоқда. Бу янги чоралар биринчи навбатда инвестицияларидан даромад оладиган фуқаролар, кончилик ва металлургия компаниялари, шунингдек, хорижий онлайн савдо платформалари орқали амалга ошириладиган харидларни қамраб олади. Мазкур ўзгаришлар Россиянинг 2027–2029 йилларга мўлжалланган янги бюджет лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

Associated Press (AP) агентлигининг хабар беришича, Россия федерал бюджети тақчиллиги 2026 йилнинг январ–август ойларида 5,8 трлн рублга етган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан қарийб 50 фоиз кўп.

Россия Молия вазирлигининг кейинги маълумотларига кўра, январ–сентябр ойларида бюджет тақчиллиги 5,186 трлн рублни ёки ЯИМнинг 2,2 фоизини ташкил этган. Сентябр ойида бюджетда қарийб 609 млрд рубллик профицит юзага келгани сабабли тўққиз ойлик тақчиллик саккиз ойлик кўрсаткичдан кам бўлган.

 «Киев иқтисодиёт мактаби» («KSE») ҳисоб-китобларига кўра, саккиз ойлик тақчиллик ҳукуматнинг 2026 йил учун қайта кўриб чиққан 4,8 триллион рубллик йиллик режасидан ҳам 21 фоизга ошиб кетган.

Россия Молия вазирлиги маълумотлари ҳам бюджетдаги жиддий босимни тасдиқлайди. 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида федерал бюджет даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга ўсиб, 29,6 триллион рублни ташкил этган. Бироқ харажатлар ҳам 14,5 фоизга кўпайиб, 34,8 триллион рублга етган.

Айниқса, нефт-газ соҳасидан келадиган даромадларнинг камайиши бюджет учун қўшимча бош оғриғи бўлмоқда. Тўққиз ой давомида ушбу манбадан тушган тушум 17,2 фоизга қисқариб, 5,47 триллион рублни ташкил этган. Нефт-газдан ташқари бўлган бошқа даромадлар эса 18,8 фоизга ўсган. Лекин бу ўсишга қарамай, харажатларнинг ўсиш суръати даромадларникидан юқорилигича қолмоқда.

Шу сабабли Молия вазирлиги 2026 йил учун бюджет тақчиллиги прогнозини аввалги 3,786 триллион рублдан кескин ошириб, 7,345 триллион рублгача чиқарди. Бу мамлакат ЯИМнинг 3,2 фоизига тенг. Ҳолбуки, илгари йиллик тақчиллик ЯИМнинг атиги 1,6 фоизи даражасида бўлиши режалаштирилган эди.

29 октябр куни Давлат думаси 2027–2029 йилларга мўлжалланган бюджет лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Унга кўра, 2027 йилда федерал бюджетнинг даромадлари 43,3 триллион рубл, харажатлари эса 48,74 триллион рубл бўлиши кутилмоқда. Тақчиллик 5,44 триллион рубл ёки ЯИМнинг 2,2 фоизи даражасида режалаштирилган. 2028 йилда тақчиллик 5,12 триллион, 2029 йилда эса 5,25 триллион рубл бўлиши прогноз қилинган.

Бой фуқаролар ва сармоядорларнинг даромадига солиқ ошади

Янги солиқ пакетининг энг асосий йўналишларидан бири — жисмоний шахсларнинг инвестиция ва мол-мулкдан оладиган даромадларини умумий солиқ базасига киритишдир. Ҳозирги вақтда Россияда фақат меҳнат даромадлари учунгина прогрессив солиқ шкаласи мавжуд. Бироқ дивидендлар, қимматли қоғозлар билан операциялар ҳамда мол-мулк сотишдан тушган даромадларнинг айрим турлари алоҳида, пастроқ ставкада солиққа тортилади.

Ҳукуматнинг таклифига кўра , 2027 йил 1 январдан бошлаб ушбу даромадларнинг аксарияти худди иш ҳақи каби ягона солиқ базасида ҳисобланиши мумкин. Натижада уларга ҳам 13 фоиздан то 22 фоизгача бўлган прогрессив ставкалар қўлланилади.

Таклиф этилаётган шкала қуйидагича:

·         Йиллик солиқ солинадиган даромаднинг 2,4 миллион рублгача бўлган қисмига — 13 фоиз;

·         2,4 миллион рублдан 5 миллион рублгача бўлган қисмига — 15 фоиз;

·         5 миллион рублдан 20 миллион рублгача бўлган қисмига — 18 фоиз;

·         20 миллион рублдан 50 миллион рублгача бўлган қисмига — 20 фоиз;

·         50 миллион рублдан юқори қисмига эса — 22 фоиз.

 «The Moscow Times» нашри маълумотларига кўра, бу ўзгаришлар қарийб 4 миллион нафар юқори даромадли Россия фуқаросига тааллуқли бўлиши кутилмоқда. Ҳозирда ушбу даромадларнинг айрим турлари йилига 2,4 миллион рублгача бўлган қисми учун 13 фоиз, ундан юқори қисми учун эса 15 фоиз ставкада солиққа тортилиб келинмоқда.

Ҳарбий бюджет ўсмоқда, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига маблағ камаяди

Солиқ юкининг оширилиши ортида, аслида, Россия бюджети харажатларининг ўзгариб бораётган таркиби турибди. Мамлакат ҳукумати 2027 йилда мудофаа учун рекорд даражада — 17,1 триллион рубл ажратишни режалаштирган. Бу аввалги бюджет режасида кўзда тутилган 13,5 триллион рублдан 27 фоиз кўпдир. «Reuters» агентлигининг ҳукумат ҳужжатлари асосида хабар беришича, бу 2022 йилда Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери мудофаа учун режалаштирилган энг катта маблағ ҳисобланади.

2027 йилда мудофаа харажатлари федерал бюджет умумий харажатларининг қарийб 35 фоизини ташкил қилиши мумкин. 2027–2029 йилларда мудофаа учун жами 50 триллион рубл ажратиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, «Reuters» ўрганган бюджет ҳужжатларида фуқаролик йўналишларининг айримлари бўйича аввалги режаларга нисбатан қисқаришлар назарда тутилгани маълум бўлди. Хусусан, 2027 йилда ижтимоий сиёсат харажатлари 7 фоизга, таълим 6 фоизга, соғлиқни сақлаш эса 6,8 фоизга камайтирилиши режалаштирилган. Йўл қурилиши, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги субсидиялари ва бошқа соҳаларни қамраб олувчи «миллий иқтисодиёт» йўналиши харажатлари эса 7,4 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Албатта, Россия бюджети тақчиллигини қоплаш учун фақат солиқлардан фойдаланилмайди. Ҳукумат ички бозорда давлат облигацияларини жойлаштириш орқали ҳам фаол қарз жалб қилмоқда. «Reuters» маълумотларига кўра, Россия 2027 йилда ички қарз олиш ҳажмини 7,7 триллион рублга етказишни режалаштирган. Бу 2026 йилги режадан 43 фоиз кўп. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2026 йилдаги 19,9 фоиздан 2027 йилда 21,7 фоизгача кўтарилиши кутилмоқда.

Яна бир йирик молиялаштириш манбаи — «Миллий фаровонлик жамғармаси»дир. Бу жамғарма аввалдан тўпланган нефт-газ даромадларининг бир қисмини сақлаш учун ташкил этилган. Россия Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йил 1 сентябр ҳолатига унинг умумий ҳажми 13,2 триллион рублни ёки прогноз қилинаётган ЯИМнинг 5,6 фоизини ташкил этган. Аммо сарфлаш учун мавжуд ликвид активлар атиги 4 триллион рубл атрофида бўлиб, бу ЯИМнинг бор-йўғи 1,7 фоизига тенг бўлган, холос.

«Reuters» ва «AP» маълумотларига кўра, халқаро санкциялар Россиянинг ташқи облигациялар бозорига чиқиш имкониятларини жиддий чеклаб қўйган. Шу сабабли мамлакат ички банклар ва инвесторлардан қарз олишга кўпроқ таянмоқда. Киев иқтисодиёт мактаби таҳлилчилари эса агар ҳозирги тенденциялар давом этса, Россиянинг молиявий захиралари 2028 йил бошига келиб тугаши мумкинлигини билдирган.

Иқтисодчи Крис Вифернинг «AP» агентлигига билдиришича, Россия 2027 йилда ва эҳтимол 2028 йилда ҳам бюджет тақчиллигини молиялаштириш имкониятига эга. Бироқ бунинг учун аҳоли ва бизнес зиммасига тушадиган солиқлар ҳамда бошқа харажатлар муқаррар равишда ошиши мумкин. Унинг фикрича, бюджет маблағларининг асосий қисми ҳарбий эҳтиёжларга йўналтирилиши натижасида инфратузилма ва иқтисодиётнинг одатий ривожланиши учун жуда кам ресурс қолади.

Шундай қилиб, Россия ҳукумати бюджет тақчиллигини солиқлар, ички қарз ва захиралар ҳисобидан қоплашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ мудофаа харажатларининг доимий устуворлиги, нефт-газ даромадларининг пасайиши ва иқтисодиётнинг фуқаролик тармоқларидаги муаммолар давлат молиясига босимни сақлаб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid