Logo

Самарқандда «ИМКОН» кўп тармоқли реабилитация ва мактабгача таълим маркази очилди

Bugun 21:572 daqiqa

Ушбу марказда мактабгача таълим, коррекцион-педагогик ёрдам ва комплекс реабилитация уйғунлаштирилади.

Самарқандда «ИМКОН» кўп тармоқли реабилитация ва мактабгача таълим маркази очилди

Самарқанд шаҳрида «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида» халқаро саммити доирасида «ИМКОН» кўп тармоқли реабилитация ва мактабгача таълим марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева, шунингдек, саммитда иштирок этаётган биринчи хонимлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашди.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи ушбу марказда мактабгача таълим, коррексион-педагогик ёрдам ва комплекс реабилитация уйғунлаштирилади. Ҳар бир бола учун дастур унинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Ота-оналар боласи эгаллаган кўникмаларни уйда мустаҳкамлаш учун мутахассислардан тавсиялар олиши мумкин.

Мактабгача таълим бўлими 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 10 та ихтисослаштирилган гуруҳни ўз ичига олади. Амбулатор бўлимда эса 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган ойига 100 нафарга яқин бола реабилитация курсларидан ўтиши мумкин.

Марказда даволовчи жисмоний тарбия, нутқ ва майда моторикани ривожлантириш, сенсор интеграция машғулотлари, физиотерапия ва бошқа муолажалар ўтказилади. Бу ерда етти йўналишдаги шифокорлар, дефектолог педагоглар, логопедлар, психологлар, реабилитация мутахассислари ва бошқа ходимлар фаолият юритади.

Самарқанддаги марказ Нукус, Қибрай, Қарши ва Зарафшондаги муассасаларни ҳам ўз ичига олган «IMKON» тармоғининг янги бўғинига айланди. 2025 йилда тармоқ муассасаларида 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулот ўтказилиб, 3 777 нафар бола амбулатор реабилитациядан ўтган.

Тармоқни кенгайтириш давом этмоқда: Фарғонада марказ қурилиши бошланган, Наманганда ва Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ҳам шундай муассасалар барпо этиш режалаштирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid