Шавкат Мирзиёев ўқувчилар ва устоз-мураббийларни Билимлар куни билан табриклади
Президент Билимлар куни муносабати билан йўллаган табригида таълим тизимидаги ислоҳотларни давом эттириш, мактаб ўқувчиларига замонавий касб-ҳунар ўргатиш ва ҳудудларда «Касблар шаҳарчалари»ни ташкил этиш режалари ҳақида маълум қилди.
© Prezident matbuot xizmatiЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Билимлар куни муносабати билан мактаб ўқувчилари, устоз ва мураббийлар ҳамда ота-оналарга табрик йўллади.
Давлат раҳбари янги ўқув йили Ўзбекистон таълим тизими, жумладан, мактаб, лицей, техникум ва олийгоҳлар ҳаётида янги маърифий юксалиш йили бўлишини тилади.
Президентнинг таъкидлашича, кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистон мактаблари янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бормоқда.
Шунингдек, ўқиш, касбий таълим, IT, ижодий изланишлар, спорт ва жамоат ишларида дастлабки ютуқларга эришаётган ёшлар мамлакатнинг «нурли келажаги» ва «олтин фонди» сифатида баҳоланди.
Мактаб битирувчилари битта замонавий касбни эгаллаши керакil
Шавкат Мирзиёев таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратилишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мактабни тамомлаб катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар пухта билим билан бирга камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаб чиқиши учун шароит яратилади.
Бунинг учун ҳудудларда «Касблар шаҳарчалари» ташкил этилиб, уларга замонавий тажриба ва илғор мутахассислар жалб қилинади.
Президент ёшларни билим олишга, янги ғоя ва инновацияларни, касб ва ҳунарларни пухта эгаллашга чақирди. Шунингдек, она тили, тарих ва маданият билан бир қаторда жаҳон тарихи ҳамда хорижий тилларни ўрганиш муҳимлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари ёшларни изланиш ва ҳаракатдан тўхтамасликка, Ватан ва халқига садоқат билан яшашга чақириб, устоз ва ота-оналарни энг яқин дўст ҳамда маслаҳатчи деб билиш лозимлигини қайд этди.
Президент янги ўқув йилида ўқувчиларга аъло баҳолар, сиҳат-саломатлик, омад ва зафар тилади.





