Сирдарё вилояти ИИБга янги раҳбар тайинланди
Сардор Мирзараимов Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. У бунгача Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи ўринбосари ҳамда жиноят қидирув хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
© Sirdaryo viloyati hokimligiИчки ишлар вазирининг буйруғи билан, полковник Сардор Тахирович Мирзараимов Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Сардор Мирзараимов тайинловга қадар ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи ўринбосари — жиноят қидирув хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
21-август куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Президент администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги департаменти раҳбари Дониёр Қодиров ҳамда бошқа расмийлар иштирокида ўтган тадбирда Сардор Мирзараимов вилоят фаолларига таништирилди.
Маълумот учун, Сирдарё вилояти ИИБни 2025-йил март ойидан бери Фаррух Ҳайдаров бошқариб келаётган эди. Унинг лавозимдан озод этилгани ҳақида 20-август куни хабар тарқалди.
«Kunuz» Фаррух Ҳайдаровнинг бўшатилиши қўл остидаги ходимга оғир тан жароҳати етказилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.
Аввалроқ Тимур Исмоилов ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берилганди.





