Logo

Сўнгги 5 йил ичида электр ва газ тарифлари қанчага ошди?

Bugun 20:267 daqiqa

1 июндан Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ тарифлари яна ошди. Умуман, сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистонда энергетика тизими бир неча босқичда қайта кўриб чиқилди. Vaqt.uz бугунги тариф тизими қандай шакллангани ва нархлар қандай ўзгарганини тескари хронология асосида таҳлил қилади.

Сўнгги 5 йил ичида электр ва газ тарифлари қанчага ошди?

2022-2026 йиллар оралиғида аҳоли учун электр энергиясининг базавий нархи икки баравардан кўпроққа, табиий газ тарифи эса қарийб уч баробарга ошди. Бу йилларда мамлакатда электр ва газга бўлган талаб ортиб борди. Шу билан бирга, эскирган электр тармоқларини янгилаш, янги электр станцияларини қуриш ва соҳага инвестицияларни жалб этиш зарурати ҳам кучайди. Шу сабабли, ҳукумат энергетика соҳасидаги тарифларни босқичма-босқич қайта кўриб чиқмоқда.

Тарифлар беш йилда қандай ўзгарди?

2026 йил 1 июндан Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгарди. Ҳукумат қарорига кўра, аҳоли ва юридик шахслар учун тарифлар ўртача 9,9 фоизга оширилди.

Бу ўзгариш 2025 йилда қабул қилинган қарорнинг давоми бўлди. Унга кўра, 2026 йилдан бошлаб электр ва газ тарифлари ҳар йили инфляция даражасидан келиб чиқиб, бироқ 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда индексация қилинади.

Янги тарифларга кўра, аҳоли учун электр энергияси нархи бўйича ўртача 9,35 фоизга, табиий газ эса 9,72 фоизга ошди. Юридик шахслар учун электр энергияси нархи 10 фоизга, табиий газ эса 11,1 фоизга кўтарилган.

2026 йилда тарифлар инфляция даражасига боғланган бўлса, бу қарорнинг асоси бир йил аввал жорий қилинганди. Хусусан, шу йилнинг июнь ойида инфляция энг юқори улуши  айнан электр энергия ва табиий газнинг нархи ошгани билан бўлиқ бўлди. Бунда тармоқ гази нархи ўртача 10,7 фоизга қимматлашиб, умумий инфляцияга 0,16 фоиз банд таъсир кўрсатган. Демак, июн ойидаги инфляциянинг қарийб 0,4 фоиз банди айнан электр энергияси ва табиий газ тарифларининг ошиши ҳиссасига тўғри келди.

Электр энергияси нархлари

Oylik iste'mol

2025-yil 1-apreldan

2026-yil 1-iyundan

200 kWh gacha

600 so‘m

650 so‘m

201–500 kWh

800 so‘m

900 so‘m

501–1000 kWh

1000 so‘m

1100 so‘m

1001–5000 kWh

1500 so‘m

1600 so‘m

5001–10 000 kWh

1750 so‘m

1900 so‘m

10 000 kWh dan yuqori

2000 so‘m

2200 so‘m

Табиий газ нархлариТабиий газ нархлари

Iste'mol hajmi

2025-yil 1-apreldan

2026-yil 1-iyundan

100 m³ gacha

1000 so‘m

1100 so‘m

501–2500 m³

1800 so‘m

2000 so‘m

2501–5000 m³

2100 so‘m

2300 so‘m

5001–10 000 m³

2500 so‘m

2700 so‘m

10 000 m³ dan yuqori

3000 so‘m

3300 so‘m

2025 йил 1 апрелдан эса электр энергияси ва табиий газ тарифлари Вазирлар Маҳкамасининг 204-сон қарори билан навбатдаги босқичда қайта кўриб чиқилди.

1 апрелдан электр энергиясининг базавий тарифи (200 kWh) 450 сўмдан 600 сўмга етди. Табиий газнинг базавий тарифи (500 м³) эса 650 сўмдан 1000 сўмгача, яъни бир ярим  бараварга оширилган.  Электр энергияси бўйича юқори истеъмол поғоналарида ўсиш 11,1 фоизни ташкил этган бўлса, айрим поғоналарда тарифлар ўзгаришсиз қолди. Табиий газ бўйича эса юқори поғоналардаги тарифлар 16,7–20 фоиз оралиғида оширилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2025-йилги тарифлар ўзгариши умумий инфляция даражасини 1,8–1,9 фоиз пунктга ошишига сабаб бўлган. Шу билан бирга, энергетика соҳасига ажратилаётган давлат субсидияларини босқичма-босқич қисқартириш режаси ҳам эълон қилинди.

2024 йил 1 майдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари 2019 йилдан буён илк бор қайта кўриб чиқилди. Шу билан бирга, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун “Ижтимоий норма”, табақалаштирилган тариф тизими жорий этилди.

«Ижтимоий норма» ва табақалаштирилган тариф тизими – энергетика тарифларини истеъмол ҳажмига қараб ҳисоблаш механизмидир. Бу тизимда электр энергияси ва табиий газ маълум лимитгача арзонроқ тарифда ҳисобланади. Ушбу лимитдан ортиқ истеъмол қилинган қисми учун эса юқорироқ нарх қўлланади.

Янги тартибга кўра, электр энергияси учун ойига 200 kWh гача, табиий газ учун эса март–октябрь ойларида 100 куб метр, иситиш мавсумида 500 куб метргача бўлган истеъмол имтиёзли тариф бўйича ҳисобланадиган бўлди.

Тарифлар ҳам сезиларли даражада оширилди. Электр энергиясининг базавий тарифи 200 kWh гача бўлган истеъмол учун 295 сўмдан 450 сўмга, яъни 52,5 фоизга кўтарилган. Иситиш мавсумида табиий газнинг базавий тарифи эса 380 сўмдан 650 сўмга ёки 71,1 фоизга оширилган. Юқори истеъмол ҳажми учун ҳам алоҳида тарифлар белгиланди ва энергияни кўп сарфловчи истеъмолчилар босқичма-босқич юқорироқ нархларда тўлов қила бошлади.

2023 йилнинг 1-октабрдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаришсиз қолди. Бироқ айнан шу йили энергетика бозорини либераллаштириш ва тарифларни бозор тамойилларига яқинлаштириш бўйича ислоҳотларнинг фаол босқичи бошланди.

Жорий йилда аҳоли учун электр энергиясининг 1 kWh нархи 295 сўм, табиий газнинг 1 куб метри эса 380 сўм даражасида сақлаб қолинди. Бироқ юридик шахслар учун электр энергияси тарифи 450 сўмдан 900–1000 сўмгача, табиий газ тарифи эса 660 сўмдан 1500–1800 сўмгача оширилган.

2023 йилда бу режалар тўлиқ йўлга қўйилмаган бўлса-да, айнан шу даврда ишлаб чиқилган ёндашувлар 2024 йилдан бошлаб жорий этилган “ижтимоий норма” ва табақалаштирилган тариф тизимига асос бўлди.

2022 йил 15 июлда энергетика соҳасини бозор тамойилларига ўтказиш бўйича дастлабки амалий қадамлар ташланди. Вазирлар Маҳкамасининг 348-сон қарорига мувофиқ, 15 июлдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари юридик шахслар учун қайта кўриб чиқилди, бироқ аҳоли учун амалдаги нархлар ўзгаришсиз қолдирилди.

Қарорга кўра, аҳоли учун электр энергиясининг базавий тарифи 295 сўм, табиий газнинг базавий тарифи эса 380 сўм даражасида сақлаб қолинди. Шунингдек, юридик шахслар учун электр энергияси тарифи 450 сўмдан 600 сўмга, яъни 33,3 фоизга оширилди. Табиий газ тарифи эса 660 сўмдан 1100 сўмга етди. Бир йил ичида табиий газ тарифи деярли 2 баробарга кўтарилган.

Юқоридаги ўзгаришлар натижасида базавий тарифлар беш йил давомида қандай ўзгарганини қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

Базавий тариф учун ( 200 kWh ҳисобида) :

rasm

Сўнгги беш йилда аҳоли учун қўлланиладиган базавий электр энергияси ва табиий газ нархлари сезиларли даражада ошди. 2022 йилда электр энергиясининг базавий тарифи 1 kWh учун 295 сўм бўлса, 2026 йил 1 июндан у 650 сўмга етди. Натижада беш йил ичида базавий электр энергияси нархи 355 сўмга ошган.

Табиий газ бўйича ўсиш бундан ҳам юқори бўлди. 2022 йилда базавий тариф 1 куб метр учун 380 сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йил 1 июндан у 1100 сўм этиб белгиланди. Бу эса беш йил давомида базавий табиий газ нархи 720 сўмга ёки қарийб уч баравар ошганини англатади.

Бироқ бу ўсиш бир маромда кечгани йўқ. 2022 ва 2023 йилларда асосий ўзгаришлар юридик шахслар тарифларига тааллуқли бўлган бўлса, 2024 йилдан бошлаб ўзгаришларнинг асосий қисми аҳоли тарифларига ҳам татбиқ этилди. Айниқса, ижтимоий норма жорий этилиши билан истеъмол ҳажмига қараб ҳисобланадиган янги тизимга ўтиш ўзгаришларнинг давоми бўлди. 2025 ва 2026 йилларда эса тарифлар босқичма-босқич индексация қилинадиган бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги бош мутахассиси Насибулло Муҳаммаджонов маълум қилган.

“Тарифлар такроран кўтарилмаяпти. 2026 йилдан энергия тарифлари инфлайтсия даражасига қараб индексация қилинди. Бу дегани – инфлайтсия ошгани сари, энергия тарифлари ҳам шунга мос равишда ошиб бориши керак”, – дея изоҳ берди у.

Умуман олганда, беш йил ичида электр энергиясининг базавий тарифи 120,3 фоизга, табиий газники эса 189,5 фоизга ошди. Бироқ бу кўрсаткичларга тўлиқ баҳо бериш учун Ўзбекистон тарифларини Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан ҳам таққослаб кўриш жуда муҳим.

Қўшни давлатларда электр энергияси нархлари қандай?

Марказий Осиё давлатларида аҳоли учун электр энергияси тарифлари мамлакатларнинг энергетика тизими, электр ишлаб чиқариш харажатлари ва давлат томонидан бериладиган субсидиялар даражасига қараб фарқ қилади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергияси нархлари бир хил эмас, айрим давлатларда тарифлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида паст даражада ушлаб турилади.

Қирғизистонда аҳоли учун электр энергияси тарифлари минтақадаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.Мамлакатда 1 kWh  электр энергияси нархи 1,64 қирғиз сомини ташкил этиб, бу тахминан 230 сўмга тенг. Паст тарифлар асосан мамлакат энергетика тизимида гидроэнергетика улушининг юқорилиги ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш сиёсати билан изоҳланади.

Тожикистонда 2026 йил 1 февралдан бошлаб аҳоли учун электр энергияси тарифи қарийб 0,05 доллар этиб белгиланган. Бу тахминан 480–490 сўмга тенг. Бироқ электр энергияси истеъмоли белгиланган ҳажмдан ошган тақдирда, ортиқча қисм учун юқорироқ — 0,10 долларни ёки қарийб 1 100 сўм  тариф қўлланилади.

Қозоғистонда электр энергияси тарифлари ҳудудлар ва истеъмол ҳажмига қараб шаклланади. Аҳоли учун ўртача нархлар тахминан 600–780 сўмга тенг. Мамлакатда тарифларнинг фарқланишига электр ишлаб чиқариш ва ҳудудий тақсимот харажатлари таъсир қилади.

Ўзбекистонда аҳоли учун электр энергияси тарифлари  ижтимоий норма доирасида 1 kWh электр энергияси нархи 650 сўмга кўтарилган. Бу кўрсаткич Қирғизистондаги тарифдан қарийб 2,8 баравар юқори, Тожикистондаги нархдан эса тахминан 30–35 фоизга қимматроқ. Қозоғистондаги ўртача тарифлар билан солиштирганда эса Ўзбекистондаги нарх ҳудуд ва истеъмол ҳажмига қараб юқори ёки пастроқ нархда бўлиши мумкин.

Бироқ ушбу нархларни тўғридан-тўғри таққослаш ҳар доим ҳам тўлиқ манзарани акс эттирмайди. Сабаби, Марказий Осиё давлатларида электр энергияси тарифларини ҳисоблаш тизими турлича. Ўзбекистонда олти поғонали ижтимоий норма тизими амал қилса, Қирғизистон ва Тожикистонда асосан икки поғонали, Қозоғистонда эса ҳудуд ва истеъмол ҳажмига қараб ўзгаради.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатлар ўртасидаги таққослашда аҳоли учун базавий ва  ўртача тарифлар асос қилиб олинди.

Teglar

Mavzuga oid