Судралиб келган фожиа: ССПЕ нима ва у Ўзбекистон болаларига қандай зарба бермоқда?
Тошкентдаги ССВ биноси олдида тўпланган ота-оналар учун вақт аллақачон бой берилган. Қизамиқ эпидемияси вақтида эмланмаган ёки нотўғри ташхис қўйилган юзлаб болалар бугун давоси йўқ мия хасталиги — ССПЕ билан курашмоқда. Бунда расмийлар берган статистика ва амалдаги ҳолатлар ўртасида ҳам жиддий тафовутлар мавжуд.

9-сентябр куни фарзандларига субакут склерозловчи паненсефалит (ССПЕ) ташхиси қўйилган бир гуруҳ ота-оналар Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида йиғилди. Мурожаатчиларнинг ҳукуматдан сўрови бемор болалар учун зарур дори-дармонларни таъминлаш, болаларни парваришлашда моддий кўмак бериш, мутахассисларни кўпайтириш ва касалхоналарни кенгайтириб бериш ҳамда бу касалликнинг мамлакат бўйлаб янада оммалашиб кетишининг олдини олиш бўлган.
Йиғилганлар тахминан 200 киши бўлган ва уларни Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов қабул қилиб, муаммоларини эшитган. Вазирнинг мурожаатчилар билан учрашуви ёпиқ тарзда ўтказилди ва унга журналистлар киритилмади. Бунинг сабаблари эса изоҳсиз қолдирилди. Умуман, вазирлик ҳозиргача ҳам бу масала атрофидаги бирор саволга жавоб бераётгани йўқ. Ёпиқ мулоқотда қатнашган ота-оналарнинг сўзларига кўра, Элдор Одилов мурожаатчиларга уларнинг мурожаатлари назоратга олиниб, ечим изланишига ваъда берган. Ҳатто беморларга ёрдам кўрсатиш бўйича қилинадиган ишлар юзасидан ота-оналарга кунлик ҳисобот эълон қилиб борилиши айтилган. Шу ваъдалардан сўнг мурожаатчилар масаланинг ижобий ечим топишига умид қилиб тарқалишган.
Vaqt.uz шу воқеа, уни юзага келтирган омиллар ҳамда мураккаб касаллик атрофидаги очиқ саволларни таҳлил қилади.
ССПЕ ўзи қандай касаллик?
Тиббиётда субакут склерозловчи паненсефалит (ССПЕ) деб аталувчи бу хасталик алоҳида, мустақил вирус эмас. У — барчамизга таниш бўлган оддий қизамиқ вирусининг йиллар ўтиб мияда юзага чиқадиган энг оғир, ўлим билан якунланувчи асоратидир. АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти маълумотларига кўра, қизамиқ билан оғриган бола тўлиқ тузалиб кетгандек кўринса-да, вирус мия тўқималарига кириб, яшириниб олади. Бу яширин давр ўртача 7–10 йил, баъзан эса 2,5 йилдан 34 йилгача давом этиши мумкин. Бу вақт ичида вирус мияда секин-аста ўзгариб (мутацияга учраб), тана ҳимоя тизимини алдайди ва асаб ҳужайраларини емириб боради.
Халқаро энсефалит фонди (Энcепҳалитис Интернатионал) профессорларининг ёзишича, ССПЕ — бу қизамиқни бошдан кечиргандан сўнг миянинг оғир яллиғланиши билан кечадиган жуда кам учрайдиган касаллик туридир. У қизамиқ билан касалланган ҳар 50 минг боладан тахминан биттасида учрайди. Мақолада келтирилишича, бу хасталик айниқса ривожланаётган мамлакатларда кўпроқ кузатилади, сабаби у ерда қизамиқ билан оғриш даражаси юқори ва эмлаш қамрови паст бўлади.
Vaqt.uz хасталикнинг табиати ва унга қарши кураш ҳақида тиббиёт фанлари доктори Шермуҳаммад Умиров билан суҳбатлашди.

Шермуҳаммад Умиров тиббиёт фанлари доктори
Профессорнинг айтишича, касаллик асосан икки ёшгача бўлган болаларда кўп учрайди ва 4 босқичда ривожланади. Дастлаб тўлиқ соғлом болада кутилмаганда турли ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди: жиззакилик, хотиранинг пасайиши, мактабда ўзлаштиришда ортда қолиш каби илк аломатлар сезилади.
«Иккинчи босқичда кўзларнинг хиралашиши, ҳаракатланишдаги чекловлар, фикрини тўлиқ ифода эта олмаслик кузатилади. Қўл-оёқларнинг вақти-вақти билан ўз-ўзидан, назорациз силкиниши ва тана қотиб қолиши секин-аста пайдо бўлади. Ундан кейинги учинчи ва тўртинчи босқичларда эса бемор ўта оғир аҳволга келиб қолади. Ҳаракатланиш бутунлай тўхтайди, бола мустақил овқатланолмайдиган, ҳатто сувни ҳам ютолмайдиган ҳолатга келади. Бемор бу аҳволда кўп ойлар ёки йиллар давомида яшаб қолиши мумкин. Ўлим кўпинча зотилжам (пневмония) каби қўшимча инфекциялар туфайли содир бўлади».
Эмлаш ССПЕга сабаб бўладими?
Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат билан келган ота-оналарнинг касаллик бўйича фикрлари ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади. Масалан, айрим ота-оналар қизамиқ касаллигининг оғир асорати ҳисобланган бу ҳолат асосан 2019-йилда туғилган болаларда кузатилаётганини айтган. Бошқалар эса фарзандлари қизамиқ вирусига қарши эмлатилгандан бир неча кун ўтиб оғир аҳволга тушиб қолганини билдирган. Эмлаш ёшига етмай қизамиқ билан оғриган болаларнинг ота-оналари эса бола қизамиқдан тўлиқ тузалиб кетганидан анча йиллар ўтиб ССПЕ белгиларининг юзага чиққанини айтган.
Хўш, ҳақиқатан ҳам эмлаш ССПЕга олиб келадими? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра — йўқ. Ташкилот ҳисоботлари ҳам, шифокорлар хулосаси ҳам ССПЕдан ҳимояланишнинг энг яхши усули айнан эмлаш эканлигини кўрсатмоқда. Масалан, Халқаро энсефалит фонди агар бола ваксина олишидан олдин қизамиқ вирусини юқтириб олмаган бўлса, қизамиққа қарши эмлаш уни ССПЕдан ҳимоя қилишини маълум қилган.
АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти (НИҲ) клиник тадқиқотларига кўра, ССПЕ фақатгина табиий равишда юққан қизамиқ вируси туфайли юзага келади. Эмлашда қўлланиладиган ваксина таркибидаги кучсизлантирилган вирус эса мияга ўтиш, кўпайиш ва у ерда ўзгариб мияни зарарлаш хусусиятига эга эмас. Буни шу кунгача вафот этган ССПЕ беморларининг мия тўқималаридан олинган лаборатория таҳлиллари ҳам тасдиқлаган: уларнинг ҳеч биридан ваксина вируси топилмаган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги келтирган маълумотда ҳам болаларда учраётган склерозлашган паненсефалит аҳоли орасида қизамиққа қарши эмланишдан бош тортиш ҳолатлари кўпайганлиги туфайли юзага келаётгани айтилади. Ўзбекистонда ҳам ушбу касалликка чалинган болаларнинг аксарияти қизамиққа қарши эмланмаган.
Маҳаллий мутахассислар, хусусан, болалар неврологи Сардор Анорбоев ҳам бу борадаги қўрқувлар асоссиз эканини билдирди. Шифокорнинг фикрича, неврологик касаллик белгиларининг юзага чиқиши кўпинча боланинг 1–2 ёшига — айнан эмлаш тадбирлари ўтказиладиган даврига тўғри келиб қолади. Натижада ота-оналарда «Ваксина олди, кейин ўзгариб қолди» деган янглиш хулоса пайдо бўлади.
«Тиббиётда икки ҳодисанинг бир вақтда содир бўлиши, улардан бири иккинчисига сабаб бўлганини англатмайди», — дейди невролог.
У асоссиз ваҳима сабаб эмлашдан бош тортиш болаларни қизамиқ ва унинг ССПЕ каби даҳлизли асоратлари олдида ҳимоясиз қолдиришидан огоҳлантирган.
Энди табиий савол туғилади: агар эмлаш хавфли касалликларнинг олдини олиш учун зарур восита бўлса, «Соғлом юрган фарзандим ваксина олгандан кейин оғир аҳволга келиб қолди», деяётган оналар бу хулосага нима сабабдан келган?
Шермуҳаммад Умировнинг фикрларига кўра, ота-оналарда бундай шубҳалар пайдо бўлишини ҳам мутлақо асоссиз деб бўлмайди. Чунки жойларда эмлаш жараёнларини ташкил этишда жиддий қоидабузарликларга ҳам йўл қўйилаётган ҳолатлар кўп.
«Баъзи ташкилотлар томонидан эмлаш қоидаларига амал қилинмаётгани, муддати ўтган препаратлардан фойдаланилаётгани рост. Ваксиналар алоҳида стерил хонада, махсус контейнерларда сақланиши ва белгиланган тартибда қилиниши керак. Аммо амалиётда нестерил жойларда — боғча ёки мактабларнинг ўзида қоидаларни бузган ҳолда эмлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Мен бу хатоларни оқламоқчи эмасман, биз оппоқ эмасмиз. Тиббиёт тизимида бу каби камчиликлар борлигини тан олишимиз керак», — дейди шифокор.
Шифокор гарчи эмлаш жараёнидаги қўпол хатоларни тасдиқлаган ва уларни тиббиётдаги оғир муаммолар дея санаган бўлса-да, у ССПЕнинг асл келиб чиқиш сабаби барибир ваксина эмаслигини айтади. Умировнинг тушунтиришича, муаммонинг илдизи — боланинг ёшлигида қизамиқ билан оғригани ва ота-оналарнинг бепарволиги оқибатида касалликнинг охиригача даволанмаганидир. Бола асосан икки ёшгача бўлган даврда қизамиқ ёки қизилча билан касалланганда, аксарият ота-оналар бунга жиддий эътибор бермайди. Болага оддий вирусга ёки аллергияга қарши дорилар берилади, уй шароитида юзаки даво чоралари кўрилади. Ташқи белгилар йўқолгач, ота-она болани тўлиқ тузалди деб ҳисоблайди.
«Лекин вирус организмда, хусусан, бош мияда сақланиб қолади. Йиллар ўтиб, арзимаган сабаб — оддий шамоллаш, вақтида овқатланмаслик, оч қолиш ёки соғлом турмуш тарзининг бузилиши оқибатида боланинг иммунитети кескин тушиб кетади. Айнан шу пайтда мияда ухлаб ётган вирус ўз кучини кўрсатади ва асаб ҳужайраларини зарарлашни бошлайди. Шундан сўнг болада касаллик белгилари юзага чиқади», — дея тушунтиради шифокор.
ССПЕнинг давоси борми?
Афсуски, бутун дунё тиббиёти ҳозирча бу касалликка даво топгани йўқ. Буюк Британиянинг Халқаро энсефалит фонди профессорлари ҳамда АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти (НИҲ) хулосаларига кўра, ССПЕ мутлақо даволаб бўлмайдиган, доимий зўрайиб борувчи касалликдир. Хасталикнинг ўлим кўрсаткичлари статистикаси 95 фоизни ташкил этади. Одатда, илк белгилар намоён бўлиб, ташхис тасдиқланганидан сўнг беморларнинг аксарияти 3–5 йил ичида қўшимча касалликлар сабаб вафот этади.
Ҳозирги кунда дунёда қўлланилаётган муолажалар касалликни тўлиқ енгишга эмас, балки унинг ривожланишини имкон қадар секинлаштириш ва беморнинг оғриқларини енгиллаштиришга қаратилган. Буюк Британия болалар неврологларининг тадқиқотларига кўра, ҳозиргача фақатгина маълум бир вирусга қарши дори воситалари орқали касалликни вақтинча барқарорлаштиришга эришилган. Аммо бу дорилар ҳам вақтинчалик самара беради — маълум муддат ўтгач, хасталик барибир ўз таъсирини давом эттиради.
Шунинг учун ССПЕни бошқаришнинг халқаро стандартлардаги энг мақбул усули — белгиларни пасайтирувчи даволашдир. Асосий эътибор беморни энг кўп қийнайдиган оғир тутқаноқ хуружларини тўхтатувчи ҳамда қотиб қолган мушакларни бўшаштирувчи дориларга қаратилади.
Бироқ фарзанди ССПЕга чалинган оналардан бирининг айтишича, фарзанди 4 йилдан бери шу касаллик билан курашиб келмоқда, бугун унинг саломатлигида ижобий ўзгаришлар бор.
«Шифокорлар бу касалликнинг давоси йўқ деб қайтариб юборишган, лекин мен фарзандимни парвариш қиляпман. Унда ижобий ўзгаришларни кўряпман», — дейди умидвор она.
Vaqt.uz суҳбатлашган ва фарзанди ССПЕга йўлиққан яна бир ота касаллиги илк босқичларда аниқланган 3 нафар болани шахсан билиши, улар тўлиқ тузалгани ва бугун мактабга бораётганини билдирди. Бундан келиб чиқадики, касалликни эрта босқичларда аниқлаш уни даволаш имконини бериши мумкин. Буни тиббиёт фанлари доктори Шермуҳаммад Умиров шундай тасдиқлайди:
«Касалликни қанча эртароқ аниқласак, беморнинг тузалиши ва соғлом ҳаётга қайтиш эҳтимоли шунча баланд бўлади. Шунинг учун ота-оналар бефарқ бўлманг, эмлашга, унинг соғлиғига, унда кечаётган жараёнларга эътиборли бўлинг. Ўз вақтида мутахассисга кўрсатинг. Ана шундагина сиз болангизнинг ҳаётини, соғлиғини сақлаб қолган бўласиз».
ССПЕ бўйича қандай тадқиқотлар қилинмоқда?
Гарчи аниқ ечим бўлмаса-да, Халқаро энсефалит фонди маълумотларига кўра, айни пайтда йирик тиббиёт марказларида касалликка қарши иммунитетнинг бузилиши ва бу жараённи қандай қилиб ортга қайтариш мумкинлиги устида ишланмоқда. Аммо ҳали аниқ бир даволаш усули топилмаган. Кўриб чиқилаётган яна бир ёндашув — вирус яшаб қолиши учун зарур бўлган оқсилларни ишлаб чиқарувчи генетик материалини (РНК) тўхтатиш орқали организмда сақланиб қолган қизамиқ вирусини блоклашдир. Бироқ бу изланишлар ҳозирча якуний натижа бермаган. Шунинг учун бугунги кунда тиббиётнинг барча шу турдаги оғир хасталикларга ягона ечими ўз вақтида тўғри эмлаш бўлиб қолмоқда.
Бу борада Ўзбекистонда ҳам турли тадқиқотлар олиб борилган. Масалан, Шаҳло Саидазизова ва Ф.У. Иномов каби тадқиқотчилар томонидан кенг кўламли илмий тадқиқот натижаларига эътибор қаратайлик. Тадқиқот натижалари 2025-йил сентябр ойида нуфузли «Халқаро илмий педиатрия» журналида эълон қилинган. Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази олимлари томонидан ўтказилган ушбу изланишлар 2019–2024-йиллар давомида ССПЕ ташхиси қўйилган 180 нафар ўзбекистонлик бемор боланинг касаллик тарихига асосланган.
Илмий мақоланинг энг муҳим қисми бевосита эмлаш кўрсаткичлари билан боғлиқ. Тадқиқотга жалб қилинган 180 нафар боладан 158 нафарининг эмлаш тарихи аниқ ҳужжатлаштирилган. Ушбу 158 нафар хаста боланинг атиги 63 нафари (40 фоизи) қизамиққа қарши эмланган. Қолган 95 нафар (60 фоиз) бола умуман эмланмаган ёки ваксинани тўлиқ дозада олмаган бўлиб чиққан. Олимларимиз ушбу рақамларга таяниб, ССПЕ эпидемиясига эмлаш эмас, аксинча, ваксина билан қамраб олиниш даражасининг ўта пастлиги сабаб бўлаётгани ҳақида қатъий хулосага келишган.
Шунингдек, тадқиқотда мамлакатда тиббиёт тизимидаги яна бир оғриқли нуқта очиқланган. Хасталик белгилар когнитив пасайиш ва миоклоник тортишишлар билан бошлангани сабабли, жойлардаги шифокорлар болаларга йиллаб бошқа нотўғри ташхислар (масалан, эпилепсия ёки руҳий хасталик) қўйиб келган. Натижада касаллик ўтказиб юборилган. Олимларнинг таъкидлашича, касалликни юз фоиз тўғри ва эрта аниқлаш учун оддий кўрик етарли эмас. Бемор бир вақтнинг ўзида ЭЕГ, МРТ ва энг асосийси — орқа мия суюқлигида қизамиққа қарши антитаналар миқдорини таҳлил қилиш орқали кенг қамровли текширувдан ўтказилиши шарт.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар
Дунё миқёсида ССПЕ билан касалланган беморларнинг аниқ умумий сонини кўрсатувчи ягона глобал статистика йўқ. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ҳар 100 минг нафар қизамиқ билан касалланган беморларнинг 4 тадан 11 тагача бўлганида ССПЕ ривожланиши мумкин. Аммо бу касалликка чалинган Ўзбекистондаги беморлар сони бўйича жиддий чалкашликлар мавжуд. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2025-йилда берган статистикасида келтирилишича, Ўзбекистонда бу касалликка чалинган жами 130 нафардан зиёд бола рўйхатга олинган. 2026-йил учун янгиланган статистика эса вазирликнинг расмий сайтида ҳали эълон қилинмаган. Тадқиқотчилар — Шаҳло Саидазизова ва Ф.У. Иномовнинг илмий изланишларида эса 2019–2024-йиллар давомида ССПЕ ташхиси қўйилган 180 нафар ўзбекистонлик бемор боланинг касаллик тарихи ўрганилгани айтилади.
Бундан ташқари, узоқ йиллардан бери фарзанди шу касаллик билан курашиб келаётган Саидкомил Муродовнинг Вақт.узга маълум қилишича, бугунги кунда ССПЕ билан курашиб келаётган болалар сони 300 нафардан ортиқни ташкил қилади. Унинг қўшимча қилишича, у билган яна 60 нафар бола шу касаллик оқибатида нобуд бўлган. Айниқса 2019-йилда туғилган болаларда бу касаллик кўп учрамоқда. Саидкомил Муродовнинг фикрича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг касаллик борасида бераётган статистикаси реал рақамларга мос келмайди.
«Соғлиқни сақлаш вазирлигининг касалликка чалинган беморлар бўйича статистикаси нотўғри», — дейди у.
Статистика борасидаги бу тафовут Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида қатор муаммолар борлигини, масала кундан-кун жиддийлашиб бораётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, тадқиқотда айтилганидек, ўз вақтида тўғри ташхис қўймаслик хасталикнинг авж олиб кетишига, оқибатда бемор нобуд бўлишига олиб келади. Бу эса кадрлар масаласида ҳам жиддий муаммолар борлигини кўрсатади.
Шунингдек, мамлакат тиббиёт тизимида бу хил касалликларга эрта ва тўғри ташхис қўйиш, бунинг учун малакали кадрлар етишмовчилиги муаммоси ҳам сақланиб қолмоқда. Бу муаммолар ҳақида гапираркан, шифокор Шермуҳаммад Умиров шундай дейди:
«Ўзбекистон аҳолиси 40 миллионга яқинлашмоқда, бироқ мутасаддилар ўсиб бораётган эҳтиёжга мос равишда тор доирадаги мутахассисларни кўпайтириш масаласини ўз зиммасига олмаяпти. Тиббиёт олийгоҳларида неврологлар ва бошқа зарур шифокорларни тайёрлаш учун ажратилаётган қабул квоталари жуда кам. Натижада ҳудудларда кадрлар тақчиллиги юзага келяпти. Бу квоталарни зудлик билан ошириш керак».
Нега касаллик айнан 2019-йилда туғилган болаларда кўп учраяпти?
Фарзанди ССПЕга йўлиққан ота-оналарнинг аксари болалари асосан 2019–2023-йилларда туғилганини билдирган. Ўзбекистонлик олимларнинг тадқиқоти ҳам айнан шу йилларда туғилган 180 нафар беморни қамраб олгани бу ҳолат тасодиф эмаслигини кўрсатади. Ўрганишларимизга кўра, ушбу хронологик мосликнинг учта асосий сабаби бўлиши мумкин:
1. Пандемия сабабли қолдирилган эмлашлар. 2019-йилда туғилган болалар қизамиққа қарши биринчи ваксинани олиш ёшига етган вақт — 2020-йилдаги CОВИД-19 пандемияси даврига тўғри келди. Карантин чекловлари, поликлиникалар фаолиятидаги узилишлар ва ота-оналарнинг шифохонага боришдан хавотирланиши оқибатида кўплаб болалар ўз вақтида эмланмади. Натижада ушбу авлод қизамиқ вирусига қарши етарли иммунитециз қолган. Буни АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институтининг тадқиқотлари ҳам тасдиқлайди.
2. Қизамиқ инфекциясининг тарқалиши. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2018–2019-йилларда бутун дунёда, хусусан Марказий Осиёда ҳам қизамиқ эпидемияси қайд этилган. 2019-йилнинг илк уч ойида бутун дунёда қизамиқ билан касалланиш тўрт баробарга ошган. Эмлаш ёшига етмаган ёки пандемия сабабли ваксинадан қолиб кетган чақалоқлар айнан шу даврда қизамиқнинг ёввойи штаммини юқтириб олган ва касалликни кўпинча яширин шаклда ўтказган бўлиши мумкин.
3. Касалликнинг 7-8 йиллик яширин даври. Тиббий тадқиқотлар хулосасига кўра, қизамиқ вируси мия тўқималарига жойлашгач, ССПЕ белгиларини юзага чиқариши учун баъзан 7-8 йил яширин давр ўтади. Беморларнинг чақалоқлик пайтида юқтириб олган инфекцияси хронологик жиҳатдан айнан бугунга келиб тўлиқ клиник белгилар билан намоён бўлмоқда.
Демак, хасталикнинг айнан 2019-йилда туғилган болаларда оммалашиши пандемия сабабли эмлашдаги узилишлар, минтақада қизамиқ тарқалиши ҳамда касаллик яширин даврининг бугунги кунга тўғри келиши билан изоҳланади.
Хулоса: ёпиқлик сабаб тизимга нисбатан ишончсизлик кучаймоқда
Биринчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан касаллик билан боғлиқ вазиятни матбуотдан яширишга уриниш, бу масалага мурожаат қилган журналистларга нисбатан кўрсатилаётган муносабат ҳамда рақамлар борасидаги кескин тафовут энг аввало унга нисбатан муносабатда муаммо катта эканини кўрсатади.
Расмийлар тушуниши керак, масалани матбуот кўзидан панада ушлаш ва реал статистикани яширишга уриниш муаммони йўқотмайди, аксинча, одамлар орасида ваҳимани кўпайтириб, давлат тиббиёт тизимига нисбатан ишончсизликни оширади. Натижада, ҳар қандай тиббий муаммо оғир ижтимоий-сиёсий инқирозга айланиши мумкин. ССПЕ атрофидаги вазият ҳозир шундай.
Иккинчидан, касалликнинг келиб чиқиши ва ваксинация ўртасидаги мантиқий боғлиқликни тўғри англаш керак: ССПЕ — бу ваксина асорати эмас, балки ўз вақтида ва тўлиқ олинмаган эмлаш натижасида ўтказиб юборилган қизамиқ вирусининг мудҳиш оқибатидир. 2018–2019-йиллардаги қизамиқ эпидемияси ҳамда CОВИД-19 пандемияси давридаги тизимли узилишлар бугун, орадан 7-8 йил ўтиб, болалар саломатлигида ўзининг фожеали акс-садосини бермоқда. Демак, масъулият ваксинанинг ўзида эмас, балки уни ташкиллаштириш ва қамраб олишдаги маҳаллий хатоликларда.
Учинчидан, маълум бўляптики, Ўзбекистон тиббиётида хавфли ва давоси аниқланмаган касалликлар борасида изланишларни кучайтириш ҳамда ёш тадқиқотчиларни бу изланишлар учун рағбатлантириш тизими тўлиқ қайта кўриб чиқилиши керак. Нега ёш олимлар тадқиқот учун хорижий мамлакатларни танлаяпти ёки илмий янгиликлар қилган ёш изланувчиларнинг хорижга кўчиб кетиш ҳолатлари нега кўп? Бу муаммолар жиддий ҳамда виждонан қилинган таҳлилларни талаб қилади.
Тўртинчидан, жамиятдаги “ваксина ва эмлашга қаршилик” кайфияти ва ёлғон мифларга барҳам бериш борасида ҳукумат танлаши керак бўлган ягона йўл — комплекс ва амалий чоралар кўришдир. Давлат бу муаммони хусусий оилавий трагедия даражасида қолдирмасдан, учта зудлик билан бажариладиган қадамни ташлаши керак. Масалан, бемор болаларга бепул ва тизимли медико-социал ёрдам кўрсатиш, эмлаш жараёни ва ваксина сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш ҳамда ССПЕ бўйича очиқ ва холис миллий реестрни шакллантириш. Акс ҳолда, профилактика тизимидаги ҳар бир бўшлиқ келажакда янги фожеаларни туғдиришда давом этади. Пандемия даврида касалликнинг авж олиши бизга аччиқ хулоса бўлиши шарт.
Teglar






