Logo

Аҳоли мурожаатларини ҳал қилмаган 151 мансабдор ишдан олинди

Bugun 12:252 daqiqa

Саккиз ойда мурожаатлар билан ишлашда камчиликка йўл қўйган ходимларига чора кўриш бўйича давлат ташкилотларига 5 минг 486 та ҳужжат киритилган.

Аҳоли мурожаатларини ҳал қилмаган 151 мансабдор ишдан олинди © Ijtimoiy tarmoqlar

2026-йил январ–август ойларида аҳоли мурожаатларини ҳал этишда камчиликка йўл қўйган 151 нафар давлат ходими лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхоналари матбуот хизмати маълум қилди.

Таҳлилларга кўра, саккиз ой давомида мурожаатлар билан ишлашда камчиликка йўл қўйган ходимларга чора кўриш бўйича давлат ташкилотларига 5 минг 486 та ҳужжат киритилган.

Натижада вазифаларини етарли даражада бажармаган 151 нафар шахс ишдан бўшатилган. Яна 833 нафар ходимга ҳайфсан берилган.

Шунингдек, 150 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган, 1335 нафари расман огоҳлантирилган. Фаолиятидаги камчиликлар учун 89 киши жаримага тортилган, 8 нафар ходимнинг лавозими пасайтирилган.

Қайси соҳаларда кўп?

Президент Халқ қабулхоналари таҳлилида айрим соҳаларда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликлар кўпроқ кузатилгани қайд этилди.

Хусусан, бандлик, маҳалла, Мажбурий ижро бюроси, соғлиқни сақлаш, прокуратура, ижтимоий ҳимоя ва энергетика тизимларида масъуллар томонидан энг кўп хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Мурожаатлар бўйича киритилган ҳужжатлар нафақат айбдор ходимларга чора кўриш, балки тизимдаги муаммоларни бартараф этишга ҳам қаратилган.

Шу мақсадда мурожаатлар сони юқори бўлган 10 га яқин ташкилотда амалий ўқув семинарлари ташкил этилган. Уларда мурожаатлар билан ишлаш тартиби ва йўл қўйилаётган хатоларни бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилган.

Президент Халқ қабулхоналари аҳоли мурожаатлари асосида масъулларга чора кўриш билан бирга, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган тизимли камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш ишларини ҳам олиб бормоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Аҳоли мурожаатларини ҳал қилмаган 151 мансабдор ишдан олинди | Vaqt.uz