Logo

Сурхондарёда электр нега узилди? Авария сабаби очиқланди

Kecha 22:251 daqiqa

Энергетика вазирлигига кўра, ҳозирда вилоятда электр таъминоти тўлиқ тикланган.

Сурхондарёда электр нега узилди? Авария сабаби очиқланди © Pxhere

Энергетика вазирлиги Сурхондарё вилоятида электр таъминоти тўлиқ тикланганини маълум қилди. Соат 14:38 да Марказий Осиё ягона энергетика тизимида авариявий ҳолат юзага келиб, Ўзбекистон ва қўшни давлатларда электр узилишлари кузатилган.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компаниясининг электр тармоқлари ва подстанцияларида аварияга қарши автоматика тизимларининг ўз вақтида ишга тушиб, авариянинг республика энерготизимида кенгайиб кетишининг олди олинган.

Шунингдек, аварияда қисқа вақт ичида йўқолган қувватни қоплашда энергия сақлаш тизимларидаги BESS захира энергиясини тармоққа тезкор узатиш муҳим рол ўйнаган.

Таъминотини қисқа вақт ичида тўлиқ тиклаш имконсиз бўлган

Вазирликка кўра, Сурхондарё электр таъминоти асосан иккита 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи орқали таъминланади. Улардан бири қўшни давлат ҳудудидан, иккинчиси Қашқадарё вилоятидан электр энергияси етказиб беради.

Авария вақтида ушбу икки тармоқдан бирида режали таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу сабабли қўшни давлат томонидан электр энергияси келадиган тармоқда узилиш юзага келиши вилоят электр таъминотини қисқа вақт ичида тўлиқ қайта тиклаш имконини чеклаган.

«Олиб борилган тезкор чоралар натижасида режали таъмирлашда бўлган 500 кВли электр узатиш тармоғи хавфсизлик талабларига мувофиқ ишга тайёр ҳолатга келтирилиб, қайта ишга туширилди. Бунинг натижасида Сурхондарё вилоятида электр таъминоти босқичма-босқич тўлиқ тикланди», — дейилади хабарда.

Teglar

Mavzuga oid