Татаристондаги дрон ҳужуми оқибатида 7 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Россиянинг Нижнекамск шаҳридаги дрон ҳужуми оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Улар орасида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси бор.

10-август куни Татаристоннинг Нижнекамск шаҳридаги қатор ишлаб чиқариш ва фуқаролик объектларига дронлар ҳужуми содир этилди. Ҳодиса оқибатида Ўзбекистоннинг 7 нафар фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Татаристон расмийларининг сўнгги маълумотига кўра, ҳужум қурбонлари сони 13 нафарга етган. Ҳалок бўлганлар орасида бир нафар бола ҳам бор. Дастлаб 39 киши жароҳат олгани хабар қилинган, кейинроқ 75 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани маълум қилинди. Уларнинг 21 нафари шифохонага ётқизилган.
Консулхона ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Муассаса воқеани назоратга олганини, маҳаллий масъул идоралар ва тергов органлари билан зарур алоқалар ўрнатилганини маълум қилди.
Консулхона маълумотига кўра, ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини суд-тиббий экспертиза ва зарур расмий жараёнлар якунланганидан сўнг Ўзбекистонга қайтариш бўйича ишлар амалга оширилади.
10-август тонгида Нижнекамскдаги бир нечта саноат корхоналари ҳужумга учраган.
Шунингдек, «Нижнекамскнефтехим» нефт-кимё мажмуасига ҳам зарба берилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Мазкур саноат зонасида «Татнефть»га тегишли «ТАНЕКО» нефтни қайта ишлаш мажмуаси ва «ТАИФ-НК» нефтни қайта ишлаш комплекси ҳам жойлашган. Россия расмийлари дронлар Нижнекамскдаги саноат ва фуқаролик объектларига ҳужум қилганини билдирди.
Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитмаси террорчилик акти моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.





