Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иссиқхоналар Сурхондарёга кўчирилади
Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади, кўмир ва мазут ёқиладиган иссиқхоналар қуришга рухсат берилмайди. Солиқлар ҳам юқори оширилган коэффициентларда ҳисобланади.
© Президент матбуот хизматиТошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган иссиқхона хўжаликлари иқлим шароити қулай бўлган Сурхондарё вилоятига босқичма-босқич кўчирилиб, молиявий қўллаб-қувватлаш ва замонавий инфратузилма билан таъминланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 9-апрел куни қабул қилинган «Сурхондарё вилоятида иссиқхона хўжаликларини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларидаги иссиқхона хўжаликларини кўчиришдан бўшаган ер участкаларида ижарачилар томонидан ҳудуднинг ихтисослигидан келиб чиқиб, интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик йўналишларида фаолиятини давом эттириш ёки «яшил боғлар»ни барпо этишга рухсат берилади.
Давлат мулки бўлган ва тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларидаги иссиқхоналар фаолияти тўхтатилиб, ер участкаларида бино ва иншоотлар қуриш (капитал қурилиш) ишларини амалга ошириш тақиқланади.
Тошкент вилоятида кўмир ёқадиган иссиқхоналарга рухсат берилмайди, газ ҳам етказиб берилмайди
Шунингдек, 2026-йил 1-июндан бошлаб Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғилардан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмайди.
2026-йил 1-августдан бошлаб Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади.
Ушбу туманларда иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади.
Солиқ кодексига Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги иссиқхоналар эгаллаб турган ер майдонлари учун ер солиғи ва кўчмас мулк учун мол-мулк солиғи ставкаларини амалдаги базавий ставкаларга нисбатан 10 баравар (ёки юқори оширилган коэффициентларда) миқдорида қўллашни назарда тутувчи ўзгартиш киритилади.
«Сурхон-Агро»даги тадбиркорлар учун енгилликлар
Қарорга мувофиқ, Сурхондарё вилоятидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун қатор молиявий енгилликлар берилади. Жумладан, 2028-йил 1-апрелга қадар «Сурхон-Агро» зонаси ҳудудига кўчадиган иссиқхоналар учун иссиқхона конструкция ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар 1 сотих ер майдони учун бир марталик, бироқ 500 минг сўмгача миқдорда қоплаб берилади.
Бундан ташқари, 2026-йил 1-сентябрга қадар «Сурхон-Агро» зонасининг мастер режасини ишлаб чиқиш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва иссиқхоналарни кўчириш билан боғлиқ субсидия механизмларини жорий этиш вазифалари белгиланди.
Қарор ижросини назорат қилиш бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов зиммасига юклатилди.
Нега Сурхондарё?
Илмий тадқиқотларга кўра, қиш ойларида иссиқхонада оптимал (+18…+22°C) ҳароратни сақлаш учун кетадиган харажатлар ҳудуднинг иқлимига бевосита боғлиқ. Масалан, январ ойида Тошкентда ўртача ҳарорат +6°C ни ташкил этса, Термизда бу кўрсаткич +10,8°C га тенг. Бу кичик фарқ иситиш харажатларида геометрик ўсишга сабаб бўлади. Натижада, Тошкент вилоятида 1 тонна маҳсулот етиштириш таннархи 11,9 млн сўм бўлса, Сурхондарёда атиги 4,9 млн сўмни ташкил этади.
Сурхондарёнинг Термиз ва Шеробод ҳудудлари йиллик қуёш нури тушиши бўйича республикада энг юқори кўрсаткичларга эга. Юқори инсоляция даражаси фотосинтез жараёнини тезлаштиради ва сунъий ёритишга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Бу нафақат энергияни тежайди, балки ўсимликларнинг тезроқ ўсиши ва ҳосилдорликнинг ошишини таъминлайди. Қишнинг юмшоқ келиши эса иситиш тизимларига бўлган юкламани камайтириб, молиявий барқарорликни оширади.
Мутахассисларнинг фикрича, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни оширишнинг энг самарали йўлидир. Сурхондарё мисоли шуни кўрсатадики, тўғри танланган ҳудуд харажатларни камайтириш билан бир қаторда, йил давомида узлуксиз ҳосил олиш имконини беради. Бу эса иссиқхона эгалари учун авариявий ҳолатлар хавфини камайтириб, ишлаб чиқариш занжирининг мустаҳкамлигини таъминлайди.
Иссиқхона маҳсулотларининг таннархидаги фарқ ҳудудлараро иқтисодий рақобатни белгилаб бермоқда. Сурхондарёда етиштирилган маҳсулот Тошкентдагига нисбатан 2,5 баравар арзон бўлиши, жанубий вилоятнинг нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорларда ҳам устунликка эга эканини англатади. Энергия ресурслари нархи ортиб бораётган шароитда, табиий иссиқлик ва ёруғликдан фойдаланиш энг муҳим тежамкорлик омилига айланмоқда.
Шу тариқа, Сурхондарё вилояти Ўзбекистоннинг асосий «иссиқхона ҳаби»га айланиши учун барча имкониятларга эга.





