Алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат берилди

Bugun 17:032 daqiqa

Ўзбекистонда 1 июндан меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналарида алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат берилади.

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат берилди © foodsafety.ru

26 май куни имзоланган «Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, меҳмонхона, ресторан ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун бир қатор енгилликлар берилган.

2026 йил 1 июндан бошлаб меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан:

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул тўловларини қабул қилишга рухсат берилади;
Алкогол маҳсулотлари харид қилинганда рақамли маркировка кодлари ушбу субъектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб эътироф этилади.

Умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун:

Айрим тоифадаги ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тарзда шу куннинг ўзида ва муайян муддатга расмийлаштириш ва иш хакини тўлаш тартиби жорий этилади;
Тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш, тушумнинг нақд пулсиз шаклда тушган улушидан қатъи назар, тўланган солиқ суммасининг 40 фоизи миқдорида амалга оширилади;
Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан фойдаланишда тўланадиган ижара тўлови миқдори Солиқ кодексида белгиланган тартибда аниқланадиган ер солигининг бир баравари миқдорида белгиланади.

2027 йил 1 январдан бошлаб:

Алкогол маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкогол маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар бирлаштирилади ва унинг ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида белгиланади;
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан тадбиркорлик субъектларига умумий майдони 1000 метр квадратдан кўп бўлган мол-мулк ижарага берилганда, солиқ солиш мақсадида ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланмайди, бундан Тошкент шаҳри мустасно;
Кичик бизнес субъектларига бухгалтерия ҳисобини юритувчи ташкилотлар ва солиқ маслаҳатчиларини жалб қилиш харажатларини икки баробарга оширган ҳолда чегиришга рухсат берилади.

Аввалроқ, 1 апрелдан алкогол ва тамаки маҳсулотлари учун нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш тақиқланган эди. Кейинроқ умумий овқатланиш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда ушбу чекловни қайта кўриб чиқиш масаласи кўтарилганди.

Teglar

Mavzuga oid