Тошкент вилоятидаги қурилишда бюджет маблағлари талон-торож қилинди
Нурафшон шаҳридаги оқова сув тозалаш иншооти қурилишида ҳужжатларда қайд этилган сумма билан бажарилган ишлар қиймати ўртасида миллиардлаб сўмлик тафовут бор.
© ijtimoiy tarmoqlarТошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида оқова сув тозалаш иншооти қурилишида 13,9 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Департаментнинг Зангиота тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда қурилиш ишлари бўйича ҳисоботларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар киритилгани маълум бўлди.
Қайд этилишича, қурилиши ишлари «Сув таъминот ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Тошкент ҳудудий бошқармаси ва Тошкент вилояти «Сувоқова» ДУК ўртасидаги шартномага кўра олиб борилган.
Тергов маълумотларига кўра, Нурафшон шаҳрида қурилаётган оқова сув тозалаш иншоотида амалда бажарилган 73,3 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Лекин ҳужжатларда 87,2 млрд сўмлик ишлар бажарилган дея сохталаштирилган. Ўртадаги 13,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари эса ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида банк минтақавий маркази бўлим бошлиғи ер майдонларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 4,25 млн доллар талаб қилгани ҳақида хабар берилганди.





