Logo

Жаҳон қарзи ЯИМнинг 100 фоизига яқинлашади

Bugun 17:312 daqiqa

Ҳукуматларга қарз юкини ушлаб туришга ёрдам берган арзон пуллар ва тез иқтисодий ўсиш даври якунланмоқда.

Жаҳон қарзи ЯИМнинг 100 фоизига яқинлашади © Foto: unsplash.com

Қарзи юқори бўлган давлатлар бюджет харажатларини қисқартиришига, марказий банклар эса пул-кредит сиёсатини қатъий сақлаб қолишига тўғри келади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиева маълум қилди.

У ХВЖ ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишлари олдидан Сингапурда чиқиш қилиб, дунёдаги жами давлат қарзи Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даражаларга яқинлашаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 2030-йилга бориб бу қарз миқдори жаҳон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 100 фоизидан ошиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, муаммо, айниқса, қарздорлик даражаси юқори бўлган ривожланган давлатлар учун жиддийдир. Ҳукуматлар энди фақат иқтисодий ўсишни тезлаштириш орқали бюджетдаги муаммоларни ҳал қила олмайди. ХВЖ давлатларни бюджет тақчиллигини камайтириш ва молиявий имкониятларини тиклаш бўйича аниқ, ўрта муддатли режалар ишлаб чиқишга чақирмоқда.

Шу билан бирга, давлатларнинг қарз олиш харажатлари ҳам ошмоқда. АҚШ, Германия ва Японияда 10 йиллик давлат облигациялари даромадлилиги мос равишда 2007, 2009 ва 1996-йилдан бери кузатилмаган энг юқори даражаларга етди.

Шу шароитда Георгиева АҚШ Федерал захира тизими, Европа Марказий банки ва Япония Марказий банкининг яқинда фоиз ставкаларини оширганини «жуда ўринли» қарор деб атади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир кўплаб давлатлар учун пул-кредит сиёсатини эҳтиёткорлик билан қатъий ушлаб туриш маъқул бўлиши мумкин.

Жаҳон иқтисодиётига босим қилаётган яна бир омил — Эрон иштирокидаги уруш сабаб юзага келган энергетика инқирози. Нефт нархи бир баррел учун қарийб 100 доллар атрофида сақланиб қолмоқда. Бу ХВЖ июл ойидаги прогнозида ҳисобга олган 89 долларлик нархдан анча юқори. Ўша пайтда жамғарма жаҳон иқтисодиёти 2026-йилда 3 фоиз, 2027-йилда эса 3,4 фоиз ўсишини прогноз қилган эди.

Георгиеванинг огоҳлантиришича, Форс кўрфазидаги можаро тугаганидан кейин ҳам энергия нархлари маълум вақт давомида юқори бўлиб қолиши мумкин. Шу билан бирга, жаҳон иқтисодиётида бунга қарама-қарши яна бир жараён — сунъий интеллектга йўналтирилаётган катта инвестициялар кузатилмоқда. ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, сунъий интеллектдан тўғри фойдаланиш жаҳон иқтисодий ўсишига ҳар йили 0,5 фоиз пунктигача қўшиши мумкин.

Бироқ жамғарма раҳбари бу соҳада хавфлар ҳам борлигини таъкидлади. Сунъий интеллектга киритилаётган инвестициялар ҳажми темирйўллар, энергетика ва телекоммуникация соҳаларидаги аввалги йирик инвестиция тўлқинларидан ҳам ошиб кетиши мумкин. Агар инвесторларнинг кутган натижалари ўзини оқламаса, бу катта иқтисодий инқирозга олиб келиши мумкин.

Георгиева бошқа хавфлар қаторида иш ўринларининг қисқариши, киберҳужумлар ва илғор сунъий интеллект тизимларини назорат қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳам санаб ўтди.

ХВЖ жаҳон иқтисодиётининг янгиланган прогнозини келаси ҳафта Бангкокда бўлиб ўтадиган жамғарма ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишларида тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ошгани, мамлакатнинг қўшниларида аҳвол қандайлиги ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid