Logo

Трамп, Си Жинпинг ва Путин Шэньчжэнда учрашди

Kecha 21:552 daqiqa

Улар бугун, 18 ноябрь куни Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити меҳмонлари учун уюштирилган тантанали қабулда учрашиб, биргаликда суратга тушди.

Трамп, Си Жинпинг ва Путин Шэньчжэнда учрашди © Ijtimoiy tarmoqlar

АҚШ президенти Дональд Трамп, Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити меҳмонлари учун уюштирилган тантанали қабулда учрашди.

18 ноябрь куни Трамп ва Путин саммит ўтказилаётган Шэньчжэнь халқаро коммуникация марказига етиб келган. Уларни тадбир мезбони сифатида Хитой раҳбари Си Жинпинг қабул қилган. Оқ уй маълумотларига кўра, президентлар «бир-бирларини қутладилар». Шундан сўнг Трамп, Си Жинпинг ва Путин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлигининг бошқа раҳбарлари билан биргаликда суратга тушган.

Қайд этилишича, бу ўтган йилнинг август ойида Аляскада бўлиб ўтган саммитдан кейин Трамп ва Путиннинг биринчи учрашувидир. 19 ноябрь куни кечқурун Трамп, Си Жинпинг ва Путин уч томонлама музокаралар ўтказиши белгиланган.

Трамп ва Путин қисқа муддатли мулоқот қилиши кутилмоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу суҳбат формати ва кўриб чиқилиши мумкин бўлган мавзулар юзасидан фикр билдирди.

«Бу долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш бўлади. Бу, аввало, Украинадир. Агар вақт бўлса, албатта, Эрон бўйича ҳам фикр алмашилади, мавзу жуда долзарб. Аммо бу ерда унчалик эмас, бу кўп томонлама формат. Бу ерда ушбу суҳбатнинг тўлиқ форматини ўтказиш учун вақт ва имконият бўлмаслиги мумкин. Буни ҳеч ким кутмаяпти», — деди Песков.

Шэньчжэнь аэропортида АҚШ президенти Дональд Трампни Хитой раҳбари Си Жинпинг шахсан кутиб олган. «ABC News» телеканалининг эслатишича, 2026 йил сентябрь ойида Хитой раҳбарининг ташрифи чоғида Трамп ҳам Вашингтондаги Эндрюс базасида уни шахсан қарши олган эди. Россия президенти Владимир Путинни эса аэропортда Хитой Коммунистик партияси Сиёсий бюроси доимий қўмитаси аъзоси, партия котибияти котиби Цай Ци кутиб олган.

APEC — Осиё-Тинч океани минтақасидаги иқтисодий ҳамкорлик форуми бўлиб, унда 21 та иқтисодиёт иштирок этади. Ташкилотнинг асосий мақсади минтақада савдо ва инвестиция тўсиқларини камайтириш, иқтисодий интеграцияни кучайтириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Teglar

Mavzuga oid