Трампнинг «чиройли хотимаси» хавф остида

Kecha 22:203 daqiqa

АҚШ Эрон можаросини якунлашга уринмоқда, аммо Теҳроннинг таҳдидлари вазиятни янада кескинлаштирмоқда.

Трампнинг «чиройли хотимаси» хавф остида

Доналд Трамп маъмурияти аллақачон «АҚШнинг 125-уруши» деб ном олган бу можарони зафарона якунлашга замин тайёрлаётган бир пайтда, Теҳрондан келаётган баёнотлар тобора таҳдидли тус олмоқда. Эроннинг ҳарбий қудратига берилган қақшатқич зарбаларга қарамай, мамлакатнинг омон қолган етакчилари Ҳўрмуз бўғозини сиёсий жон сақлаш қуролига айлантириб, стратегик бошбошдоқликни авж олдиришга қарор қилган кўринади.

Бўғознинг янги қоидалари

«Хотам ал-Анбиё» қароргоҳи (Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ва Эрон армияси ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи орган) орқали берилган расмий баёнотларда Теҳрон амалда Форс кўрфазида халқаро ҳуқуқ нормалари ўз кучини йўқотганини эълон қилди.

«Вазият энди ҳеч қачон аввалги ҳолатига қайтмайди», — дея кескин гапирди қароргоҳ матбуот котиби ва Эрон кема қатновлари қоидаларини бир томонлама ўзгартирганини таъкидлади.

Вашингтон учун бу очиқдан-очиқ чақириқдир. Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлаш — Трамп жамоаси учун «биринчи галдаги вазифа». Бу муаммони ҳал қилмасдан туриб, ғалаба ҳақидаги ҳар қандай баёнот шунчаки қуруқ гап бўлиб қолаверади. Бироқ Теҳрон ўз позициясида қатъий: «Сизнинг бу ердан сузиб ўтишга ҳаққингиз йўқ. Қарорни биз қабул қиламиз».

1

«Икки карра харажат» стратегияси

«Tasnim» агентлиги Эрон ҳарбий манбаларига таяниб огоҳлантиришича, АҚШ ёки Исроилнинг Эрон оролларида ҳарбий амалиёт ўтказишга бўлган ҳар қандай уриниши «кутилмаган фронтлар» очилишига сабаб бўлади. Боб ал-Мандаб бўғозининг тилга олиниши бежиз эмас.

Боб ал-Мандаб бўғозига қилинган шаъма шуни англатадики, Теҳрон Форс кўрфазида сиқувга олинган тақдирда, Қизил денгиздаги халқаро савдо ҳаракатини фалаж қилиш учун ҳусийлар тажрибасидан фойдаланиши мумкин.

«Эрон урушни ўзи қарор қилган вақтдагина тугатади», — деди хавфсизлик тизимидаги юқори мартабали манба «Press TV» телеканалига берган интервюсида. Шунингдек, у АҚШ томонидан илгари сурилаётган таклифларни «ҳақиқатдан йироқ» деб баҳолади.

Сиёсий боши берк кўчадаги ҳарбий зафар

Ҳарбий нуқтаи назардан олганда, Оқ уй ғалаба ҳақида жар солишга ҳақлидек. Ҳарбий кампаниянинг ютуқлари рўйхати анча салмоқли: Эрон денгиз флотининг тор-мор этилишидан тортиб, ҳарбий-ҳаво кучларининг йўқ қилинишигача. Эроннинг қуролли кучлари яхлит тузилма сифатида деярли йўқ қилинди.

Қолаверса, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ва «Басиж» инфратузилмаси жиддий талафот кўрди. Бунинг устига, Исроилнинг суиқасдлари оқибатида Ислом республикасининг олий раҳбарияти мажбуран «янгиланди», ракета ишлаб чиқариш дастури эса бир неча йил ортга сурилди.

2

Шунга қарамай, юқорида санаб ўтилган муваффақиятлар ортида ўта нозик ва жиддий бўшлиқлар кўзга ташланмоқда. Ядровий таҳдидни бутунлай бартараф этишдек асосий мақсадга ҳамон эришилгани йўқ. Бойитилган уран захиралари ҳамон Теҳрон ихтиёрида қолмоқда, мамлакатнинг ракета салоҳияти эса жиддий зарар кўрган бўлса-да, тўлиқ йўқ қилинмаган.

Ғарб стратеглари учун энг муаммоли масала — кутилган кенг кўламли халқ қўзғолонининг юз бермагани бўлди.

Энди нима бўлади?

Трамп маъмурияти мураккаб танлов олдида қолди. Бир томондан, Вашингтон уруш тугаганини эълон қилишни ҳамда Эроннинг ҳарбий арсеналини тиклашда Россия ва Хитой иштирокига йўл қўймасликни хоҳлайди.

Иккинчи томондан эса, таслим бўлишни истамаётган ва денгизда узоқ муддатли қаршилик кўрсатишга тараддуд кўраётган амалдаги раҳбарият турибди.

Минтақанинг етакчи таҳлилчилари таъкидлашича, Трампнинг «зафарона баёнотлари» шафқатсиз воқеликка урилиб чилпарчин бўлиши мумкин: мамлакат ҳокимияти қуламади, прокси-кучлар ўз садоқатини сақлаб қолди.

Teglar

Mavzuga oid