Logo

Трампнинг таҳдидлари Ўзбекистонгача етиб келди

Bugun 09:007 daqiqa

АҚШ томонидан Эронга қарши бошланган «Иқтисодий қувғинди» кампанияси Марказий Осиё давлатларини оғир танлов қаршисида қолдирди.

Трампнинг таҳдидлари Ўзбекистонгача етиб келди © Reuters

Жорий йилнинг 24 август куни АҚШ молия вазири Скотт Бессент Эронга қарши «Иқтисодий қувғинди» операцияси бошланганини эълон қилди. Мазкур кампания Эроннинг иқтисодий, савдо ва молиявий алоқаларини, хусусан, қўшни давлатлар билан ҳамкорлигини узиб қўйишга қаратилган. Бу сиёсат доирасида АҚШ дастлаб Эрон авиакомпанияларига нисбатан санкциялар киритган бўлса, 23 сентябрдан эътиборан уларга хизмат кўрсатувчи авиаташувчилар, банклар ва ер усти хизматлари кўрсатувчи компанияларнинг доллардаги ҳисобрақамлари блокланади.

«Axios» нашрининг 9 сентябрда хабар беришича, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Америка элчихоналарига қатор хорижий давлатлар ҳукуматларига расмий нота юборишни топширган. Ҳужжатда Эрон билан савдо-сотиқни тўхтатиш, унга алоқадор компанияларни аниқлаш ва АҚШ маълумотларига кўра, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига («ИИПМК») алоқадор бўлган Эроннинг «Melli» ва «Saderat» банкларининг барча бўлимларини ёпиш талаб қилинган. Буни амалга оширмаганларга нисбатан иккиламчи санкциялар қўллаш ва доллар тизимидан узиб қўйиш билан таҳдид қилинмоқда. Абу-Даби, Маскат, Гонконг, Доҳа, Лондон ва Берлин, шунингдек, Марказий Осиёнинг бир нечта пойтахтларидаги АҚШ ваколатхоналари бу бўйича махсус кўрсатма олган. Бироқ гап айнан қайси пойтахтлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган.

Марказий Осиё давлатлари АҚШ маъмуриятининг бу огоҳлантиришига қандай муносабат билдиргани ҳозирча номаълум, улар бу мавзуда изоҳ беришдан ўзини тиймоқда. Бироқ факт шуки: сўнгги йилларда минтақа мамлакатлари жанубий йўналишларга, хусусан, Эрон портларига фаол қизиқиш билдириб келмоқда — Теҳрон билан тегишли келишувлар имзоланган ва инфратузилмага сармоя киритиш режалаштирилган.

Жанубга йўл: Марказий Осиёнинг Эрон портларидаги манфаатлари

Маълумотларга кўра, Қозоғистон ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Туркманистон орқали Эронга чиқувчи темирйўл тармоғидан фойдаланиб келади. Эрон транспорт тармоғи орқали юклар янада жанубга — Форс ва Уммон кўрфазларидаги портларга, у ердан эса Жанубий Осиё ва бошқа минтақалар бозорларига йўл олиши мумкин. 2026 йилнинг июн ойи охирида Қозоғистон мазкур йўналишни ривожлантириш бўйича навбатдаги қадамни ташлади: Бандар-Аббосдаги Шаҳид Ражоий портида ўз транспорт-логистика терминалини қуриш юзасидан Эрон билан битим имзолади. Лойиҳа 27 йилга мўлжалланган бўлиб, шундан икки йили қурилишга, 25 йили эса терминалдан фойдаланишга сарфланади.

Ўзбекистон ҳам ўз товарларини транзит қилишда Эрон ҳудудидан кенг фойдаланади. Туркманистон Эрон билан тўғридан-тўғри темирйўл орқали боғланган бўлиб, минтақанинг жануб билан қуруқликдаги алоқаларида муҳим рол ўйнайди. Тожикистон эса Эрон ва Афғонистон билан биргаликда Машҳад орқали ўтувчи транспорт йўлагини ривожлантирмоқда. Ўз навбатида, Қирғизистон Теҳрон билан Бандар-Аббосда логистика марказини яратиш ҳамда «Бандар-Аббос — Ўш» йўналишини очиш масаласини муҳокама қилган.

Эрон жанубида Марказий Осиё давлатларининг режалари билан бевосита боғлиқ иккита йирик порт жойлашган: Форс кўрфазидаги Бандар-Аббос ҳамда Уммон кўрфази соҳилида, Ҳўрмуз бўғозидан ташқарида жойлашган Чобаҳор порти.

Шимолий йўналишларга муқобил йўл

2022 йилда Россия Украинага бостириб киргунига қадар Марказий Осиё давлатлари учун мазкур жанубий йўналишларни ривожлантириш долзарб масала эмас эди. Сабаби минтақани дунё бозорлари билан боғловчи аксарият савдо йўллари Россия ва Беларус орқали ўтган. Айнан шу йўналишлар орқали Қозоғистоннинг нефт, уран, металл ва ғалла, Ўзбекистоннинг пахта, олтин ва тўқимачилик маҳсулотлари, Тожикистоннинг қимматбаҳо металлари ва алюминийи ҳамда Қирғизистон олтин экспортининг салмоқли қисми ташиб келинган. 

Россиянинг Украинага босқинидан сўнг Марказий Осиё давлатлари анъанавий шимолий йўналишларга муқобил вариантларни фаолроқ қидира бошлади. Эрон йўналишига бўлган қизиқиш савдо ва юк ташиш ҳажмларида ҳам ўз аксини топмоқда: 2025 йилда Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги темирйўл ташувлари 69 фоизга ошди. Ушбу йўналишнинг аҳамиятини Ўзбекистон мисолида ҳам яққол кўриш мумкин: ўтган 2025 йилда мамлакат жами импортининг қарийб 9 фоизи — 3,9 миллиард долларлик товарлар айнан Эрон орқали олиб ўтилган.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда бу транзит йўлагини изчил ривожлантириб келмоқда. Хусусан, 2023 йилда Тошкент Туркманистон, Эрон ва Туркия билан мултимодал йўлакни ривожлантириш бўйича келишувга эришган. Ўзбекистон транспорт вазирлигининг 2024-йилги маълумотига кўра, мамлакатнинг экспорт юкларини халқаро бозорларга етказиб бериш 9 та йирик темир йўл йўлаги орқали амалга оширилади. Улар орасида «Бандар Аббос» транзити ҳам мавжуд.  

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистоннинг стратегик режаларидан жой олган яна бир йирик бандаргоҳ — Чобаҳор порти узоқ йиллар давомида «арзон, хавфсиз ва ишончли» йўл сифатида талқин қилиниб келинди. Бироқ ҳозирда унинг атрофида ҳам ҳарбий ва санкция хавфлари тобора ортиб бормоқда.

Таъкидлаш ўринлики, АҚШнинг Эронга нисбатан иқтисодий қамал сиёсати «Шимол — Жануб» халқаро транспорт йўлагининг Қозоғистон ва Туркманистон орқали ўтувчи жанубий тармоғига, шунингдек, ҳозирда автотранспорт орқали контейнер ташиш билан чекланиб қолаётган Озарбайжон қисмига ҳам жиддий хавф туғдиради.

Ҳозирча АҚШнинг Эронга қарши санкциялари учинчи давлатлар орқали бу мамлакатга кириб келаётган транзит юкларига, жумладан, бевосита Эрон ҳудуди бўйлаб ўтаётган транзит маҳсулотларига тааллуқли эмас. АҚШнинг расмий ҳужжатларида санкция рўйхатига киритилмаган товарларнинг Эрон ҳудуди орқали одатий транзити учун чекловлар кўзда тутилмаган. Шунга қарамай, Эрон билан ишловчи транспорт компаниялари учун маълум хавфлар барибир юзага келади ва уларнинг молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятлари сезиларли даражада чекланади.

АҚШнинг босими минтақани Хитойга яқинлаштириши мумкин

Америкалик миллий хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Жеймс Дурсонинг фикрича, Вашингтон эълон қилган «мутлақ муросасизлик» сиёсати барча операцияларга нисбатан бирдек қўлланилмаслиги мумкин.

«Улар «мутлақ муросасизлик» ҳақида гапирмоқда, аммо амалда бу сиёсатда барибир маълум тирқишлар қолади. Менимча, улар ҳамма йўлларни тўлиқ ёпиб ташлашга уринмайди, балки иккиламчи санкцияларни фақат зарурат туғилгандагина қўллайди. Бироқ шунинг ўзиёқ бутун минтақа ишини издан чиқаришга етади», — дейди эксперт.

Таҳлилчининг баҳолашича, Марказий Осиё давлатлари АҚШдан транспорт транзити учун маълум истиснолар қилинишини сўрашига тўғри келади.

«Аслида Марказий Осиё давлатларида танлов имконияти унчалик кенг эмас. Шу боис уларга АҚШнинг ён босиши керак бўлади: модомики Вашингтон бор эътиборини Эронга қаратган экан, бошқа давлатларга бу мамлакатдан, масалан, транзит йўлаги сифатида фойдаланишни давом эттиришга рухсат бериши лозим», — дея қайд этади Жеймс Дурсо.

Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШнинг Марказий Осиё республикаларига Эрон билан савдо ва логистика алоқаларини узиш мақсадида ўтказаётган босими бу минтақада ўз мавқеини тобора мустаҳкамлаб бораётган Хитой учун манфаатли бўлиб хизмат қилиши мумкин. АҚШ президенти Доналд Трамп минтақа давлатлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиб, Марказий Осиёга жиддий эътибор қаратмоқда. АҚШ маъмуриятининг асосий мақсади — стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётган ва нодир ер элементларига бой бўлган ушбу минтақада ўз таъсир доирасини мустаҳкамлаш, шунингдек, бу ерда Хитой ва Россия таъсирининг янада кучайишига йўл қўймасликдир. Аммо айни пайтда минтақа давлатлари Эрон омили сабаб АҚШ босими остида қолмоқда. Бундай вазиятда эса Марказий Осиё мамлакатлари Хитой билан кўпроқ ҳамкорлик қилишга мойил бўлиб қолиши мумкин.

АҚШ минтақа давлатлари манфаатларини кўзлаб, Эронга қарши санкциялар режимида айрим истиснолар қилишга рози бўладими ёки йўқ, бу ҳозирча номаълум.

Географик боши берк кўча

Эроннинг «Mehr» ахборот агентлиги таҳририяти мақоласида ҳам ушбу мураккаб вазият тилга олинган. Нашрнинг қайд этишича, бир қарашда АҚШнинг Марказий Осиё давлатларидан Теҳрон билан алоқаларни узишни талаб қилиши Эронни изоляция қилиш сиёсатининг бир қисмидек туюлади. Бироқ амалда бу ҳолат битта фундаментал муаммони юзага чиқаради. Ўтмишда АҚШ яккалаб қўйишга уринган кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ, Эрон шунчаки алоҳида иқтисодиёт ёки бозор эмас.

«Эроннинг географик жойлашуви шундайки, уни минтақавий транспорт, энергетика ва савдо тармоқларидан чиқариб ташлаш кўплаб қўшни давлатлар учун зарар келтиради. Шу сабабли Вашингтоннинг Эронни қуруқликдан қамал қилишга уриниши амалда Теҳронни яккалашнинг самарали чораси эмас, балки Марказий Осиё давлатлари зиммасига қўшимча чиқимларни юклашга уриниш бўлиб чиқиши мумкин», — деб ёзади «Mehr» нашри.

Асосий масала шундаки, Марказий Осиё давлатларининг Эрон билан тўғридан-тўғри савдо ҳажми уларнинг Хитой, Россия ёки Европа билан савдосига қараганда унчалик катта эмас. Аммо Эрон Ислом Республикасининг бу мамлакатлар учун аҳамиятини фақат ўзаро савдо ҳажми билан ўлчаб бўлмайди. Эроннинг асл аҳамияти — унинг транзит йўналиши ва очиқ денгизларга олиб чиқувчи йўлак сифатидаги ролидадир.

Марказий Осиёдаги бешта республиканинг барчаси умумий бир географик муаммога эга — уларнинг очиқ денгизга чиқиш йўли йўқ. Жаҳон бозорларига етиб бориш учун улар бошқа давлатлар ҳудудини кесиб ўтишга мажбур. Тарихан Россия ва Хитой минтақа учун асосий транзит йўлаклари бўлиб келган. Аммо сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари йирик геосиёсий ўйинчиларга боғлиқликни камайтириш мақсадида янги, муқобил йўлларни очишга интилмоқда.

«Mehr» нашрининг хулосасига кўра, АҚШнинг Теҳрон билан алоқаларни узиш борасида Марказий Осиёга қилаётган босими Эронни яккалаб қўйишдан кўра, кўпроқ минтақа давлатларини қийин танлов қаршисида қолдирмоқда. Агар Вашингтоннинг бу режаси тўлиқ амалга ошса, Марказий Осиё мамлакатларини географик бошберк кўчадан олиб чиқадиган камсонли йўллардан бири ҳам ёпилади.

 «Мана шу зиддият — Америка сиёсатининг энг асосий заиф нуқтасидир», — дея қайд этилади мақолада.

Teglar

Mavzuga oid

Трампнинг таҳдидлари Ўзбекистонгача етиб келди | Vaqt.uz