Туркманистонда 8 март учун хотин-қизларга 60 манат пул мукофоти ажратилади
Туркманистон президенти қарорига кўра, мукофотлар 2–6 март кунлари барча тоифадаги хотин-қизларга тарқатилади.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 8 март — «Халқаро хотин-қизлар куни» муносабати билан мамлакатдаги барча аёлларга 60 манат миқдорида пул мукофоти беришни топширди. Бу ҳақда «Turkmenistan: Zolotoy vek» нашри хабар қилди.
Расмий курс бўйича ушбу сумма тахминан 17 долларга тенг. Бироқ амалдаги қора бозор курси ҳисобида тўлов қиймати қарийб 3 долларга тўғри келади.
Ҳукумат баёнотида мазкур қарор аёлларнинг «мамлакат равнақи йўлидаги ислоҳотлардаги юксак хизмати, Ватанга садоқати ҳамда соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашдаги ҳиссаси»ни эътироф этиш мақсадида қабул қилингани таъкидланган.
Мукофот кимлар учун?
Пул мукофотлари 2 мартдан 6 мартга қадар мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона ва ташкилотларда ишлаётган хотин-қизларга, шунингдек, пенсия ва давлат нафақаси олувчиларга тарқатилади. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда аспирантура, докторантура ва клиник ординатурада таҳсил олаётганлар, Президент ҳузуридаги Давлат хизмати академияси ўқувчилари, олийгоҳ талабалари, мактаб ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳам ушбу мукофотни олади.
2019 йилдан буён мамлакатда озиқ-овқат ва истеъмол товарлари нархи бир неча баробар ошганига қарамай, 8 март муносабати билан ажратиладиган сумма етти йилдирки ўзгаришсиз қолмоқда. 2019 йилгача байрам мукофоти 40 манатни ташкил этган.
Айни пайтда мамлакатда миллий валютанинг расмий курси 2015 йилдан бери ўзгармаган ҳолда 1 доллар учун 3,5 манат этиб белгиланган. Бироқ қора бозордаги курс тахминан 19,5 манат атрофида шаклланган. Шу боис ҳукумат тақдим этаётган 60 манат миқдоридаги пул совғаси расмий курс бўйича қарийб 17 долларни ташкил этса-да, атиги 3 долларга тенг бўлади.





