Logo

Уч йиллик мораторийдан гаровсиз кредитгача: очиқ мулоқотдан сўнг бизнес учун нималар ўзгаради?

Bugun 18:568 daqiqa

Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнесни текширишдан тортиб кредит, экспорт, сунъий интеллект ва туризм соҳасигача қатор янги имтиёзлар эълон қилинди. Vaqt.uz тадбиркорлар учун қандай имконият ва енгилликлар яратилишини жамлади.

Уч йиллик мораторийдан гаровсиз кредитгача: очиқ мулоқотдан сўнг бизнес учун нималар ўзгаради? © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни Хоразмда тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқот ўтказди. Унда бизнес вакиллари кўтарган муаммолар муҳокама қилиниб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор янги ташаббус ва имтиёзлар илгари сурилди.

Хусусан, тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш, ҳудудларда бизнес имкониятларини кенгайтириш, «сунъий интеллект – бошқарув самарадорлиги – янги инвестициялар» экотизимини яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ҳамда бизнесга маъмурий босимни кескин камайтириш бўйича янги ёндашувлар белгиланди.

Vaqt.uz очиқ мулоқотда илгари сурилган асосий таклифлар ва тадбиркорлар учун эълон қилинган имтиёзларни бир жойга жамлади.

IMG_2278

Бизнес учун кредит ва қўллаб-қувватлаш тизими ўзгаради

Очиқ мулоқотдаги биринчи йўналиш тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлашга қаратилди.

Қайд этилишича, банклар кредит портфелида кичик бизнеснинг улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошган. Жорий йилнинг биринчи ярмида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилган.

IMG_2275

Яқинда «Кредит хизматлари ягона рақамли портали» ишга тушди. Энди тадбиркор битта ариза топширади, банклар эса мижоз учун ўзаро рақобат қилади. Бизнесни энди бошлаётганлар 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириши мумкин бўлади.

Шунингдек, бизнеснинг ҳар бир ривожланиш босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун «Бизнес старт», ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун «Бизнес лифт», янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун эса «Бизнес юксалиш» дастурлари жорий этилади.

«Бизнес старт» доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа тайёрлаш, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш ва ҳисобот юритишни ўрганади. Бу мақсадга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ҳамда 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

«Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз», — деди давлат раҳбари.

Гаров талаблари енгиллашади, давлат активларини сотиб олиш осонлашади

Тадбиркорлар учун «контр-кафолат» тизими жорий этилади. Унга кўра, 10 миллиард сўмгача бўлган кредитларда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига эса гаровнинг 25 фоизини таъминлаш кифоя қилади.

Давлат активларини сотиб олишда ҳам янги енгилликлар берилади. Аванс тўлови 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Актив қийматини 6 ой ичида тўлиқ тўлаганларга 25 фоиз чегирма берилади. Яримини тўлаган харидор қолган суммани 7 йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин.

IMG_2276

3 ой давомида сотилмаган мулклар нархи 10 фоизгача арзонлаштирилади, аукцион муддати эса 2 бараварга қисқартирилади.

Ер сотиб олган тадбиркор қурилишни дарҳол бошлаши мумкин бўлади

Аукционда ер сотиб олган тадбиркорнинг қурилишни бошлаш учун 6 ойдан 1 йилгача турли ҳужжатларни йиғиб юришига барҳам берилиши айтилди.

Энди ер участкалари қурилиш рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва тайёр лойиҳа билан бирга аукционга чиқарилади. Бундай «тайёр пакет» асосида ер сотиб олган тадбиркор қурилиш ишларини дарҳол бошлаши мумкин бўлади.

Инфратузилма йиғими учун тўланадиган аванс ҳам 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.

Шунингдек, банклар балансидаги 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулк тадбиркорларга чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотилиши мумкин. Бундай мулкни сотиб олган тадбиркор бир йил давомида ер ва мол-мулк солиғини тўламайди.

Кичик бизнесни текширишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади

IMG_2272

Бизнесга маъмурий босимни камайтириш масаласи ҳам асосий йўналишлардан бири бўлди. Сўнгги уч йилда солиқ юки 13,4 фоиздан 12 фоизга тушгани, сўнгги ўн йилда яширин иқтисодиёт улуши эса 50 фоиздан 26 фоизгача қисқаргани қайд этилди.

«Иқтисодиётни “соя”дан чиқариш текшириш билан эмас, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали бўлиши керак», — деди Мирзиёев.

Шу муносабат билан кичик бизнес субъектларида инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текширувга 3 йиллик мораторий эълон қилинади.

Молиявий жарималар ўртача 2 баробарга камайтирилади

Тадбиркорлар учун барча турдаги молиявий жарималар миқдори ўртача 2 баробарга камайтирилади. Ҳозирда 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга.

Айрим идораларда жарималардан тушган маблағнинг бир қисми ўзида қолиши «текширса – қўрқади, қўрқса – тўлайди» деган нотўғри ёндашувни юзага келтираётгани танқид қилинди.

«Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак», — деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, давлат корхоналари харид қилган товарлар бўйича тадбиркорнинг закалат пулини қайтариш автоматлаштирилади.

«Тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси» жорий қилинади

2027 йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда «Тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси» жорий этилади.

Унга кўра, тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади ва унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмайди.

IMG_2274

Шунингдек, «Биринчи хато учун огоҳлантириш» қоидаси жорий этилиши режалаштирилмоқда. Биринчи марта қоида бузган, бироқ одамлар ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилади.

Назорат органлари биринчи инстанциядан кейинги ҳар бир суд босқичида давлат божини тўлайди. Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги эксперт кенгашига божхона, қурилиш, санитария, карантин ва ветеринария соҳаларидаги низоларни ҳам кўриб чиқиш ваколати берилади.

Давлат хизматларида «сукут – розилик» тамойили жорий этилади

Тадбиркорликка оид давлат хизматларининг 50 фоизи «сукут – розилик» тамойилига ўтказилади.

Яъни тадбиркорнинг аризаси белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда тадбиркор фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади.

Лицензия олиш бўйича ариза рад этилган ҳар бир ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан ўрганилади. Асоссиз рад жавобларини бериш учун жавобгарлик ҳам кучайтирилади.

Лицензия ва рухсатномалар сони қисқартирилади

Тез орада 30 дан зиёд фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. Яна 35 турдаги лицензия ва рухсатномаларни бериш муддати 2–3 бараварга қисқартирилади, 10 та рухсатнома эса хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Янги лицензия ёки рухсатнома жорий этилишидан олдин у дастлаб учта ҳудудда 6 ой давомида эксперимент тариқасида синовдан ўтказилади.

Озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишда талаб этиладиган ветеринария, санитария ва фитосанитария рухсатномалари ўрнига ягона «Саломатлик сертификати» жорий қилинади.

Корхоналар учун электр ва газ аванси 15 фоизга туширилади

Очиқ мулоқотда тадбиркорлар электр энергияси ва газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилиш талаби айланма маблағларини қисқартираётганини билдирган.

Шу муносабат билан АСКУЭ ва АСКУГ тизимларига уланган ҳамда тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун электр ва газ бўйича аванс тўлови 15 фоиз этиб белгиланади.

Президент энергетика соҳасидаги бошқарув тизими ҳам тубдан ўзгартирилишини таъкидлади.

IMG_2271

«Барча туманларда тадбиркорларнинг ҳозирги эҳтиёжи ва эртанги режасига қараб ишлайдиган янги тизим бўлади», — деди давлат раҳбари.

Қурилишда пудратчи ва лойиҳачилар харажатлари қайта ҳисобланади

Келаси йилдан қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачи ташкилотларнинг ўсишини рағбатлантиришга қаратилган янги ёндашув жорий этилади.

Янги тартибга кўра, қурилиш қаерда амалга оширилишидан қатъи назар, ҳар бир ишчи-соат учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида маблағ режалаштирилади.

Давлат объектлари сметасида пудрат корхоналари учун 7 фоиз фойда назарда тутилади. Қурилишнинг мураккаблигига қараб, лойиҳалаш ишлари учун объект қийматининг 4–7 фоизигача маблағ ажратилади.

Экспортчиларга ташқи бозорга чиқишда ёрдам берилади

Тўртинчи йўналиш экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқишга қаратилди. Президент ташқи бозорларда экспортнинг ҳар бир доллари учун кучли рақобат кетаётганини таъкидлади.

Ўрганишларга кўра, экспортчиларнинг 40 фоизи хорижлик мижоз топишда, 36 фоизи стандарт ва сертификация талабларига мослашишда қийинчиликка дуч келмоқда. Тадбиркорларнинг 37 фоизида қулай молиявий инструментлар етишмаса, 33 фоизида бозор, маркетинг ва брендни ривожлантириш бўйича кўникмалар етарли эмас.

Шу боис, ташқи бозорга чиқишнинг барча босқичларида комплекс хизмат кўрсатадиган «Экспорт навигатор» тизими йўлга қўйилади.

Хорижий бозорларда талаб юқори бўлган 100 та маҳсулот рўйхати шакллантирилади. Ҳар бир маҳсулот бўйича ташқи бозордаги рақобатчилар, тариф тизими ва логистика ечимлари ишлаб чиқилади.

2 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ташқи бозор ва харидор сегментига мослаштирилади.

Миллий бренд ва экспорт харажатларининг бир қисми қопланади

Тадбиркорларга хорижий брендмейкерларни жалб қилиш харажатларининг ярми, бироқ 500 минг долларгача бўлган қисми қоплаб берилади.

Миллий брендни ташқи бозорда тарғиб қилиш ва халқаро талабларга мослаштириш учун 50 минг долларгача субсидия ажратилади.

Маркетплейсларда маҳсулотларни омборга жойлаштириш ва сотиш харажатларининг ярми, халқаро тендерлар учун консалтинг харажатларининг 80 фоизи компенсация қилинади.

Экспортчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона тизимига камида 1 миллиард доллар йўналтирилади.

10 минг корхонага сунъий интеллект жорий қилинади

Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилди. Келаси йили унинг қувватини 3 карра ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, тадбиркорлар учун «10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор» дастури бошланади. Дастур доирасида корхоналарга сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилинади.

Янги маҳсулот учун сунъий интеллект моделини яратишда тадбиркорларга суперкомпьютердан бепул фойдаланиш имконияти берилади. Илмий-тадқиқот харажатларини ҳам бюджет ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлар фойдаланиши учун тайёр сунъий интеллект дастурлари очиқ платформага жойлаштирилади. Дастурнинг биринчи босқичига камида 100 миллион доллар ажратилади.

IPOга чиқмоқчи бўлган бизнес ҳам қўллаб-қувватланади

Очиқ мулоқотда капитал бозорига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар йили даромади 1 триллион сўмдан юқори бўлган 50 та корхона танлаб олинади.

Уларни IPOга тайёрлаш, халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтиш ва инвестиция банклари билан ишлаш харажатларининг ярми давлат томонидан қопланади.

Ҳукумат ҳисоб-китобига кўра, ушбу механизм орқали хусусий секторга йилига камида 1 миллиард доллар хорижий капитал жалб этиш режалаштирилмоқда.

Туризм бизнеси учун 50 миллион долларлик ресурс

Туризм соҳасидаги тадбиркорлар учун ҳам янги имтиёзлар берилади. Йил бошидан бери Ўзбекистонга 8 миллион нафар хорижлик сайёҳ ташриф буюргани, уларнинг мамлакатда ўртача қолиш муддати 8 кунгача узайгани қайд этилди.

Меҳмонхона қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 50 миллион долларлик ресурс ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан тадбиркорларга 10 йил муддатга, миллий валютада йиллик 16 фоизли кредитлар берилади.

Меҳмонхоналар учун субсидия ва солиқ имтиёзлари узайтирилади

3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар қуриш учун субсидия бериш муддати яна 2 йилга узайтирилади.

Шу билан бирга, субсидия олиш учун меҳмонхона тоифасини тасдиқлашда хорижий компания хулосасини талаб қилиш амалиёти бекор қилинади.

Меҳмонхоналар учун ер ва мол-мулк солиғини 10 баробар камайтирилган ставкада тўлаш имтиёзи 2030 йилгача амал қилади.

50 тадан ортиқ жойлаштириш ўрнига эга меҳмонхоналарга нақд валюта қабул қиладиган банкоматлар банкларнинг ўзи томонидан ўрнатилади.

Шунингдек, туроператорларнинг хорижлик сайёҳларга кўрсатган хизматлари экспортга тенглаштирилади ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

Туристик автобус, электробус ва микроавтобусларни олиб келишдаги божхона имтиёзи яна 1 йилга узайтирилади. Бундай транспорт воситалари учун утилизация йиғими ҳам ундирилмайди.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 185

Barchasi

Mavzuga oid