Logo

Суғурта компаниялари ярим йилда 505,5 млрд соф фойда олди

Bugun 16:462 daqiqa

Ўзбекистондаги суғурта компанияларининг жами соф фойдаси 2026 йилнинг биринчи ярмида 61 фоизга ошди. Бироқ умумий фойданинг ярмидан кўпи атиги икки йирик компания ҳисобига тўғри келди.

Суғурта компаниялари ярим йилда 505,5 млрд соф фойда олди © Foto: istock

2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистондаги суғурта ташкилотларининг жами соф фойдаси 505,5 млрд сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 314 млрд сўмга нисбатан қарийб 192 млрд сўмга ёки 61,3 фоизга кўпдир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда лицензия асосида 35 та суғурта ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларнинг 28 таси умумий суғурта, 7 таси эса ҳаёт суғуртаси хизматларини кўрсатади.

Таҳлилларга кўра, соҳа фойдасининг асосий қисми йирик иштирокчилар ҳисобига шаклланган. Хусусан, умумий суғурта компаниялари жами 484 млрд сўм соф фойда олиб, бозор умумий фойдасининг 96 фоизини таъминлади.

Икки компания етакчи

Ярим йилликда «Apex Insurance» 153,9 млрд сўм соф фойда билан бозорда биринчи ўринни эгаллади. Компаниянинг фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,1 млрд сўмга ошган.

Иккинчи ўриндан «Euroasia Insurance» компанияси 105 млрд сўм билан жой олди.

Бу икки суғурта ташкилотининг жами соф фойдаси 259 млрд сўмдан ошди. Яъни мамлакат суғурта бозоридаги умумий соф фойданинг 51 фоизи атиги икки компания ҳисобига тўғри келди.

Кейинги ўринларни «Mosaic Insurance Group» 33,4 млрд сўм ва «O‘zbekinvest» 31,8 млрд сўм соф фойда билан эгаллади.

1




Айримлар зарар кўрди

Ҳисобот даврини барча компаниялар ҳам ижобий натижа билан якунламади. «Prestige Insurance» 5,6 млрд сўм, «Alskom» эса 2,2 млрд сўм молиявий зарар кўрди. Яна тўққизта суғурта ташкилотининг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган.

2



Шу билан бирга, айрим компанияларда фойданинг ўсиш суръати жуда юқори бўлди. «Neo Insurance»да бу кўрсаткич 2781 фоизга, «Temiryo‘l-Sug‘urta»да 2131 фоизга ошди.

Ҳаёт суғуртаси хизматларини кўрсатишда «TBC Sug‘urta» 20,5 млрд сўм соф фойда билан етакчилик қилди.

Ҳаёт суғуртаси билан шуғулланувчи етти компаниянинг жами соф фойдаси 21 млрд сўмга етди. Бу ўтган йилги 7,3 млрд сўмга нисбатан қарийб уч баробар кўпдир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ суғурта шартномалари энди фақат электрон шаклда тузилиши ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid