Вэнс Эронга қарши куч ишлатиш ҳақда сўз очгач, нефт 5 фоизга қимматлади

19.02.2026 | 13:352 daqiqa

«The Wall Street Journal» Эрон музокаралар муваффақиятсиз тугаса, урушга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзди. АҚШ вице-президенти эса Эрон ён беришни истамаётганини айтди.

Вэнс Эронга қарши куч ишлатиш ҳақда сўз очгач, нефт 5 фоизга қимматлади

18 феврал кунги савдоларда нефт нархлари қарийб 5 фоизга ошди. Бунга АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнснинг Эроннинг ядровий музокаралардаги позициясидан норози эканини билдириши сабаб бўлди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий куч қўллаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

«Brent» маркали нефт савдо жараёнида баррели учун 3 доллардан ортиқ, яъни 4,7 фоизга ўсиб, 70,58 долларга етди. АҚШнинг «WTI» нефти эса 5 фоизга қимматлашиб, баррели 65,45 доллар бўлди.

Вэнс 17 феврал куни Женевада икки давлат делегациялари учрашувидан сўнг «Fox News» телеканалига берган интервюсида Эрон АҚШнинг асосий талабларини инкор этаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, АҚШ президенти Доналд Трамп аниқ «қизил чизиқлар» белгилаган, аммо эронликлар уларни «ҳақиқатан ҳам тан олиш ва устида ишлашни» истамаяпти.

«Агар дипломатик йўл билан Эрон ядровий дастурини тўхтатишнинг иложи бўлмаса, Трамп куч ишлатиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», дея қўшимча қилди Вэнс.

Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Женевадаги муҳокамаларни «конструктив» деб атаб, томонлар асосий тамойиллар бўйича келишувга эришганини билдирди.

«Шу фон арафасида нефт котировкалари аксинча пасайган эди, чунки бозор келишув эҳтимолини кўрган», деб ёзади «CNBC».

Уруш бўладими?

«Axios» манбаларига кўра, эҳтимолий АҚШ ҳарбий кампанияси кенг кўламли бўлиб, бир неча ҳафта давом этиши ва қисқа муддатли операциядан кўра тўлақонли урушга ўхшаш бўлиши мумкин.

Минтақада АҚШнинг «USS Abraham Lincoln» авианосеци жойлашган. Шунингдек, Доналд Трамп Яқин Шарққа яна бир авианосец – «USS Gerald Ford»ни ҳам йўллагани ҳақида 13 феврал куни CNN ва NBC News хабар берган эди. АҚШ президенти музокаралар муваффақиятсиз тугаса, иккинчи кема керак бўлишини айтган эди.

«Эрон раҳбарияти АҚШ билан ядровий келишувга эришишга умид қилмоқда, бироқ музокаралар барбод бўлса, эҳтимолий урушга тайёргарликни ҳам жадаллаштирмоқда», деб ёзади «The Wall Street Journal».

Хусусан, ҳукумат кучларни сафарбар этмоқда, қарор қабул қилиш ваколатларини тарқатмоқда, ядровий объектларни мустаҳкамламоқда ва мамлакат ичида мухолифатга қарши босимни кучайтирмоқда.

«The Wall Street Journal» маълумотига кўра, «Geneva Graduate Institute» таҳлилчиси Фарзан Сабет Эрон 1988 йилда Ироқ билан саккиз йиллик уруш тугаганидан буён «энг жиддий ҳарбий таҳдид»га дуч келганини айтган.

Музокаралар даврида қўшимча тарангликка Эрон қуролли кучларининг Ҳормуз бўғозидаги машғулотлари сабаб бўлди. CNBC «Kpler» баҳосига таяниб ёзишича, мазкур йўлак орқали жаҳон денгиз нефт экспортининг қарийб учдан бир қисми ўтади. Бироқ «Kpler» таҳлилчиси Мэтт Смит компания кемалар ҳаракати машғулотлар сабаб тўхтатилганини қайд этмаганини айтди.

Teglar

Mavzuga oid