Хивада 1,3 триллион сўмлик конгресс-холл ва туризм мажмуалари фойдаланишга топширилди
Шаҳарда халқаро анжуманлар ва сайёҳлар учун мўлжалланган янги Конгресс-холл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда қабуллар уйи фойдаланишга топширилди.
© Foto: president.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида барпо этилган Конгресс-холл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда «Хива Ичан қалъа» қабуллар уйи билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур объектлар давлат раҳбарининг 2026 йил 30 апрелдаги тегишли ҳужжати асосида барпо этилган. Уларнинг ишга туширилиши натижасида қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратиш, йилига 50 минг нафар сайёҳга меҳмонхона хизмати кўрсатиш ва хизматлар экспортини 4 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Конгресс-холл ва меҳмонхона
Умумий майдони 1,9 гектар бўлган Конгресс-холл қурилиши учун 857 млрд сўм бюджет маблағлари йўналтирилган. Мажмуа халқаро анжуманлар, бизнес-конференциялар, ҳукуматлараро музокаралар ва маданий форумлар ўтказишга мўлжалланган.
Конгресс-холлга туташ ҳудудда қиймати 169 млрд сўм бўлган уч юлдузли меҳмонхона ҳам қурилган. Унинг умумий майдони 1,6 гектар бўлиб, 310 ўринга мўлжалланган 156 та хона мавжуд.
Тўрт қаватли меҳмонхонада ресторан-бар, болалар хонаси, терраса, ёпиқ бассейн, фитнес ва велнесс ҳудудлари ташкил этилган. Меҳмонхонадан Конгресс-холл, «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик боғи ва ҳунармандлар расталарига яшил йўлаклар орқали пиёда бориш мумкин.
Қабуллар уйи қурилди
Давлат раҳбари «Хива Ичан қалъа» қабуллар уйини ҳам кўздан кечирган. Умумий майдони 2 гектар бўлган мазкур мажмуа расмий тадбирлар ўтказиш ва хорижий делегацияларни қабул қилишга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 260 миллиард сўмни ташкил этади.
Бино меъморчилигида Хоразмга хос ёғоч ўймакорлиги, ганжкорлик ва кўк ва фируза рангдаги кошинлардан кенг фойдаланилган. Ҳудудда воҳанинг тарихини акс эттирувчи фотокўргазмалар ва миллий ҳунармандчилик устахоналари ҳам ташкил этилган.
Янги мажмуалар Хиванинг туризм ва ишбилармонлик инфратузилмасини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Лойиҳалар доирасида қарийб 2 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Президент ушбу мажмуалардан самарали фойдаланиш, Хивада йирик халқаро тадбирларни кўпайтириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берган.





