Logo

Хивадаги «Қовун сайли» фестивали Гиннес рекордлари китобига киритилди

Bugun 09:401 daqiqa

Хивада ўтказилган «Қовун сайли» фестивалида 259 киши бир вақтда 10 дан ортиқ қовун навини татиб кўриб, Гиннес рекордлар китобига кирди.

Хивадаги «Қовун сайли» фестивали Гиннес рекордлари китобига киритилди © uzbektourism

7–9-август кунлари Хивадаги «Ичан қалъа» ва «Арда Хива» мажмуаларида «Қовун сайли» фестивали бўлиб ўтди. Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалга 186 минг нафар меҳмон ташриф буюрди. Улар орасида 150 минг маҳаллий ва 36 минг хорижий сайёҳ бор.

Фестивалнинг асосий воқеаси 9-август куни қайд этилган «Энг катта қовун дегустатцияси» бўйича жаҳон рекорди бўлди. Гиннес рекордлар китоби расмий сертификатига кўра, 259 киши бир вақтда 10 дан ортиқ қовун навини татиб кўрган. Рекордни тасдиқлаш жараёнида Гиннеснинг Туркия ва Марказий Осиё бўйича расмий ҳаками Шейда Субаши Гемижи иштирок этди.

Фестиваль дастури

Тадбир давомида санъаткорлар чиқишлари, маҳорат дарслари, кўргазмалар ва танловлар ташкил этилди. Фестивалнинг ёпилиш маросимида россиялик хонанда МакСим ҳам иштирок этди.

Фестивалда Хоразм вилояти туманлари, фермер хўжаликлари ва бошқа иштирокчилар қовуннинг ўнлаб навлари, маҳаллий маҳсулотлар, технологиялар ва қишлоқ хўжалигидаги ютуқларини намойиш қилди.

Тадбир якунида бош соврин Хива шаҳар ҳокимлигига берилди. Янгиариқ тумани ҳокимлиги биринчи, Хоразм вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси иккинчи ўринни эгаллади.

Учинчи ўрин Урганч давлат университети, УзАуто'нинг Хоразм филиали ва Автомобиль йўллари қўмитасининг Хоразм вилояти бошқармасига насиб этди.

tg_image_3742307938

Teglar

Mavzuga oid