Етти ойда Ўзбекистон четга 1,28 млн тонна мева-сабзавот сотди
2026-йилнинг январ-июл ойларида Ўзбекистондан 1,28 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 минг тоннага кўп. Бироқ экспорт қиймати 3,9 фоизга камайиб, 1,03 млрд долларни ташкил этди.

Жорий йилнинг дастлабки етти ойида Ўзбекистон 1,28 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотларини хорижга пуллади. 2025-йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1,28 млн тонна бўлган. Шу тариқа, бир йил ичида экспорт ҳажми 5,5 минг тоннага ёки 0,4 фоизга ошган.
Бироқ маҳсулотларни экспорт қилишдан олинган тушумда ўсиш кузатилмади. Мазкур даврда мева-сабзавот экспортининг қиймати 1,03 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,9 фоизга камайди. 2025-йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 1,07 млрд доллар бўлган. Мева-сабзавот маҳсулотларининг умумий экспортдаги улуши эса 5,1 фоизни ташкил этди.
Сабзавотлар экспорти
Дастлабки етти ойда Ўзбекистон 539,6 минг тонна сабзавот маҳсулотларини экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 55,4 минг тоннага ёки 11,4 фоизга кўп. Экспорт қиймати эса 165,9 млн доллардан 200,5 млн долларга етиб, 20,8 фоизга ошди.
Сабзавотлар экспортида асосий улуш пиёз ва карамга тўғри келди. Шу билан бирга, помидор, сабзи ва саримсоқ экспортида ҳам ўсиш кузатилди:
Маҳсулот | 2025-йил, минг тонна | 2026-йил, минг тонна | 2025-йил, млн доллар | 2026-йил, млн доллар |
Пиёз | 284,0 | 304,1 | 79,7 | 89,3 |
Карам | 126,9 | 139,4 | 48,7 | 54,7 |
Помидор | 30,8 | 33,0 | 24,8 | 34,4 |
Сабзи | 39,2 | 57,5 | 8,0 | 13,1 |
Саримсоқ | 3,4 | 5,6 | 4,7 | 8,9 |
Жадвалдан кўринадики, беш асосий маҳсулотнинг барчасида экспорт ҳажми ва қиймати ошган. Энг катта ҳажм пиёзга тўғри келган бўлса, сабзи ва саримсоқ экспортида нисбатан кўтарилган.
Бундан ташқари, тарвуз ва қовун сотувида ўзига хос ҳолат кузатилди: экспорт ҳажми 175,7 минг тоннадан 173,9 минг тоннагача бироз камайган бўлса-да, унинг қиймати 41,9 млн доллардан 55,1 млн долларга ошди.
Мевалар ва резаворлар экспорти
Мева ва резаворлар экспортида пасайиш кузатилди. Улар 251 минг тонна миқдорда хорижга сотилди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 39,8 минг тонна ёки 13,7 фоизга кам. Қиймат ҳам 330,8 млн доллардан 308 млн долларгача тушиб, 6,9 фоизга қисқарди:
Маҳсулот | 2025-йил, минг тонна | 2026-йил, минг тонна | 2025-йил, млн $ | 2026-йил, млн $ |
Шафтоли | 87,9 | 92,3 | 80,5 | 91,7 |
Гилос | 34,3 | 25,2 | 72,5 | 59,9 |
Ўрик | 61,0 | 26,4 | 46,7 | 32,4 |
Қуритилган узум | 54,6 | 51,6 | 73,3 | 62,1 |
Узум | 29,5 | 37,8 | 24,9 | 28,9 |
Умуман олганда, айрим маҳсулотлар экспорти ошганига қарамай, гилос ва ўрик каби асосий маҳсулотлар ҳажмининг кескин камайиши мева ва резаворлар экспортининг умумий натижасига салбий таъсир кўрсатган.
Шунингдек, бошқа маҳсулотларда ҳам турлича натижа кўринди:
Маҳсулот | 2025-йил, минг тонна | 2026-йил, минг тонна | 2025-йил, млн $ | 2026-йил, млн $ |
Тарвуз ва қовун | 175,7 | 173,9 | 41,9 | 55,1 |
Ерёнғоқ ва ёнғоқлар | 13,1 | 13,3 | 31,2 | 30,3 |
Мош | 33,6 | 35,7 | 32,1 | 33,9 |
Жадвалдан кўриниб турибдики, тарвуз ва қовун экспортида ҳажм бироз камайган бўлса-да, даромад ошган. Ерёнғоқ ва ёнғоқларда эса ҳажм деярли ўзгармаган, қиймат пасайган. Мош экспортида ҳам ҳажм, ҳам қиймат кўтарилган.
Хулоса ўрнида айтганда, етти ой якунида сабзавотлар экспорти ҳам ҳажм, ҳам қиймат жиҳатидан ўсди, мева ва резаворлар экспорти эса камайди. Натижада умумий экспорт ҳажми бироз ошган бўлса-да, ундан тушган тушум 1,1 млрд доллардан 1,03 млрд долларгача қисқарди.
Муаллиф: Диёра Хабибуллаева





