Йирик энергетика корхонаси давлат назоратига қайтарилади

02.03.2026 | 14:552 daqiqa

Яширин қарор билан хусусий секторга берилган, Қорақалпоғистон ва Хоразмни электр энергияси билан таъминлайдиган стансия қайтадан давлат тизимига ўтказилмоқда.

Йирик энергетика корхонаси давлат назоратига қайтарилади

Аввал «Smart Integrity me» МЧЖга ишончли бошқарувга берилган «Тахиатош иссиқлик электр стансияси» яна «Иссиқлик электр стансиялари» АЖ таркибига, яъни давлат назоратига қайтарилади. Бу ҳақда «Давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–74-сон қарори (25.02.2026 й.) қарорида белгилаб берилди.

Қарорга кўра, ҳужжат кучга кирган вақтдан бошлаб бир ой муддатда «Тахиатош иссиқлик электр стансияси» АЖ устав капиталидаги Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли давлат акциялар пакетини номинал қийматда «Иссиқлик электр стансиялари» АЖга унинг устав капиталини ошириш ҳисобига ўтказиб бериш белгиланди.

«Тахиатош иссиқлик электр стансияси» (Тахиатош ИЕС) АЖ — Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминловчи минтақадаги энг йирик энергетика корхоналаридан бири ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Давактив томонидан «Smart Integrity me» МЧЖга бир вақтнинг ўзида учта йирик объект — Тошкент, Навоий ва Тахиатош ИЕСлари ишончли бошқарувга топширилган. Бу қарорлар расмий равишда кенг жамоатчиликка эълон қилинмаган.

Компания таъсисчиларидан бири «Nеw Industrial Technologies» МЧЖ ҳисобланади. Ушбу тузилма Paynet тўлов ташкилоти, Humo тўлов тизими ҳамда Деҳқонобод калий заводини хусусийлаштиришда иштирок этган гуруҳлар билан боғлиқ экани қайд этилади. Шу билан бирга, «Smart Integrity me» ва «Nеw Industrial Technologies» ҳақидаги маълумотлар айрим очиқ давлат реестрларида акс этмаган.

Молиявий ҳисоботлар масаласи

Иқтисодчи Отабек Бакиров:«Тахиатош ИЕС яширин қарор билан ишончли бошқарувга бериб юборилгандан бери бирон марта молиявий ҳисоботларини очмаган. Ягона корпоратив платформада қуруқ титул жойлаштириб келинади, жазо ё назорат йўқми, шунақа кўзбўямачилик қилсаям бўлса керак», — деб ёзади.

Стансия ишончли бошқарувга ўтказилишидан олдинги ҳисоботларга кўра, корхона фойда билан ишлаган. Кейинги даврда унинг молиявий натижалари қандай бўлгани очиқ манбаларда мавжуд эмас.

Ўзбекистонда бунга ўхшаш ҳолат аввал ҳам кузатилган. Янги Ангрен ва Ангрен ИЕСълари ҳам ишончли бошқарувга берилганидан сўнг молиявий барқарорлик масалалари юзага келиб, кейинчалик давлат назоратига қайтарилган.

Teglar

Mavzuga oid