Си Жинпинг Остонага йўл олмоқда: Хитой–Марказий Осиё саммитида нималар муҳокамада бўлади?

13.06.2025 08:00 | 4 дақиқада ўқилади.

16–17 июн кунлари Хитой раҳбари Си Жинпинг Қозоғистонга ташриф буюради. Остонада ўтадиган иккинчи «Марказий Осиё – Хитой» саммити ортидан минтақада Хитойнинг таъсири ва стратегик мақсадлари янада кўпроқ муҳокама марказига айланади.

Xi jinping1

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг Остонага ташрифи ҳамда 17 июн куни ўтадиган иккинчи «Марказий Осиё – Хитой» саммити олдидан Қозоғистон ва Хитойда форумлар, учрашувлар ва конференциялар кўпайди. Бу жараёнлар саммитнинг илк мартагига нисбатан кўпроқ сиёсий аҳамият касб этишини кўрсатмоқда.

Хитой учун Марказий Осиёда таъсирни мустаҳкамлаш нафақат сиёсий, балки логистика ва таъминот занжирларини кафолатлаш нуқтаи назаридан ҳам устувор вазифа ҳисобланади. Қадимги Ипак йўли Хитойнинг бу минтақадаги узоқ йиллик геосиёсий манфаатларининг рамзий асосига айланган. Замонавий дунёда эса буни «Бир макон — бир йўл» ташаббуси ва «умумий келажак жамияти» ғояси орқали қайта намоён қилмоқда.

Хитой ўз қўшниларини анъанавий шарқий дипломатия асосида — иқтисодий рағбатлар орқали жалб қилиб келади. Бу усул бугун ҳам самара бермоқда. Аммо Хитойнинг минтақадаги фаолияти кўпинча Ғарб ва постсовет таҳлилларида чуқур тушунилмайди. Бунинг сабабларидан бири — Хитой дипломатларининг маданий иерархия масаласини очиқ баён қилмаслигидир. Шунингдек, Пекин сўнгги йилларда ўз манфаатларини илгари сурувчи экспертлар ва журналистлар қатламини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратаётир.

Айни дамда «People’s Daily» нашри томонидан ташкил этилган матбуот тури саммитга тайёргарликнинг бир қисми сифатида ўтказилмоқда. Шу боис саммитга оид муҳокамалар кўпроқ дипломатик шиорлар асосида олиб борилмоқда.

Масалан, Тинчлик ва ҳамкорлик каби умумий мавзулар 5-сессия «Марказий Осиё–Хитой фикр марказлари форуми»да ҳам муҳокама қилинди. Қозоғистон давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин Хитой ва Марказий Осиёни «Осиёнинг икки ўпкаси» деб атади.

Апрел ойида Олмаотада ўтган Ташқи ишлар вазирларининг 6-учрашуви ҳам асосан умумий баёнотлар билан чекланди. Хитой ва Қозоғистон расмийлари сиёсий мулоқот, савдо, транспорт алоқалари ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликка оид масалаларни муҳокама қилган.

Қозоғистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институтининг етакчи мутахассиси Адил Каукеновга кўра, саммитда Хитой–АҚШ муносабатлари, жумладан тарифлар мавзуси ҳам муҳокама этилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Остона саммити ортида чиройли дипломатик саҳна кўриниши бор, бироқ ҳақиқий стратегик ўзгаришлар саммит сўнгида аниқ бўлади.