«Wildberries» иккита такси сервиси ҳамда логистика компаниясини сотиб олди
Компания «Ситимобил», «Таксовичкоф» такси агрегаторларини ва «Грузовичкоф» логистика компаниясини сотиб олди. Манбаларга кўра, битим нархи 3 мрлд рублдан 8 млрд рублгача баҳоланмоқда.

Wildberries «Ситимобил», «Таксовичкоф» ва «Грузовичкоф» сервисларини сотиб олди. Бу ҳақда РБК нашри хабар қилди. Битим суммаси ошкор этилмаган бўлса-да, манбаларга кўра, у 3 млрд рублдан 8 млрд рублгача баҳоланмоқда.
Компания вакиллари ушбу харидни транспорт логистика хизматларини ривожлантириш стратегиясининг бир қисми сифатида изоҳламоқда. Мазкур келишув орқали «Wildberries» 100 дан ортиқ шаҳарлар, жумладан Сибир ва Узоқ Шарқ каби ҳудудларда товар етказиб бериш тезлигини оширишни режалаштирмоқда.
«Ситимобил», «Таксовичкоф» ҳақида
«Ситимобил» 2007 йилда Оганес Аракелян ва Владислав Абрамян томонидан ташкил этилган бўлиб, аввал анъанавий такси оператори сифатида иш бошлаган. 2010 йилдан эса мобил иловасини ишга туширган. 2018 йилда сервисга VK (аввалги Mail.ru Group) ва Мегафон инвестиция киритган. Кейинчалик у «Сбербанк» билан бирга ташкил этилган «О2О Холдинг» таркибига кирган.
2022 йил март ойида компания зарарлар сабаб фаолиятини тўхтатганини эълон қилганди. Бироқ кейинчалик уни «People & People» сотиб олди. Шу билан бирга ушбу инвестиция компанияси «Грузовичкоф» ва «Таксовичкоф»га ҳам эгалик қилар эди.
Такси бозорига кириш
«Wildberries» сўнгги йилларда такси бозорида фаоллик кўрсатмоқда. 2025 йил июл ойида Беларусда «WB Taxi» хизмати ишга туширилган бўлса, ноябр ойи охирида Тошкент шаҳрида ҳам фаолияти бошланган.
Тошкентда хизмат дастлаб ёпиқ режимда ишлаб, фақат чекланган фойдаланувчилар учун очиқ бўлган. Кейинчалик, 2026 йил март ойига келиб, барча учун очиқ форматга ўтказилди.
Мижозларни жалб қилиш мақсадида компания йўл ҳақининг ярмини кешбек сифатида қайтариш амалиётини жорий қилди. Ушбу рағбатлантириш чораси ҳозиргача сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, компания бошқарувини кучайтириш мақсадида Тимур Алиевни жалб қилди. У аввал Yandex Go такси хизмати раҳбари сифатида фаолият юритган.
2026 йил март ойи охирида «WB Taxi» хизмати Қирғизистонда ҳам ёпиқ режимда ишга туширилгани маълум бўлган эди. Янги харидлар компанияга Россия бозорида ҳам тез орада фаолиятни кенгайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг октябр ойида Wildberries «Ўзбекистон почтаси»ни сотиб олаётганини ҳақида хабарлар тарқалган эди.





