«Менинг боғим» дастури доирасида қанча пул ажратилиши маълум қилинди
Ўзбекистонда «Менинг боғим» дастури доирасида ажратиладиган маблағ 400 млн сўмдан оширилиб, ҳудудларда яшил маконлар барпо этиш янада рағбатлантирилади.

Ўзбекистонда «Менинг боғим» дастури доирасида ажратиладиган маблағ миқдори оширилиши белгиланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш тадбирида маълум қилди.
Аввал ажратилган маблағ миқдори
Аввал мазкур дастур орқали ҳар бир лойиҳа учун давлат бюджети ҳисобидан 250 миллион сўмгача маблағ ажратилар эди. Янги қарорга кўра, бу миқдор 400 миллион сўмдан оширилиб, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгайтирилди.
Дастур доирасида фуқароларга ўзлари танлаган, яшаш ҳудудига яқин ва сув таъминоти мавжуд бўлган жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади. Бу ерларда жамоат боғлари ва яшил ҳудудлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Энди ҳар бир депутат ўз сайлов округида яшил ҳудуд барпо этиши учун пул ажратилади
Шунингдек, ташаббусни янада оммалаштириш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам алоҳида вазифалар юклатилди. Энди ҳар бир депутат ўз сайлов округида яшил ҳудуд барпо этиши учун 412 миллион сўмдан маблағ олади.
Президент маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшларни бирлаштирган ҳолда ҳар бир кўча ва ҳудудда дарахт экиш ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳар бир экилган кўчат — келажак, соғлом муҳит ва тоза ҳаво гаровидир.
Тошкент шаҳрида Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилди
Тадбир доирасида Тошкент шаҳрида Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилди. Шу билан бирга, мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳам бир вақтнинг ўзида янги яшил ҳудудлар ташкил этиш ишлари бошланди.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) қаршисидаги Тошкент ва Қибрай туманларидаги 83 гектарда дендрология боғи барпо этилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология қўмитаси билан биргаликда 2026 йил якунига қадар Чилонзор тумани Лутфий маҳалласи Боғистон кўчасида жойлашган Тошкент шаҳри онкология шифохонаси ўрнидаги 4,36 гектарда яшил жамоат парки ташкил этилишини таъминлайди.
Боғлар Экология қўмитаси ҳузуридаги Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси, ҳомийлик маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан барпо этилади.





